Адабиётга қаратилаётган эътиборга барчамиз муносиб бўлишимиз керак

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглаб, дилимда ёруғ тилакларга янада ишонч уйғонди. Бу тилаклар умумхалқ манфаати, маънавияти билан боғлиқлиги, режалар бугунимиз ва келажагимизнинг фаровонлигига қаратилганлиги  учун ҳам аҳамиятлидир.

Қатағоннинг машъум йилларида миллатимизнинг маърифатли бўлишида жон куйдирган, курашган маърифатпарвар зиёлиларимиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллигини нишонлаш ҳақида таклифлари халқимизни, айниқса биз – қалам аҳлини жуда мамнун этди. Зеро, бугунгидек тинч отаётган тонгимиз, осуда ботаётган шомимиз учун Қодирий, Беҳбудий ва Фитрат каби аждодларимизнинг фидойилиги, юрагига тўкилган кўз ёшларинг ҳаққи, хизмати улкан.

Дарвоқе, яқинда улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг набираси, таниқли журналист Хондамир Қодирий билан бўлган суҳбатда ўтган кунлар армони ҳақида сўзладилар. «Бобом Қодирийнинг ижоди ва мустамлака тузумнинг эл зиёлилари бошига солган кўргиликлари ҳақида отам Хабибулла Қодирийнинг «Отам ҳақида» номли асарида жуда кўп ҳақиқатлар тилга олинган. Отам доим «Бобонг билан фахрланинглар лекин мақтанманглар» дердилар. Шунинг учун ҳам камтарлик, ҳалоллик отамерос туйғу бизга.

Бугун муҳтарам Президентимиз томонидан буюк ёзувчимиз Қодирий сиймосига, унинг асарларига кўрсатилган эътиборидан дилимиз янаям фахрга-ифтихорга тўлди. Бир пайтлар чўчқахона қилинган ота уйимиз ўрнида бугун Абдулла Қодирий номидаги уй-музейи қад ростлади. Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан қилинган бундай улкан саъй-ҳаракатларга, умуман маъориф ва адабиётга қаратилаётган эътиборга барчамиз муносиб бўлишимиз керак» деган фикрларни айтдилар.

Дарҳақиқат, мурожатномада кўп фикрлар, ечимини кутаётган муаммолар ўртага ташланди. Чунончи, «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» дастурида кўтарилган ёш авлодни миллий ғоя асосида камол топтиришда биз ижодкорларнинг меҳнати ва масъулияти янада ошиши, шубҳасиз. Бундай катта мақсадларни, масалаларни ҳал қилишда барчамиз якдил, ўз касб-коримизда, виждонимиз олдида собит турмоғимиз керак, албатта.

Наргиза АСАДОВА

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.