Оёқдаги қадоқлар кўнгилни доғлар

Ҳаётида пойабзал сиқиши натижасида оғриқли қадоқ пайдо бўлишидан азият чекмаган инсон бўлмаса керак. Аслида нега оёқда қадоқ пайдо бўлади? У хавфли эмасми? Қадоқларни қандай даволаш мумкин?

Қадоқларнинг олдини олиш чораси борми? Кўпчиликни қизиқтирган ана шу каби саволларга мутахассис ёрдамида жавоб топамиз.

Қадоқларни тез ва самарали даволаш учун уларнинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш лозим. Умуман олганда, қадоқ организмнинг ташқи омиллар таъсирига (масалан, ишқаланиш) қарши ҳимоя реакциясидир.

Сабаблари

  • Нафис терига қаттиқ ботадиган, доим ишқаланиб турадиган қўпол материалдан тайёрланган оёқ кийими;
  • оёқ кийимида яхши ишлов берилмаган ички чокларнинг бўлиши;
  • нотўғри қолипдан ишланган тор оёқ кийими ва панжани ўта қисиб турувчи туфлилар;
  • оёқ кийимининг ва спорт пойабзалининг остки қавати жуда юпқа бўлиши (бунда панжанинг қия кўтарилган соҳаси жабр кўради);
  • семизлик ва ортиқча вазн ҳам оёқдаги қадоқларнинг ҳосил бўлиши ва катталашишида асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Бу муҳим! 

Кичик, якка ҳолда ўсиб чиққан қадоқларни кузатиб бориш зарур. Уларнинг остида кўп ҳолларда сўгал “яширинган” бўлиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатларда фақат халқ табобати амаллари билан чекланиш яхши самара бермайди. Сўгалдан халос бўлиш учун дерматолог шифокор ёрдамида даволаниш керак.

Қандай турлари мавжуд?

Оёқдаги қадоқларнинг турли хиллари учрайди.

  • ҳўл қадоқ (сувли);
  • қонталаш қадоқ;
  • қуруқ қадоқ;
  • қуруқ, бурама шаклли қадоқ.

Илдизга эга бўлган қуруқ қадоқлар оёқда кам учрайди ва қийинчилик билан даволанади.

Терида сувли қадоқ пайдо бўлишининг бирламчи сабаби шиш ва қаваришдир. Агар соҳадаги ишқаланиш давом этса, терида суюқлик тўла пуфакча пайдо бўлади. Оёқдаги ҳўл қадоқларнинг вужудга келишига лимфа суюқлигининг ташқи эпидермис қавати остига тўпланиши сабаб бўлади.

Қонталаш кўринишдаги қадоқларнинг пайдо бўлиш механизми бироз бошқача. Бунда кичикроқ қон томири устида ишқаланиш жараёни содир бўлганда томирга ҳам шикаст етади. Оқибатда шишнинг юзаси ўзига хос қизимтир қонталаш кўринишга киради.

Қадоққа инфекция тушса…

Қаварган шишга инфекция тушиши натижасида йиринглаш жараёни ривожланади ва бу ҳолатда мутахассис жарроҳдан ёрдам сўрашга тўғри келади. Сувли қадоқни даволаш бўйича аниқ ва самарали чоралар кўрилмаса, ҳўл қадоқнинг ўрнида бора-бора қуруқ қадоқ ҳосил бўлади. Бунда эпидермиснинг нафис қавати бутунлигига зарар етади ва қавариқ ичидаги суюқлик бот-бот ташқарига чиқиб туради. Тери эса қуриб, жароҳат устига ёпишиб қолади. Кейинчалик эса бу соҳада устида янги қадоқланган қаватлар ҳосил бўлади.

Илдизли қадоқ

Вақт ўтиши билан даволанмаган қадоқ тагида илдиз ривожланади ва у терининг ички қаватларига қадар чуқур жойлашиб олади. Бунда оғриқ оёқда жойлашган нерв учларини қадоқнинг ўзаги сиқиб қўйиши оқибатида келиб чиқади. Уни мустақил олиб ташлашга уриниш чуқур жароҳатлар авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Бунда, албатта, мутахассис аралашуви талаб этилади.

Қадоқларни даволаш

Муаммоли тери юзасини тозалаш учун таркибида бензой ёки салицил кислота бўлган мазлар ва кремлар, шунингдек ёпишқоқ пластир ҳам сотиб олиш зарур. Бу воситаларни сургандан кейин оёқларни тузли ваннага (тоғорадаги тузли сувга) солиб, буғлаш ва қуруқ қилиб артиш тавсия этилади.

Ўз-ўзидан тузалиб кетадими?

Агар консерватив усуллар керакли самарани бермаса, вақтни ўтказмасдан оилавий поликлиникадаги ҳудудий шифокор қабулига бориш зарур. У сизга керакли маслаҳатларни беради. Чунки оёқдаги қуруқ, ўзакли қадоқлар ўз-ўзидан тузалиб кетмайди, улардан халос бўлишнинг бошқа йўли йўқ.

Ҳўл ва қонталаш қадоқларни уларнинг ичидаги суюқлик ўз-ўзидан сўрилиб кетгунича бактерицид пластирь ёрдамида инфекциядан сақлаш мақсадга мувофиқ. Бу пуфакчаларни ёриш мумкин эмас. Мабодо қавариқ ўз-ўзидан ёрилиб кетса, қадоқни яхшилаб антисептик (масалан, 2 фоизли водород пероксид ёки фурацилин эритмаси, 70 фоизли тиббиёт спирти) билан тозалаш лозим. Кейин жароҳатга бактерияларга қирон келтириш хусусиятига эга бўлган гель суртилади ва стерилланган бинт билан боғлаб қўйилади.

 Косметология имкониятлари

Замонавий тиббиётда одамга ноқулайлик туғдирувчи қадоқларни тез, оғриқсиз ва ҳеч қандай асоратларсиз бартараф қилишга ёрдам берувчи кўплаб воситалар мавжуд. Масалан, юқори самарадорликка эга эпидермис қаватини суюлтирилган азот ёрдамида музлатиш, лазер терапияси, юқори частотали электр токи ёрдамида куйдириш усуллари мавжуд.

Олдини олиш усуллари

Албатта, қадоқни даволашдан олдини олиш осонроқ. Олдини олиш усуллари қуйидагича:

  • Ишлаганда қўлларда қадоқ пайдо бўлишининг олдини олиш учун махсус қўлқоп кийиб олиш зарур.
  • Оёқда қадоқ пайдо бўлмаслиги учун пойабзал олишда эътиборли бўлинг. Оёқ кийимини кечки пайт сотиб олиш маъқул, чунки оёқ кун давомида бироз шишган пайти сал кенгроғини оласиз ва у оёқни кўп сиқмайди.
  • Уйга келганда, албатта, оёғингизни илиқ сувда ювиб, пахтали пайпоқ кийинг.
  • Ҳафтада 2-3 марта мойчечакли қайнатмада оёғингизни ванна қилинг. Бу қадоқларни кетказишга, оёқда инфекциялардан халос бўлишга ёрдам беради.

Эксперт: Ёрқиной ТОШПЎЛАТОВА, терапевт

Манзура БЕКЖОНОВА тайёрлади

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: