Қандли диабетни қадимда қандай даволашган?

Қандли диебет ошқозон ости безидан ишлаб чиқарилувчи инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилиги натижасида қондаги глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши (гипергликемия) билан кечувчи сурункали эндокринологик хасталикдир.

Бунинг оқибатида организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши ва қайтмас органик патологиялар келиб чиқади.

Қадимда қандли диабет касаллиги танада суюқлик ушлаб қолиш хусусиятининг йўқолиши билан кечадиган патологик ҳолат сифатида кўрилган. Бунга сабаб пешоб орқали кўп суюқлик йўқотиш (полиурия) ва қондириб бўлмайдиган ташналик (полидипсия)дир.

Маълумки, диабет жуда қадимги касаллик. Эрамизнинг 30-йилларида император Тиберия даврида яшаб ижод қилган Авел Корнелий Цельс ёзиб қолдирган тиббий рисолада пешобнинг кўп ишлаб чиқарилиши билан кечадиган касаллик ҳақида ёзилган. Бунинг сабабини у меъда-ичак тизимида овқатнинг нотўғри ҳазм бўлишида деб билади. Тан олиш керак, бу ҳақиқатга яқин.

Тиббиёт тарихи илдизлари қадимги тамаддунларга бориб тақалади. Қандли диабет касаллиги тарихини ўрганишни қадимги Миср давридан бошлаш керак бўлади. Сабаби Мисрда яратилган эрамиздан аввалги 1500 йилда ёзилган тиббий — «Эберс папируси»да биринчи бор диабет тилга олинади. У XIX асрда Фиван қабристонлари (ўликлар шаҳри)да топилган бўлиб, анъанага биноан таржима қилиб, таърифлаб берган олим номига аталган. Демак, мисрлик табиблар уч ярим минг йил аввал диабет белгиларини бошқа касалликлардан ажрата олишган.

Қдимги Мисрда ўликларга сиғиниш учун мурдаларни чиримайдиган қилиб мўмиёлаш талаб қилинган, бу эса олимларга одамларнинг ички аъзоларини ўрганиш ва тушуниш учун яхши ёрдам берган. Кандли диабет билан беморлар Антик даврда ҳам, Ўрта асрларда ҳам касалланишган. Лекин энг аҳамиятлиси, ўша давр табиблари касаллик ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлганлар. Минг йилликлар давомида шифокорлар ушбу касаллик белгиларини билишган ва бемор ҳаётини узайтира олишган.

Ширин пешоб касаллиги

Диабетнинг биринчи клиник тавсифини Рим олими Аретеус берган. У яшаб ўтган даврда ҳам табиблар диабетни мадорнинг қуриши, иштаҳанинг пасайиб кетиши, оғиз қуриб, қондириб бўлмас чанқоқлик, тез ва кўп миқдорда пешоб ажралиши, унинг ширинроқ таъмга эга бўлиши ва беморнинг кучли озиб кетиши каби белгиларидан ажратиб олишган.

Аретеус биринчи бор тиббиётга «диабет» терминини олиб кирди. Биринчи тур қандли диабет билан оғирган беморлар тезда озиб, кўп суюқлик ичиб, кетма-кет пешоб ажратадилар. Бу худди суюқлик тана орқали шиддатли оқим билан оқиб кетаётгандек бўлади. Шу сабабли Аретеус касалликка «diabainо»- грекчадан «ичидан ўтаман» деб ном берган.

Қандли диабетнинг келиб чиқишига инсулин етишмовчилиги сабаб бўлишини кейинчалик бир неча олимлар ўз кашфиётларида очиб беришди. Жумладан: 1889 йили Жозеф фон Меринг ва Оскар Минковский меъда ости бези олиб ташланган итларда қандли диабет касаллиги белгилари пайдо бўлишини аниқладилар. 1910 йилда Эдвард Альберт Шарпей Шефер меъда ости безида жойлашган Лангерганс оролчалари ажратиб чиқарадиган кимёвий модда етишмовчилиги диабетни келтириб чиқаради деган тахминга борди. Бу моддани у инсулин, лотинча «insula» — орол деб номлади.

Инсулин қачон кашф этилган?

Меъда ости безининг эндокрин фаолияти ва инсулиннинг диабет ривожланишидаги ролини 1921 йилда Фредерик Бантинг ва Чарльз Герберт исботлади. Улар меъда ости бези олиб ташланиши натижасида диабет хасталиги ривожланган итларга соғлом итлар меъда ости бези — Лангерганс оролчалари экстрактини юбориш орқали касаллик белгиларини йўқотиш мумкинлигини кўрсатдилар. Бантинг ва Бест қорамол меъда ости безидан ажратиб олиб, тозаланган инсулинни биринчи бор 1922 йил беморларда синашди. Бу кашфиётлари учун олимлар 1923 йилда тиббиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлишди. Шундан сўнг қандли диабетни инсулин билан даволаш жадал ривожланиб борди.

Инсулинни кашф қилган олимлар Бест Чарльз Герберт ва Фредерик Бантинг

Қондаги инсулин миқдорини аниқлаш усуллари ишлаб чиқилгандан сўнг шу нарса маълум бўлдики, қандли диабет билан оғриган бир қатор беморларда қондаги инсулин миқдори камайиши эмас, балки ошиши кузатилган. 1936 йилда жаноб Гарольд Персиваль Химсворт томонидан чоп этилган мақолада биринчи бор 1- ва 2- тур диабет алоҳида касаллик деб эътироф этилди. Бу диабет тўғрисидаги фаразларни яна ўзгартириб, бутунлай инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 1-тур ва нисбатан инсулин етишмовчилиги билан кечадиган 2-тур диабет касаллиги борлигини кўрсатди. Баъзи одамларда — асосан ёшларда, бу белгилар тез, ҳатто бехосдан пайдо бўлиб, касаллик кучли намоён бўлган. Улар гўёки тузалмас дардга маҳкум этилган бўлган. Ҳозирги замон тушунчаларига кўра бу беморлар биринчи тур (1-тур) қандли диабет билан оғриган бўлиб, улар сурункали ҳолатнинг оғирлашишидан эмас, балки диабетик комага тушиб, нобуд бўлганлар.

Бошқа турдаги (2-тур) беморлар балоғат ёши, ҳатто, кексайган даврига яқин оғриганлар. Ўтмишдаги табиблар уларни оч қолдириш, жисмоний тарбия ва шифобахш ўсимликлардан тайёрланган доривор воситалар билан даволаганлар.

Гликометр ёрдамида қондаги глюкоза миқдорини текшириш

Инсон яралибдики касалланган, даволанган

Инсон пайдо бўлибдики касалланган, даво излаган ва даволанган. Замонавий тиббиётда даво воситаларини танлашда касалликнинг оғир-енгил кечиши, асоратлари бор-йўқлиги ҳисобга олинади. Чунончи, беморда ирсият сабабли ёшлик пайтида инсулин етишмаганида унинг ўрнини босиш мақсадида инсулин юборилади. Кексаларда ва кўпроқ тўла кишиларда инсулин нисбатан етишмаганда шифокор тавсиясига кўра парҳезга амал қилиш зарур. Шунингдек қондаги қанд миқдорини камайтирувчи воситалардан фойдаланилади.

Беморларга маслаҳатлар

  • Касаллик енгил кечганда кўпинча парҳез буюрилади.
  • Углеводлар кам истеъмол қилинади, улар ўрнига гўшт, картошка, қора нон ва бошқа маҳсулотларни истеъмол қилса бўлади.
  • Ёғли овқатлар миқдори камайтирилади.
  • Касаллик зўрайиб кетганда сариёғ ва бошқа ёғ маҳсулотлари тавсия этилмайди.
  • Овқат калориясининг деярли 20 фоизи оқсиллардан иборат бўлиши керак. Хаста киши истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари витаминлар, айниқса, С ва В гуруҳ витаминларига бой бўлиши лозим.
  • Бемор овқатни бўлиб-бўлиб ейиши керак.
  • Инсулин билан даволанишга ўтган беморлар учун таъсири 6-8 соатдан 30-36 соатгача узайтирилган инсулинлар ишлаб чиқарилади.
  • Шифокорнинг қатъий назоратига амал қилган беморлар кун тартиби ва парҳезга доир тавсияларга аниқ риоя қилиши керак.
  • Лаборатория текширувларга ўз вақтида бориб туриш зарур.

14-ноябрь – диабетга қарши кураш куни

2006 йилдан бошлаб 14 ноябрь БМТ томонидан «Халқаро диабетга қарши кураш куни» сифатида нишонланмоқда (Фредерик Грант Бантинг ушбу санада туғилган). Бу ойликни ўтказишдан мақсад — инсонларга қандли диабет ҳақида, унинг хавфли омиллари, эрта ташхис қўйиш ва асоратларининг олдини олиш ҳақида кўпроқ маълумот беришдир. Ойлик давомида аҳоли ўртасида қандли диабет касаллиги тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилади, жойларда тиббий кўриклар ўтказилади. Истироҳат боғлари ва аҳоли гавжум масканларда сайёр лабораториялар фаолияти йўлга қўйилиб, ортиқча вазн ва қондаги қанд миқдори аниқланади.

Содиқжон Юсупов, олий тоифали давлат суд-тиббий эксперти

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: