Туркиянинг спелеотуризм имкониятлари

Ғорлар аро саёҳат спорт туризмининг ўзига хос йўналиши бўлиб, “спелеотуризм” деб аталади. Бундай сайёҳлик марказларидан бири Туркиядир.

Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги томонидан мамлакатдаги 50 та ғорга сайёҳларнинг ташриф буюришлари учун руҳсат берилган бўлиб, бу ғорларнинг 31 таси оддий сайёҳлар учун, 12 таси йўлбошчиси бор гуруҳлар учун, 7 таси эса профессионаллар (экстремал туризм) учун очиқ ҳисобланади. Бу ғорларга сайёҳат қилиш эса саргузаштнинг ўзгинаси.

Қуйида Туркиянинг машҳур ғорлари ҳақида маълумот берамиз.

Туркияда тахминан 40 000 та ғор мавжуд бўлиб, асосан Ғарбий ва Марказий Торос тоғларида (Муғла, Анталия, Испарта, Бурдур, Коня, Караман, Ичел ва Адана) жойлашган. Бу ғаройиб табиат масканларининг 1100 таси олим ва мутахассислар томонидан тўлиқ ўрганиб чиқилган.

Туркиянинг энг узун ғори Пинарўзу ғори ҳисобланади. Унинг узунлиги – 16 километ бўлиб, Бейшеҳир кўлининг ғарбида жойлашган. Мамлакатдаги энг чуқур ғор эса Чукурпинар тоғ камарида жойлашган. Унинг узунлиги 1880 метргача чўзилган.

Аланиядаги Дамлаташ ғори

Ўрта ер денгизи соҳилидаги Алания шаҳрида жойлашган Дамлаташ ғори тасодифан кашф қилинган. Ишчилар бу гўзал ғорни Алания денгиз портини қуриш учун динамит ётқизиш пайтида тасодифан топишган.

Умумий майдони 200 м2 бўлган ғорнинг узунлиги 30 метрни ташкил қилади. Бугунги кунда ғор муҳим табиий шифо маскани сифатида ҳам танилган. Дамлаташ ғорининг ҳарорати йил давомида барқарор бўлиб, 22° С ни ташкил қилади.

Бурдурдаги Инсую ғори

Бурдурдаги Инсую ғорида кўплаб найзасимон, конуссимон ва устунсимон шаклда қотиб қолган ҳосилаларни кўриш, шунингдек, ғор ичидаги тўққизта табиий ҳовузда қайиқда сайр қилиш мумкин.

Ғордаги сув тўққизта ҳовуздан чиқадиган кичик оқимлар билан ғорнинг бошқа қисмларига ҳам оқиб ўтади. Сувлар ғордаги салқин ва тоза ҳавонинг доимийлигини таъминлайди.

Анталиядаги Караин ғори

Караин ғори Туркиядаги энг катта табиий ғорлардан бири бўлиб, денгиз сатҳидан 430-450 метр баландликда жойлашган. Ушбу ғорда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг турфа турлари учрайди, унда энг эски инсон суяклари қолдиқлари топилганлиги билан ҳам диққатга сазовордир.

Мазкур ғор Анталиядан 30 км шимоли-ғарбдаги эски Анталия-Бурдур автомагистралидан 5-6 км узоқликда Яғжа қишлоғи яқинида жойлашган.  Унинг Анталиядан узоқлиги – 27 километр. Ғорда 1946 йилдан бери арҳеологик қазиш ишлари олиб борилмоқда.

Қазишмалар натижасида 500 минг йиллар аввал бу ғордан аҳоли яшаш жойи сифатида фойдаланилган деган хулосага келинди. Бу мамлакатдаги қадимий одамлар яшаган энг катта ғор ҳисобланади.

Караин ғори Анадолу ва Яқин Шарқ тарихи нуқтаи назаридан муҳим палеолит маркази ҳамдир.

Бурсадаги Ойлат ғори

Бурсанинг Инегўл шаҳарчасида табиий шаклланиши уч минг йил аввал якунланган Ойлат ғори, 665 метр узунликда бўлиб, Туркиядаги иккинчи энг катта ғор ҳисобланади.

40 қаватли бинонинг баландлигига тенг бўлган бу табиат мўъжизасига узоқ ва унутилмас йўлни босиб ўтгачгина етиб боришингиз мумкин.

Трабзондаги Чал ғори

Трабзондаги Чал ғори дунёдаги иккинчи энг узун ғор сифатида ҳам маълум бўлиб, узунлиги 8 километр бўлган ғорнинг таҳминан 1 километригача кириб томоша қилиш мумкин.

Трабзон вилоятининг Дузкўй туманидан 5 км узоқликда, денгиздан 1050 метр баландликдаги Чал қишлоғида жойлашган Чал ғорининг тепасида тарихий қалъа бўлиб, ғорнинг ичидан кичик бир дарё оқиб ўтади.

Ғорнинг кириш қисми кенг бўлсада, ичининг кенглиги доимий равишда ўзгариб туради. Ғорнинг ички қисмида эса кичик кўл ва шаршара ҳам мавжуд. Ғордаги сув миқдори мавсумдан мавсумга ўзгариб туради.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: