Дексаметазонни коронавируснинг енгил турида қўллаш нимага олиб келади?

Мутахассис коронавирусга қарши дори воситаларини нотўғри қўллаш оқибатлари ҳақида огоҳлантирди

«Пандемия шароитида барча соҳа вакиллари, энг аввало, тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юкланди. Шифокорларимиз тун-у кун «жанг майдони»да бемор ҳаёти учун тинимсиз курашмоқдалар. Коронавирус инфекциясининг кечиш даражаларига қараб беморларга психологик таъсир бўлмаслиги учун, енгил ва ўрта даражада кечаётган касалликни уй шароитида даволашга ҳам рухсат берилди. Албатта, бунда беморнинг ҳолати малакали тиббиёт ходими томонидан назорат қилиниши, даво муолажалари ССВ томонидан тақдим этилган протокол асосида олиб борилиши талаб этилади.

Аммо ҳозирги кунда коронавирус инфекциясининг енгил ва ўрта даражадаги шаклини уйда даволашда ўта кучли дори воситаларидан фойдаланиб, касалликни даволаш ўрнига унинг янада авж олишига сабаб бўлаётган айрим «шифокор»ларимиз ҳам бор. Тавсия этилаётган дори воситалари рўйхатига назар солсак, «Дексаметазон», «Меропенем» каби, шунингдек, бир вақтнинг ўзида 3-4 хил гуруҳга мансуб «Амикацин», «Левофлоксацин», «Цефазолин сульбактам», «Цефаперазон» ва микробга қарши «Метронидазол» каби дори воситалари ҳам бир вақтнинг ўзида фойдаланилаётганини кўриш мумкин. Бу дорилар алоҳида ишлатилганда ҳам кучли восита ҳисобланиб, фақатгина Covid-19’нинг энг оғир даражаларида стационар шароитда ишлатиш тавсия этилади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаев вазирлик матбуот хизматига бу ҳақда батафсил сўзлаб берди.

— «Дексаметазон» препаратини Covid-19’га чалинган беморларни даволашда ишлатиш тавсияси 2020 йил июнь ойида Буюк Британия олимлари томонидан таклиф этилди. Оксфорд университети расмий сайтида Covid-19 касаллигининг оғир ва ўта оғир даврида, фақатгина кислородга муҳтож бўлган ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган касалларга реанимация шароитида кунига 6 мг миқдорида 10 кун давомида бериш таклиф этилган. Эътиборли жиҳати, «Дексаметазон» дори воситасини фақатгина реанимация шароитида бериш тавсия этилади», деб расмий баёнотда аниқ белгилаб қўйилган.

«Дексаметазон» бу «Аспирин» ёки «Цитрамон» эмаски, уни хоҳлаган одам дорихонадан сотиб олиб, ўз билганича истеъмол қилса. «Дексаметазон» кучли яллиғланишга қарши ва иммунодепресант (иммунитетни туширувчи) синтетик гормонал дори воситаси. Ундан нотўғри фойдаланиш, аввало:

  • иммун тизимининг фаолиятини сусайтиради;
  • қандли диабет касаллигини келтириб чиқаради ва уни ривожлантиради;
  • ошқозон яра касаллигида қон кетиш хавфини оширади;
  • суяклардан кальций чиқиб кетишига сабаб бўлади;
  • тери мустаҳкамлигини сусайтиради;
  • сурункали касалликлар авж олишига олиб келади.

Бундан ташқари, ушбу яллиғланишга қарши дори воситасидан узоқ муддат фойдаланиш ҳар қандай гормонлар сингари, семириш, диабет, остеопороз, глаукома ва ҳатто руҳий касалликлар каби ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин. Шу билан бирга, сон суягининг асептик некрозига ҳам «Дексаметазон» дори воситасини кўп миқдорда ишлатиш сабаб бўлади.

«Дексаметазон»ни Covid-19’нинг енгил ва ўрта даражада кечиш даврида ишлатиш тақиқланади. Чунки у касалликнинг дастлабки босқичида иммунитетимиз касалликни мустақил равишда енгишига халақит беради ва акс таъсир кўрсатиб, касаллик авж олиб кетишига сабаб бўлади. Иммун тизими пасайиб, ҳатто йўқ бўлиб кетган беморни касалликдан қутқариш деярли имконсиз бўлиб қолади.

— Худди шу каби вазият коронавирус инфекциясининг енгил ва ўртача даражаси билан оғриган беморлар томонидан антибиотикларни қўллаш борасида кузатилаётгани ҳам бор гап…

— Тўғри, масалан, фуқаролар уй шароитида шифокорнинг рецептисиз «Меропенем», «Амикацин», «Левофлоксацин», «Цефаперазон сульбактам», «Цефтриаксон» ва микробга қарши «Метронидазол» каби қатор препаратларни қабул қилмоқда. Бу препаратларнинг ўзи якка ҳолда ишлатилганда ҳам кучли антибактериал дори воситаси ҳисобланади ва бир дунё ножўя таъсирлари бор. Тасаввур қилинг, бу дори воситаларининг бир неча гуруҳини бир вақтда қўллаш қандай асоратларга олиб келади. Жигар ва буйрак етишмовчилиги, марказий нерв тизимидаги ўзгаришлар, ичак тизимидаги ўзгаришлар, эндокрин тизимидаги ўзгаришлар…. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Ҳозирги кунга қадар антибактериал дори воситаларининг 4та авлоди мавжуд. Уларни қўллашда ҳам маълум қонуният бор. Аввалига 1-,2-,3-авлод антибактериал дори воситалари қўлланади. Уларнинг самарадорлиги сезилмаган вақтдагина 4-авлод антибактериал дори воситалари, яъни захира дори воситаларини ишлатиш тавсия этилади. «Меропинем» дори воситаси ана шу 4-авлод гуруҳига киради.

«Меропенем» препарати ҳозирда реанимация бўлимларида коронавирус инфекциясидан даволанаётган, ўпкада шикастланиш даражаси 50 фоиздан зиёд бўлган, пневмония асоратлари фонида иккиламчи инфекция аниқланган беморларгагина буюрилмоқда. Aгар касалликнинг енгил ва ўрта шакли билан оғриётган беморга ушбу препаратни қабул қилиш буюрилса, организмнинг курашиш кучи кескин тушиб кетишига сабаб бўлиб, сурункали касалликлар авж олиши, жигар, буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.

Энг ачинарлиси эса, ундан сўнг «Меропенем» дори воситасини қабул қилган беморларга аввалги авлодга мансуб дори воситалари таъсир кўрсатмай қолади ва мажбурият юзасидан бир неча гуруҳ антибактериал дори воситаларини бир вақтда қўллашга тўғри келади. Беморда ўткир дори воситасидан заҳарланиш ҳолати кузатилиб, охир-оқибатда ўлим билан якунланиши мумкин.

Aфсуски, ҳудудлардаги баъзи шифокорлар бу препаратни касалликнинг енгил ва ўрта оғирлик белгилари бўлган беморларга ҳам буюраётгани ачинарли ҳол. Ҳолбуки, коронавирус инфекциясини даволаш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган протоколларда барча препаратларнинг қай тартибда ва қай ҳолатдаги беморларга берилиши бўйича аниқ кўрсатмалар акс этган.