ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА САЙЁҲЛИК ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА

Бугунги кунда вилоятда жами 1 минг 55 сайёҳлик объекти мавжуд бўлиб, шундан 721 таси тарихий маданий мерос объекти, монументал ёдгорликлар, 67 меҳмонхона, 20 дан ортиқ санаторий, сиҳатгоҳ ва дам олиш масканлари ҳамда 247 бошқа йўналишдаги туристик манзил ва иншоотлардир.

Тошкент вилояти Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришда бениҳоя катта салоҳиятга эга. Бугунги кунда вилоятда жами 1 минг 55 сайёҳлик объекти мавжуд бўлиб, шундан 721 таси тарихий маданий мерос объекти, монументал ёдгорликлар, 67 меҳмонхона, 20 дан ортиқ санаторий, сиҳатгоҳ ва дам олиш масканлари ҳамда 247 бошқа йўналишдаги туристик манзил ва иншоотлардир.

Айни пайтда чет эллик туристлар ва мамлакатимиз сайёҳларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга кўрсатилаётган сервис хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятида 2018-2020 йилларда туризм объектларини барпо этиш, мавжудларини кенгайтириш бўйича олиб умумий қиймати 2,4 трлн.сўмлик (шундан тадбиркорларнинг ўз маблағи 1,3 трлн.сўм, банк кредити 647,9 млрд.сўм, 48,6 млн.доллар хорижий инвестиция) жами 533 та лойиҳалар амалга оширилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳаларнинг 444 таси жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, санаторий, дам олиш масканлари, хостел, кемпинг, меҳмон уйлари ва бошқалар), 17 таси спорт-соғломлаштириш масканлари, 5 таси от спорти комплекслари, 1 та голф клуб ва 66 таси бошқа туризм объектлари ҳисобига тўғри келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 декабрдаги ПФ-5273-сон Фармонига асосан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 96,0 минг гектар майдонда “Чорвоқ” эркин туристик зонаси ташкил этилгани вилоятнинг туризм салоҳияти юқори эканлигини яна бир бор намоён этди.

“ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК томонидан бош режани ишлаб чиқишда асосий эътибор эркин туристик зонада фаолият юритаётган объектларга уйғун ҳолда бошқа сайёҳлик объектларини жойлаштиришга қаратилган. Жойлаштирилаётган объектларнинг архитектуравий қиёфаси замонавий, эко муҳитга мос, туристлар учун қулай ҳамда халқаро стандартлар даражасида бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳукуматимиз томонидан халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий туризм ҳудудларини яратиш борасида олиб борилаётган самарали сиёсат натижасида Франциянинг «Orex-Loisirs», «SCP Geode» ва «Compagniedes Alpes» компаниялари “Чорвоқ” эркин туристик зонасининг Белдирсой, Чимён-Чорвоқ ҳудудининг жанубий ва шарқий қирғоқларида замонавий объектлар қуриш учун инвестиция ажратиш истагини билдиришгани эътиборга моликдир.

“Чорвоқ” эркин туристик зонаси ҳудудида бугунги кунда 229 та туристик объект мавжуд бўлиб, шундан 3 327 ўринли 19 та меҳмонхона, 6 та сиҳатгоҳ, 4 та дам олиш маскани ва бошқа туристик объектлар фаолият юритмоқда. Эркин туристик зона ҳудудига ўтган 2018 йилда  ўртача 2 млн. нафарга яқин маҳаллий ва хорижий туристлар ташриф буюради.

Таҳлилларга кўра, мавжуд объектлар сони туристлар оқимига мувофиқ келмаслиги ва ҳудуднинг юқори салоҳиятга эгалигини ҳисобга олган ҳолда яна кўплаб туризм объектларини қуришга эҳтиёж катта.

Ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, транспорт қулайликларини таъминлаш мақсадида ҳудудда поезд, электропоезд ва автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади. Келгусида Тошкент – Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси йўналиши бўйича йўловчи ташиш тизимини кенгайтириш, уларнинг тўхтовсиз ҳаракатини таъминлаш режалаштирилган.

Ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, транспорт воситалари арзонлигини таъминлаш мақсадида ҳудудда поезд, электропоезд ва автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади. Келгусида Тошкент – Чимён-Чорвоқ курорт-рекреация зонаси йўналиши бўйича йўловчи ташиш тизимини кенгайтириш, уларнинг тўхтовсиз ҳаракатини таъминлаш кўзда тутиляпти.

“Чорвоқ” эркин туристик зонасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун имтиёз, преференциялар ва қулай шароитларнинг яратилганлиги натижасида сентябр ойининг ўзида янги туристик объектларни барпо этиш бўйича 37 та салоҳиятли инвесторлар томонидан меҳмонхоналар ташкил қилиш бўйича лойиҳа таклифлари билдирилди. Айни пайтда 14 та туризм объектида қурилиш ишлари жадал олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур объектлар ичида Ўрта осиё бўйича ягона бўлган, қарийиб 1 000 гектарга яқин жойни эгаллаган “Амирсой” тоғ-курорти келгусида ушбу зонага туристлар оқимини янада ошириш ва Ўзбекистоннинг туризм брендини дунёга намойиш этишга катта ҳисса қўшади.

–Вилоятда ўтган 2018 йилнинг 9 ойи давомида 75 та туристик обеъкт ишга туширилди. Бунинг натижасида 1081 дан ортиқ иш ўрни яратилди, – дейди Тошкент вилояти ҳокимлиги, туризмни ривожлантириш масалалари бўйича котибият мудири Бахтиёр Рухитдинов. – Шу билан бирга туризм хизматлари сифатини яхшилаш ва саёҳатчилар учун қулай шароит яратиш, хизмат турларини кўпайтириш мақсадида туристик фирмаларни ташкил қилиш борасида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. 2017 йилда Тошкент вилоятида 7 та туристик фирма фаолият юритган бўлса, 2018 йилнинг тўққиз ойи давомида бу фирмалар сони 30 тага етди. Ўтган йилда туристик экспортларнинг ҳажми деярли 60 млн. долларга етишига эришилди.

Бугун қай бир соҳани олманг, унинг фаолиятини амалга оширишда ахборот хизмати муҳим ўрин тутади. Шу боис, айни пайтда  вилоятда савдо, умумий овқатланиш, маиший, тиббий хизмат кўрсатиш мажмуаси таркибида сайёҳларга такси чақириш, авиа ва темир йўл чипталарига олдиндан буюртма беришга кўмаклашиш ҳамда туристик иншоотлар ҳақида маълумот беришга йўналтирилган 4 та туризм ахборот маркази ташкил этилди. Улар шу йилнинг сентябр ойида Бўстонлиқ, Паркент, Ангрен-Оҳангарон туристик кластерлари ва Нурафшон шаҳрида фаолият бошлади.

                   Ёш тадбиркорлар соҳада фаол

Айни вақтда Тошкент вилоятида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар сони бир миллионга яқинни ташкил этади. Бу жуда катта контингент. Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини қўллаб қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасидаги ишлар эътиборга молик. Масалан, юқорида таъкидланганидек, жорий йилда вилоятда 30 туристик фирма ташкил қилинган бўлса, уларнинг 23 таси  ёш тадбиркорлар томонидан тузилди. Ёшларни ички туризмга кўпроқ жалб қилиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, юртимизнинг диққатга сазовор жойлари билан таништириш мақсадида турли ўйин, мусобоқа, фестивал ва концертларда уларнинг иштироки ташкил этиляпти.

Тошкент вилоятидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 1 миллион 900 минг турист  саёҳатга чиққан бўлса, бу кўрсаткичнинг 70 фоизини ёшлар ташкил қилади. Вилоятдаги таълим мусасаларида таҳсил олаётган ёшларнинг бошқа вилоятлар олий ўқув юртларига саёҳатларининг уюштирилиши тажриба алмашиш, ўзи эгаллаётган мутахассислик бўйича янги билимларни эгаллаш имконини бермоқда. Бошқа давлатларнинг илм-фан борасидаги  ютуқларини ўрганиш,  ҳали тадбиқ этилмаган хорижий тажрибани Ўзбекистонга жорий қилиш соҳада янги бир саҳифани очишга  сабаб бўлиши шубҳасиз. Бу борада  вилоят ҳокимлиги Татаристон ёшлар ва спорт вазирлиги ҳамда туризмни ривожантириш қўмитаси билан  келишган ҳолда қатор вазифаларни белгилаб олишган. Унга кўра Тошкент вилоятидан ўқиш Татаристон олий ўқув юртларида ўқиш истагини  билдирган ёшлар учун квоталар ажратилди. Шунингдек,   2019 йилда таълим муассасаси ходимларини ўқишларини ташкил қилиш бўйича келишувлар имзоланган.

Иш бор жойда муаммо ҳам бўлади

Вилоятда доимий равишда сайёҳлар билан суҳбатлар олиб борилиб, ижтимоий сўровлар ўтказилади. Бунинг натижасида муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

– Туристларни қулай меҳмонхоналар билан таъминлаш асосий муаммо бўлиб қолмоқда,  – дейди Бахтиёр Руҳитдинов.  –   2017 йилда  67 та меҳмонхона  фаолият юритган бўлса, унинг қуввати атиги тўрт мингга яқин бўлган. Бу жуда ҳам паст кўрсатгич. Меҳмонхоналарнинг нархи қиммат, сифати эса паст. Ҳозирда қисман сифатини яхшилашга эришилди. Аммо, бу ерда рақобатни ривожлантирмасак, тадбиркорлик муҳитини ўзгартирмасак сифатга ҳам, нархнинг барқарорлигига ҳам эриша олмаймиз.

Айни пайтда вилоятнинг шаҳар ва туманларида 50 та юқори туристик салоҳиятга эга бўлган ҳудудлар аниқланиб, уларда кичик туристик зоналарни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.  Масалан, Паркент туманида Кумушкон, Сўқоқ, Заркент, Ангрен шаҳрининг Янгиобод, Лашкарак ҳудудлари, Пискент туманида Қирқиз зиёратгоҳи, Туябўғиз сув омбори, (Тошкент денгизи) каби масканларда  вилоятга келган сайёҳларга хизмат кўрсатадиган меҳмонхона, санаторий ва дам олиш масканларини яратиш режалаштирилган.  Қурилиши кўзда тутилаётган 200 та меҳмонхона 16 мингта меҳмонни ўз бағрига жойлайди.  Бу албатда, рақобат муҳитини ривожлантириб, нархнинг пасайишига, сифатнинг ошишига олиб келади. Шунингдек, айни пайтда Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон-Ангрен туристик кластерларида 162 “Меҳмон уйлари”ни ташкил қилиш бошлаб юборилган. Замонавий андозалар асосида яратиладиган “Меҳмон уйлари”да сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш мақсадида миллий урф-одатлар, тўй маросимлари, кўнгилочар тадбирлар ўтказиш, табиатнинг сўлим гўшалари, хушманзара тоғ ёнбағирларига саёҳатлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Тошкент воҳасида 800 га яқин маданий мерос объектлари бор. Бу жойлар кўп ҳолатларда қаровсиз қолган. Уларни реставрация қилиш, ободонлаштириш, улар яқинида хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини барпо қилиш муҳим вазифалардан саналади. Оҳангарон йўлида Шодималик ота зиёратгоҳи бор. Шу зиёрагоҳнинг яқинида  узоқ тарихга эга археологик комплекс аниқланди. Уни обод этиш ишлари бошлаб юборилган. Маданий мерос обеъктларини хатловдан ўтказиш, уларни ривожлантириш, самарали фойдаланиш, йўл хариталари ишлаб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишлар мавжуд муамоларни бартараф этишга қаратилган.

– Вилоятимизга ташриф буюраётган туристлар кўпроқ био ҳожатхоналарнинг етишмаслиги, сифати, санитария-гигиена талабларига жавоб бермаётганлиги борасида эътироз билдиришмоқда, –  деди ўз сўзида Бахтиёр Руҳитдинов. – Шу боис 597 та санитария гигиена шахобчаларининг ҳолати ўрганилиб, 300 га яқини таъмирланди, айримлари  қайта қурилди, янгиларини ўрнатдик. Саёҳатчилар учун жуда қулай, барча шароитлар муҳайё этилган бундай шаҳобчалар яна қаерларда барпо этилиши кераклигини ишчи гуруҳи ўрганяпти.

Тошкент вилоятида туризм, айниқса, сноубординг, параплан ва дельтапланда учиш, велоспорт, мотоспорт, экстремал спорт турлари, агро, экологик, тиббиёт туризмни ривожлантириш учун табиий шароит ва имкониятлар мавжуд. Олдинда эса  қилиниши лозим бўлган ишлар кўп. Албатда, бу хайрли тадбирлар мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини дунёга машҳур қилишдек эзгу мақсадни ўзида мужассам қилган.

Рисолат МАДИЕВА, журналист

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: