Ёш болаларда қандли диабет кўпайиб бораётганининг сабаби нима?

Қандли диабет – организмда инсулин етишмовчилиги натижасида қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши билан кечадиган моддалар алмашинуви касаллигидир. ССВ расмий каналида ушбу хасталикнинг болаларда кечиши билан боғлиқ саволларга Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази болалар эндокринологияси бўлими мудири, олий тоифали шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза АЗИМОВА жавоблари эълон қилинди.

— Ёш болаларда қандли диабетнинг кўпайиб бораётгани сабаби нима? Илк белгилари болаларда қандай намоён бўлади?

— Ҳақиқаттан ҳам сўнгги йилларда бу касаллик ёшариб бормоқда. Оғир касалликнинг болаларда ҳам учраётгани, албатта, бизни ҳам ташвишлантиради. Болаларда қандли диабетнинг асосан 1-тури учайди. Хасталикнинг ушбу тури болалар ва ўсмирлар орасида энг кўп тарқалган эндокрин касаллик ҳисобланади. Бу дард билан касалланиш даражаси маълум бир ирқий гуруҳга оидлик, мамлакатнинг географик жойлашиши, иқлим шароитлари ва атроф-муҳит омилларига, хусусан, овқатланиш ҳолатига қараб сезиларли фарқ қилади. Охирги ўн йил ичида эпидемиологик тадқиқот натижаларига кўра, қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиш, айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар орасида ортиб бормоқда. 1-тур қандли диабет — аутоиммун касаллик бўлиб, атроф-муҳитдаги патогенетик омиллар (токсин, вирус) панкреатин бета-ҳужайраларни шикастлайди. Бета-ҳужайраларнинг 70-80 фоизи шикастлангандан кейин хасталикнинг клиник манзараси намоён бўлади.

Организмда инсулин етишмовчилиги кузатилгани учун беморларда кўп пешобга чикиш, суюқликни кўп миқдорда ичиш, ҳолсизлик, озиб кетиш каби илк белгилар кузатилади. Агар ўз вақтида ташхис ва даво чоралари кўринмаса оғир асоратларга олиб келиши мумкин. 1 ёшгача бўлган болалар ва чақалоқларда турли асосий касалликлар сабабли қанд миқдорининг кўтарилиши ёки гиппергликемик синдром кузатилади. Қандли диабетнинг 1-турини даволаш парҳез сақлаш, жисмоний ҳаракатлар ва инсулинотерапиядан иборатдир.

—Қандли диабетнинг 1-тури наслдан-наслга ўтадими?

— Болаларда учрайдиган қандли диабетнинг 1-тури ўткир кечади. Ота-онадан ҳам шифокордан ҳам бу даврда катта маъсулият билан ёндашишни талаб қилади. Тезкор ташхислаш ва шу йўсинда даволаш боланинг аҳволини яхшилайди. Қандли диабетнинг 1-тур аутоиммун касаллик бўлганлиги учун наслдан-наслга ўтади.

—Қандли диабетга чалинган болаларда унинг асоратлари қоладими?

— Бола организми учун қандли диабет ўткир ҳолат ҳисобланса-да, агар ота-она ва бола қатъий парҳезга амал қилса, жисмоний фаол бўлса ва доимий ҳолатини назорат қилиб борса, касалликнинг кечги аломатли олди олинган бўлади. Бунинг учун доимо шифокор назорати остида бўлиш зарур.

Агар акси кузатилса, кўз, буйрак фаолиятида бузилиш кузатилади. Майда ва катта қон томирларидаги асоратлар билан бирга бўй ўсмаслиги ва жинсий ривожланишнинг орқада қолиш ҳолатлари кузатилади. Ушбу белгилар қандли диабетнинг кечги асоратларидан ҳисобланади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: