Гўшт, балиқ, пишлоқ, творог ва асалнинг сифатини текшириш сирлари

Биз бозорда ва магазин расталарида турган хилма-хил маҳсулотларни харид қилаётиб кўпинча «янгимикан, нитратлар ва кимёвий қўшимчалар аралашмаганми…» деб ўйлаб қоламиз.

Буни аниқлашнинг ўзига хос сирлари бор. Бу ҳақда adme.ru ёзмоқда.

                                  Товуқ гўшти

Бунда оқ томирлар ва ўта кенг ёғ қатламига эътибор беринг. Демак, парранда қисқа муддат давомида гормонал қўшимчали ем билан боқилган. Бундай гўшти фойдали деб бўлмайди. Шунингдек, гўштнинг ранги ҳам муҳим: сарғимтирлик эскиликдан дарак этади. Товуқ гўшти пуштиранг ва таранг бўлиши керак.

Творог

Творогга кўпинча крахмал ва ўсимлик ёғлари аралаштирилади. Буни бир томчи йод ёрдамида текшириб кўриш мумкин. Агар творог таркибида крахмал бўлса, у кўк рангга киради, агар бўлмаса – йоднинг ранги ўзгармайди. Бироз творогни хона ҳароратида қолдиринг. Агар унинг таркибида ўсимлик ёғлари бўлса, бир неча соатдан кейин творог рангини ўзгартириб, сариқ қоплама ҳосил бўлади. Оддий творог ачиб қолади, аммо рангини ўзгартирмайди.

                                 Асал

Асалнинг қошиқдан қандай оқишига эътибор беринг. Сунъий маҳсулот узилиб-узилиб оқади ва кўлмак ҳосил қилади, яхши асал эса – қуюшқоқ бўлиб оқади ва тепалик ҳосил қилади. Асалдаги карамель таъми унинг иситилганидан, ортиқча ширинлик эса – таркибида шакар борлигидан дарак беради

                         Сметана

Сметанада ўсимлик мойи бор ёки йўқлигини текшириш учун бир қошиқ сметанани бир стакан иссиқ сувга аралаштиринг. Сифати паст маҳсулот қумоқ-қумоқ бўлиб тушади, ҳақиқий сметана бир хил хира суюқлик кўринишида эрийди.

                  Музлатилган сабзавотлар, мевалар ва резаворлар

Музлатилган маҳсулотларнинг устида муз ва қор борлигини текширинг. Агар бўлса, маҳсулот нотўғри сақланган. Яхшиси, бироз қиров билан қопланган маҳсулотни олинг.

Балиқ

Эскирган балиқнинг кўзлари хира, тангачалари эса тўқ рангда бўлади. Янги балиқнинг тангачалари ялтираб туради.

Гўшт

Гўштни танлашда унга бармоқни ботириб кўринг: янги гўшт таранг бўлиб, тезда аввалги шаклига қайтади. Бир тилим кесиб кўринг: агар гўштнинг ўртаси қорамтир ва атрофида оқиш чизиқ бўлса, демак у сунъий “ёшартирилган”. Гўштнинг юзасини салфетка билан артинг: янги гўштдан кўп намлик ва қон излари қолмайди.

 

Кўкатлар

Кўкатлар ўрамини қўлингизга олинг. Агар кўкатлар янги узилган бўлсаю, ён томонга қаттиқ эгилса, ранги ўта тўқ, бандлари эса жуда узун бўлса, у “нитратлар” ёрдамида ўстирилган бўлиши мумкин. Яхши кўкатлар таранг, табиий яшил рангда бўлади.

Пишлоқ

Таркибида ўсимлик мойи бор пишлоқни қуйидаги белгилар ёрдамида аниқлаш мумкин: паст сифатли маҳсулот кесилганида уваланиб кетади (пармезан каби қаттиқ навлар бундан мустасно) ва очиқ ҳавода тез қуриб, ёрилади. Бир бўлак пишлоқни қуёшда қолдиринг ва кузатинг: яхши пишлоқ юмшаб қолади, ёмони эса – қотади ва юзасида мой томчилари пайдо бўлади.