Дунё ўзбек тилида куйламоқда ёхуд Севара Назархоннинг ватан ҳақидаги қўшиғи нега челленжга айланди? (Видео)

Бугунги кунда Covid-19 пандемияси даврида халқимизнинг бошига тушган оғир кунлар, жумладан Сардоба тўғони ўпирилиши, ҳудудларда содир бўлган сел ва тўфонлар билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар халқимизни ва бутун дунёдаги бизга хайрихоҳ дўстларимизни сергаклантирди.

Бундай серташвиш кунларда Ўзбекистон халқига ким молиявий кўмак, ким тиббий ва мурувват юклари билан, кимдир самимий сўзлари билан далда бўлишга ҳаракат қилди. Дунёнинг турли бурчакларидан ватандошларимиз ва қардош миллат вакиллари саховат карвонлари юборди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ижро этган “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғининг грузин, корейс, немис, белгиялик, португалиялик ва бошқа миллат вакиллари томонидан куйланиб ижтимоий тармоқларда челленж қилингани меҳр-мурувват акцияларининг энг ҳиссиётлиси бўлди.

Аввалига ушбу қўшиқни “Bravo metehi” гуруҳи куйлаб кўпчиликни хушнуд этди. Сўнг Ўзбекистон Корейс миллий маданиятлари марказлари ассоциацияси фаоллари ҳам бу челленжга қўшилиш истагини билдирди.

Шунингдек челленжга дунёнинг қатор мамалакатларида яшовчи ўзбекистонликлар ва дўстлик жамиятлари фаоллари ҳам қўшилди.
“Улуғимсан ватаним” куйи Белгияда, Нидерландияда ҳам ангради.

Бу қўшиқни куйлаган португалиялик ҳонанда София Педронинг овози ўзбекчада жуда гўзал эшитилди. Улар ушбу қўшиқ орқали “Биз йироқдамиз аммо қалбан биргамиз” дейишганини ҳис қилдик.
Муҳаммад Юсуф шеъри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон куйи ва ижросида янграган «Улуғимсан, Ватаним» таронаси бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ўзига хос руҳ ва ғурур бағишловчи челленж бўлиб ҳамон давом этмоқда. Турли халқларнинг таниқли санъаткорлари халқимизни қўллаб-қувватлаш, далда бериш мақсадида ушбу қўшиқни ўзбек тилида куйлаб, ижтимоий тармоқларга жойлашмоқда.

Чунки ушбу қўшиқ матнида “Сирдарёга сакраган” деган жумла бор… Бир неча йил олдин хит даражасига кўтарилган юксак ватанпарварлик мавзусидаги қўшиқ бугун яна бир марта тилдан-тилга, оғиздан оғизга кўчди. Юрт бошига тушган синовли кунларда бутун дунёдаги хайрихоҳ дўстларимиз ижросида янграб, халқимизнинг кўнглини ва кўксини тоғ каби юксалтирди.

Муҳаммад Юсуфнинг бирон бир шеъри йўқки, қўшиқ бўлмаган, куйга солинмаган бўлсин. Унинг ҳар бир мисраси ватанпарварлик туйғуси, инсоний ҳиссиётлар билан тўлиб тошган.

Севара Назархон пандемия даврида кўнгилли тарзда Меҳр-саховат марказида оператор бўлиб ишлади. У телефон орқали халқ дардини тинглаб, бисотида бор меҳрли сўзлари билан далда бўлди.

Ана шунақа, ижодкор ўзини ўзи тарғиб этиб, оммага кўз-кўз қилиши шарт эмас. Унинг дил қаъридан чиққан биргина сўз, ҳаётбахш куйи ёки қилган хайрли амали кифтига икки қанот бўлиб қўнади. Мана шу икки юртпарвар ижодкор юрагидан қуйилиб чиққан тарона бугун қанот ёйиб, дунё оша парвоз қилмоқда.

“Сен — шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўғлим деб,
Бош эгиб турган чинорим,
Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним!”

Биз Ватанни тумор каби асрасак, у ҳам бизни балою офатлардан ҳимоя қилади. Қорни очга нон, қалби очга меҳр беради. Ҳозирги кунда хориждан ватанга талпинган минглаб юртдошларимизни тўхтовсиз ташиб, иссиқ қучоғига олаётгани бунинг исботи.

Биз ишонамиз, бу кунлар ўтади, мураккаб пандемия даврида бошга тушган Сардоба офати, тўфону селлар билан боғлиқ синовларни халқимиз сабот билан енгади. Бу ўткинчи нохушликлар суронларда пишиб, машаққатларда тобланган матонатли халқнинг қаддини бука олмайди.

Манзура Бекжонова

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: