Бўлажак келин-куёвларни ўқитиш қанчалик самарали?

Келин ҳамма ишга улгуриши, ҳамманинг кўнглига қараши керак эмиш. Шунинг учун айримлар ўзига ёққан қизни ўғлига олиб беришни хоҳлайди. Аммо оилавий гармония нуқтаи назаридан катталар иродасига бўйсуниш, кўникиб яшаб кетиш деганда бахтли оила тушунилмайди.

“Оила” маркази томонидан Бўлажак келин-куёвлар инновацион мактаблари фаолиятини ёритиш мақсадида Навоий ва Бухоро вилоятларига медиа-тур ташкил этилди.

ОАВ вакиллари дарс жараёнларида иштирок этиб, ёшлар ва уларга сабоқ бераётган мутахассислар билан суҳбатда бўлишди. Инновацион мактаблар туманлардаги ФҲДЁ, Ёшлар маркази ҳамда Оила марказлари қошида ташкил этилган. Уч кун давомида оилавий ҳаёт психологияси, оила бюджети ва иқтисоди, диний ва аҳлоқий тарбия, репродуктив саломатлик, оилада ҳуқуқий муносабатлар, муомала маданияти каби фанлардан жами 18 соат сабоқ берилади. Дарсхоналарда буюк алломалар, таниқли олим ва профессорларнинг оилапарварлик, фарзандлик, эр-хотинлик бурчлари, фарзанд тарбияси, саломатликни асраш, диний-ҳуқуқий мавзулардаги китобларидан ихчам кутубхона ва фотокўргазма ташкил этилган.

Навоий ва Бухородаги вилоят “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказлари раҳбарлари ўз ҳудудида инновационги мактаблар фаолияти ҳақида тақдимот ўтказишди.

– Инновацион мактаблар фаолиятининг мониторинги оила мактабларида ўқиш кўпчилик учун қизиқарли эканини кўрсатмоқда. Битирувчиларимиз орасида ҳозирга қадар оилавий ажрашишлар кузатилмади, – деди «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи М. Ҳамроева. –  Ёш келин-куёвлар ўқиш жараёнида Марказ мутахассислари лойиҳаси асосида яратилган «Оила сабоқлари» мобиль иловасидан фойдаланишни ўрганишади. Шунингдек, йигит-қизларга сертификат билан бирга «Мустаҳкам оилага йўлланма» номли китобча ҳам тақдим этилади. Албатта, буларнинг барчаси ёшларни оилага тайёрлашда ва кейинги ҳаётида дуч келадиган масалаларни мустақил ҳал қилишда ёрдам беради.

– Оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш ҳаётий эҳтиёждир, – дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи А.Ҳусейнова. – Муқаддас қадрият ҳисобланган оилани асраш кенг кўламли тадбирларни ўз ичига олган ўта масъулиятли иш ҳисобланади. Бунда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги билан бирга соҳа кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Маълумот учун: «Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби» пилот лойиҳаси президент топшириғига биноан илк бор 2018 йилнинг август ойида сифатида Паркент тумани ФҲДЁ қошида йўлга қўйилган эди. Ўтган вақт мобайнида барча вилоятларда жами 137 та инновацион мактаб ишга тушди. Уларда 400 дан зиёд мутахассис-ўқитувчилар беминнат ёшларга таълим берди. Шу кунгача бу мактабларда 18 мингга яқин жуфтлик ёки 36 минг нафар бўлғуси келин-куёвлар ўқитилди.

Итоат муҳимми ёки муҳаббат?

Ўқитиш жараёнларини кузатар эканмиз, айрим ҳолларда чуқурроқ мулоҳаза қилувчи, оиланинг маиший мавзудан муҳимроқ вазифаларига эътибор қаратувчи мутахассисларга зарурат борлиги сезилади.

Шу ўринда ажралиш фақат билимсизликдан бўлмайди, деган бўлардим. Ўқитилган 35 мингдан ошиқ турмуш қурганлар (16 мингдан кўп оила) орасида умуман оилавий муаммо кузатилмагани келгусида статискани жиддийроқ ўрганиш, ҳар бир вилоят кесимида тадқиқ қилиш кераклигини кўрсатади.

Мавзуга оид:

Кейинги пайтда оммалашган қайнона-келин мавзусидаги саёз фильмлар, маиший мавзу қолипидан чиқиб кета олмаган кўрсатувлар одамлар онгини ҳам саёзлаштириб қўйди. Улар оқибатида оила деганда кўз олдимизга “ўчир овзингни” дейдиган эрлар, “хўп ойижон” дейдиган келинлар, хўмрайган кибор қайноналар, иложсиз қўл силтовчи қайноталар келадиган бўлиб қолган.

Фикримизча келинларга фақат итоатда бўлиш, ҳар қандай ҳолатда муроса қилишни ўргатиш оилани мустаҳкамлашда ечим бўлолмайди. Бундай қараш ҳуқуқий камситилишга, зўравонликка олиб келиши мумкин. Ахир аждодларимиз – буюк саркардалар ҳам рафиқаларига керак пайтда ўз фикрини айтишга изн беришган, улардан маслаҳат сўраб туришган. Гап шундаки, машғулотларда қизлар пассив, йигитлар анча фаол кўринди.

Қайноналар ҳам ўқимоқчи

Ташкилотчилар айтишича келин-куёвлар ўқитилаётганидан қайноналар хурсанд. Айримлари ўзлари ҳам инновацион мактабда ўқишни хоҳлашяпти. Лекин яхшиси уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш учун ҳунар ўрганиш, невара тарбиялаш, бадиий ҳаваскорлик ёки спорт соғомлаштириш тўгаракларига жалб қилиш тўғрироқ (чунки қайнона келинни ўз қизидек кўролса муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади). Агар кузатадиган бўлсак ишлайдиган, соғлом фикрли қайноналар келинни “эгиб” оламан деб кўп зиддиятга киришмайди. Қолаверса оилада кимдир кимга хизмат қилиши керак, деб қатъий талаб қўйиш бу нотўғри. Ёшлар катталарни ҳурмат қилиши, ёрдам бериши керак. Лекин эри ва боласини иккинчи ўринга қўйиб, келин қайнона хизматида бўлиши мантиққа тўғри келмайди. Фақат бизнинг замонамизга келиб, менталитетни нотўғри талқин қилиш натижасида айрим оилаларда келинлар қайнонага “қул” бўлиб қолди.

Баъзан “келиним оёғимни уқалайди, чўмилтириб қўяди” деган гапларни ҳам эшитиб қоламиз…

Келин ҳамма ишга улгуриши, ҳамманинг кўнглига қараши керак эмиш. Шунинг учун айримлар ўзига ёққан қизни ўғлига олиб беришни хоҳлайди. Аммо оилавий гармония нуқтаи назаридан катталар иродасига бўйсуниш, кўникиб яшаб кетиш деганда бахтли оила тушунилмайди.

Мутахассислар айтишича ихтиёрий равишда инновацион мактабда ўқишга ҳамма ҳам вақт ажратолмайди. Шунинг учун бу ўқишни турмуш қуришдан олдинги табиий кўрик каби мажбурий қилиш керак. уни пуллик қилиш зарур, деган таклифлар айтилмоқда. Ўйлаб қарайдиган бўлсак, дабдабали тўйга сарфланадиган маблағдан тежаб ёшларни шундай мактабларда ўқитиш учун ажратса фойдаси кўпроқ бўлади, албатта. Лекин жамиятда барча қатламлар бир хил таъминланган эмас, шундоқ ҳам мажбурий тўловлардан азият чекаётганлар бор.

Яна бир гап

Йўлга қўйилган 137 та мактабда юзлаб мутахассислар деярли бир йил давомида кўнгилли асосда бепул таълим бериб келаётганини фидойилик деса бўлади. Бунга ишониш қийин. Хўш, улар қачонгача бепул ишлайди? Бундай шароитда иш самарали бўладими? Умуман инновацион мактабларда ўқишга талабгорлар кўпайётган бўлса, кучли тренерларни жалб қилишда маош масаласини қандай ҳал қилиш мумкин? Буни ҳал қилишда жамоатчилик фикрини ўрганиш керак бўлади.

Оилалар психологга мухтожми?

Машғулотлар жараёнини кузатсангиз, янги ҳаёт қураётган ёшларда ҳақиқатдан бундай мактабда ўқишга эҳтиёж борлиги кўринади. Уларнинг айниқса психолог, репродуктолог, дин ва аҳлоқ-одобдан дарс берувчи домлаларга, ҳуқуқшунос ва иқтисодчиларга кўплаб саволлари бор. Чиндан ҳам ҳозирда жамиятда содир бўлаётган турли низо ва ҳуқуқбузарликлардан оилалар психологга муҳтож эканлиги кундай равшан бўлиб қолмоқда. Чет давлатларда ҳар бир оиланинг хусусий психологи бор. Бизда ҳам одамларга ўзини англашда ёрдам берувчи профессионал психологларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Жуфтликларнинг таъкидлашича, мана шу уч кун уларга бир-бирининг руҳияти, қизиқишлари, тарбияси, иқтисодий-ҳуқуқий қарашлари ҳақида оз бўлса-да билиб олишга имкон яратди. Ахир бизда аввал бир-бирини ҳатто танимаган, бор йўғи бир неча кун олдин совчи орқали танишган жуфтликлар ҳам учраб туради-ку…

Иштирокчилар орасида 7-8 йил бир-бири билан севишиб, синашиб,  кейин турмуш қурган келин-куёвлар ҳам бор. Шундай бир жуфтлик ўз фикр-мулоҳазаларини бан қилди. Йигит бир неча йил қўшни давлатда ишлар экан. Қиз билан коллежда ўқиш даврида танишиб, севишиб қолишган. Орада ўтган вақт бир-бирининг характерини ўрганишга, ҳиссиётлари самимийлигига ишонч ҳосил қилишга имкон берган.

Ўқиш ихтиёрийми, мажбурийми?

Баъзи келин-куёвлар суҳбатидан, маълум бўлдики, дастлаб ўқишга қелишга унча рўйхушлик беришмаган. ФҲДЁга ариза берганда бу масала ихтиёрий-мажбурий дейилганидан сўнг рози бўлишган. Аммо ўқиш жараёнида оила мактаби улар учун жуда муҳим эканлигини англашган. Битирувчиларнинг деярли барчаси оила мактаби борасида ижобий фикрда. Улар бу ердаги мутахассислардан ҳатто ота-онаси ҳам айтиб беролмайдиган “нозик” саволларига жавоб олганини айтишди.

Дарҳақиқат, асосий мақсад оилани сақлашдан олдин уни мустаҳкам қилиб яратишга қаратилиши керак. Афсуски, айрим ҳолларда катталар ўз орзу-ҳавасига эришиш йўлида икки ёш тақдирини тикиб юборишади, кейин оилани сақлаш ҳақида бош қотиришади. Шу ўринда яратиш, шакллантириш деган сўзни мен катта ҳарфда ёзишни хоҳлардим. Оила қуришдан мақсад бахтли бўлиш, насл қолдириш аслида. Аммо баъзи ота-оналар тезроқ тўй қилиш, невара кўришни ўйлайди. Кераксиз дабдаба, карнай-сурнай, ортиқча сарпо-суруқ, исрофгарчилик билан обрў қозониш, баъзилар мансабидан фойдаланиб тўёна йиғиш мақсадида тўй қилишади.

Тўйдан кейин эса икки ёш муаммолар гирдобида ёлғиз қолади. Барчага бирдек мулойим бўлиш, кўнгилдагидай хизмат қилишни эплай олмаган, бунинг устига ҳомиладор ҳолда ўқиш, иш, рўзғор юмушларидан эзилган келин ўзини қийнаётган саволларни кимга беришни, ким билан маслаҳатлашишни билмай қолади. Ким унга яхши гапирса шунга бор дардини тўкиб солгиси келади. Биз эса буни “гап ташиш” деб қабул қиламиз.

Турмуш қурган ёшлар ўз сертификатини рамкага солиб, уйнинг тўрига илиб қўйишибди. Улар дарс берган устозларидан миннатдор, айримлари билан ҳамон телефон орқали боғланиб, билмаганини сўраб туришади, турмуш қураётганларга оила мактабида ўқишнинг фойдаси ҳақида гапиришади.

Оила муносабатларини тадқиқ қилиш йиллар, ўн йилларни ўзи ичига олади. Бу оилалар тенг қариб, умрининг охиригача бахтли бўлишлари тилакдошимиз. Социологларга эса оила тотувлигини сақлаш, шу жумладан интеллектуал оилани шакллантири, миллат генофондини яхшилашда муваффақият тилаб қоламиз. 

Мавзуга оид:

Ҳозир оилалар бузилишига кўпинча учинчи шахслар сабаб бўлаётгани айтилмоқда. Булар яқин қариндошлар, ҳиёнатга тортувчи шахслар ва ҳоказо… Деярли барча вазиятларда келин сиқувга олинади. Куёв эса икки ўт орасида қолади.

Низоларни мажбурий келишув билан ҳал қилишга уринувчи ташкилотлар ҳам учинчи шахс каби. Айрим пайтда улар ўз мавқеини, ҳудудда ажралишлар статистикасини ўйлашади. Мажбурлаб яраштирилган оилада зиддият зўрайса зўраядики камаймайди. Бахти нотўкис оилада руҳий ноқис фарзандларни кўпайтиргандан кўра оилавий муносабатларни икки инсон ўзаро ҳал қилишига имкон бериш керакдир балки…

Манзура БЕКЖОНОВА, Навоий-Бухоро-Тошкент

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: