Бўғимларингиз эски мебелдек ғичирласа…

Биз бўғимларда шиш, оғриқ ёки ғичирлаш пайдо бўлганидан сўнг уларга эътибор қарата бошлаймиз. Аслида соғлом бўғимлар ҳақида олдинроқ, оғриқ безовта қилмасдан ва тоғайлар емирилмасидан, яъни ёшликда қайғуриш лозим. 

Бўғимларни соғлом асраш учун уларга зарар етказувчи омиллардан эҳтиёт бўлиш лозим. Хўш, уларнинг мустаҳкамлигига нималар салбий таъсир кўрсатади?

Кўп овқатланиш — вазн ортишининг асосий сабабчилардандир. Ортиқча киллограмлар  эса бўғимлар зўриқишига олиб келади. Бу эса артрозни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун, танаввул вақтида овқатларнинг калорияси ва ёғлилик даражасига кўпроқ аҳамият беринг.  Ҳамир овқатлар ва ширинликларнинг меъёрини унутманг!

Югуриш ва сакраш. «Жисмоний машқлар бўғимларни чиниқтирадику» дерсиз? Аммо бу борада машқларни тўғри танлаш жуда муҳим.  Бунинг учун ҳар куни гимнастика қилинг. Бу қон айланишини яхшилайди  ва ҳаракатчанлигингизни оширади. Лекин бўғимларни  ортиқча юк билан чарчатиб  қўйманг! Бу борада меъёр энг асосий қоида, ҳисобланади.

Нималар бўғимларни кучли қилади?

Сузиш. Сувда сузиш бўғимларни  ушлаб турувчи мушакларни мустаҳкамлайди. шунингдек, сузиш билан шуғулланганда тўқималаридаги қон айланиши яхшиланади. Сузаётганда бўғимни жароҳатлаб қўйиш ёки зўриқтириш хавфи камроқ.

Юриш, велосипедда сайр қилиш ҳам қон айланишини фаоллаштириб, бўғимларни яхши озиқлантиради, мушакларни чиниқтиради. Сакраш ва югириш эса  бу борада яхши танлов эмас.  Сабаби, машқ жараёнида оёқни ерга қаттиқ уриб олсангиз, тиззадаги, тос ва сон суяклари ва болдир, тавонни туташтирувчи қисмлардаги тоғай тўқималари жароҳатланишига  олиб келади.

Арзимасдек кўринган, доимий жароҳатдар эса артроз ривожланишига сабаб бўлади.  Оғир юкларни кўтариш ҳам  бўғимларга ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди. Чунки унда бўғимлар зўриқади ва жароҳат олиши ҳам мумкин.

Қандай маҳсулотлар бўғим мустаҳкамлигини таъминлайди?

Махсус парҳез фақатгина  подагра, деган бўғим касаллиги билан оғриган беморга буюрилади.  Ушбу парҳезда,  таркибида  мочевина (сийдик таркибида бўладиган кристал модда) ва пуринлар (сийдик кислотаси тошга айланишига сабаб бўлувчи бирикмалар) мавжуд бўлган маҳсулотлар истеъмоли чекланади.

Артрит ва артрозда эса ҳеч бир диетолог сизнинг таомномангизни қисқартирмайди, аксинча уларни бойитиши мумкин.  Чунки,  егулик ёрдамида бўғим кемирчакларини мустаҳкамлаш ва  бўғимлар зўриқишининг олдини олиш мумкин. Қандай маҳсулотлар “меню”га киритилиши керак?

Сут маҳсулотлари. Улар оқсил ва кальцийга бой бўлиб, оқсил бўғим кемирчакларининг янгиланишига, кальций эса суякларимиз  мустаҳкам бўлишига ёрдам беради.

  • Саримсоқ пиёз, пиёз, карам, дуккакли ўсимликлар ва балиқ олтингугурт манбаи бўлиб, организмнинг тез қариш эҳтимолини камайтиради, токсинларни ҳайдайди, шамоллаш жараёнларининг  олдини олади. Шунингдек, олтингугурт, бўғим  кемирчакларини таранглаштириб, янада чидамли бўлиши учун коллагеннинг ажралиб чиқишига ёрдам беради. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, сўнгги йилларда, артрозни даволовчи дори-дармонлар таркибига ҳам олтингугурт қўшишмоқда.
  • холодец (таркибида холестерин бўлгани учун меъёрида истеъмол қилган мақул). Улар желатин манбаи бўлиб, бу модда организмда коллагенга айланади ва юқорида айтганимиздек, бўғим кемирчакларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Кун тартиби ҳам муҳим

Ҳар куни бир вақтда уйқуга кетишингиз ва етарлича дам олишингиз лозим. Киши уйқудалигида мия организмнинг “ичи”га кўпроқ “аҳамият  беради”. Қаерида “бузилиш” хавфи мавжуд бўлса, ана шу ерни тузатишга буйрқ беради. Бошқаларга қараганда, уйқуга тўйиб турадиганларда кун давомида бўғимларда юзага келган микрожароҳатлар тезроқ тузалади, бўғим ичи тоғайларидаги тикланиш жараёни эса фаоллашади.

Шунинг учун кўпроқ ухланг. Иш вақтида (у хоҳ ақлий, хоҳ жисмоний меҳнат бўлсин)  танаффус қилинг. Агар компютер олдида кўпроқ ўтирсангиз, ҳар бир соатда 5 дақиқага бўлса ҳам ўрнингиздан туриб, коридор бўйлаб айланиб чиқинг, бир нечта чигилёзди, енгил машқлар бажаринг. Агар ишингиз ҳаракат билан боғлиқ бўлса, аксинча ўтириб дам олинг, танани чўзадиган машқларини бажарганингиз маъқул. Улар зўриққан бўғимларни бўшаштиради.

Бўғим оғриқлари билан шикоят қилган беморларга шифокорлар хондропротекторлар, яъни кемирчак тўқималаридаги моддалар алмашинувини меъёрлаштирувчи ва уни зарарлаётган ферментларни йўқ қилувчи дори-дармонлар буюради.

Ушбу муолажалар узоқ,  3-6 ой давом этиб, вақти-вақти билан қайта даволаниш талаб этилади. Шундай экан, танангиздаги оғриқларга, кўз остидан қараманг. Кемирчаклар бироз бўлса ҳам емирилса, у қайта ўсиб чиқмайди. Буни ёдда тутишингиз лозим.

Эксперт: ортопед Саидазимхон Саидаҳмадхонов

Гулшан тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: