Ёшларда антикоррупцион хулқ-атворни шакллантириш барча таълим муассасалари фаолиятининг асосига айланиши керак

Ёшларнинг коррупцияга қарши хулқ-атвори ва ижтимоий масъулиятини тарбиялаш барча таълим ташкилотлари ва маданият муассасалари фаолиятининг асосига айланиши керак.

Ҳеч шубҳа йўқки, коррупция мавзуси Ўзбекистонда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам энг долзарб мавзулардан биридир. Коррупция деярли барча фаолият соҳаларида мавжуд. Бундай глобал муаммони ҳеч қандай шароитда қисқа вақт ичида бартараф этиб бўлмайди ва бир кун келиб бутунлай бартараф этилиши даргумон. Бироқ, давлат ва жамият ҳар қандай усуллар ва қонунлар воситасида коррупция даражасини минималлаштириши керак.

«Биз қанчалаб маблағ ажратяпмиз, аммо уларни адолатли ишлатилишини текшириб бориш учун жамоатчилик назорати керак. Чунки коррупция йўқ, деб айтиш нотўғри бўлади, коррупция бизнинг ичимизга кириб олган. Биз бутун жамоатчилик билан коррупцияга қарши курашишимиз даркор», деганди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.

Ушбу мураккаб вазифани ҳал қилиш учун мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда, ижрочи органлар молиявий ва малакали кадрлар билан таъминланган. Бу масаланинг тарғиботи ҳам фаол олиб борилмоқда. Лекин кундан кунга коррупционерлик жиноятлари кўпаймоқда. Буни нима билан изоҳлаш мумкин? Аввал бу ишлар бугунгидек назорат қилинмасдими ёки очиқланмасдими? Ёки бу борадаги фаолият кучайганидан коррупцион жиноятлар олдингига нисбатан кўп фош этиляптими? Бизнингча енгил жазо чоралари билан чекланиш, қамалганларнинг тез орада очиқликка чиқарилиши ва яна раҳбар лавозимларга қўйилиши уларнинг “ўрганган одати”ни давом эттиришига олиб келмоқда.

Болани порага ўргатманг!

Коррупцияга қарши кураш муаммоси шу билан мураккаблашмоқдаки, бу кураш мансабдор шахснинг «жамоа»га мансублигига асосланган замонавий коррупция механизмлари шаклланган ва мустаҳкамланган шароитда туғилган, ўсган, ўқиган ва ишлаган шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун ёшларни болаликдан порахўрлик, коррупция, давлат маблағларини ўзлаштириш иллатларига, коррупционерларга қарши нафрат руҳида тарбиялаш даркор.

Бу хавфли ҳодисага қарши курашиш тизимларига ёшлигидан коррупция муносабатларига алоқадор бўлмаган ёшларни жалб этиш зарур. Коррупцияни фақат куч ёки қонунчилик усуллари билан камайтириб бўлмайди.

Кутубхоналар коррупцияга қарши таълимни ташкил этишда ҳиссий компонент сифатида бадиий адабиётдан фойдаланишни фаоллаштириши керак. Бундан ташқари, ҳозирги болалар кўпчилиги коррупция нималигини билмайди, бу фақат каттталарга алоқадаор сўз деб ўйлашади. Шу сабабдан мактабларда ўқувчиларга тарбиявий ва  маънавият соатларида “Коррупция нима?”, “Коррупция – юрт ривожига тўсиқ” мавзуидаги диктантлар, баёнлар ва иншоларни ёздириш керак. Шунда ҳеч бўлмаганда болалар бунинг нималигини, ёмонлигини,  пора ва совғанинг фарқини билиб олишади. Болаларга бу иллатни оилада ота-оналар ҳам оддий мисоллар ёрдамида тушунтириб беришлари зарур.

Масалан, бола ўқитувчига қимматбаҳо совға бериши, дарсни кўчиртиргани учун синфдошига шоколад олиб бериши ҳам пора – коррупциянинг кичик кўриниши эканлиги уқдирилиши керак. Қачонки қайсидир одамга иши тушишини кўзлаб, унга қандайдир совға бериш, албатта “пора” деб аталади. Мабодо ўқувчи ўқитувчисини байрам билан табриклаб, уни шунчаки ҳурмат қилгани учун гул олиб келса ёки ўз қўли билан ясаган ўйинчоғини унга совға қилса, бу пора ҳисобланмайди. Агар бу ўқитувчи таълим берадиган фандан ўқувчининг ўзлаштириши ёмон бўлса ва у чоракликни яхшироқ баҳога ўзгартириш учун ўқитувчига хушомад тарзида совға берса, бу пора ҳисобланади.

Худди шундай осон мисоллар билан тушунтириш ва порахўрлик, коррупция, совға ва пул бериш воситасида ишини битказиш ёмонлигини, пора олган ҳам, пора берган киши ҳам бизнинг қонунларимизга мувофиқ жазога тортилишини уқдиришнинг, албатта, фойдаси бор, деб ҳисоблайман.

“Болалар менга конфет беради…”

Жаҳон тиллари университетини тамомлаган қизим яқинда боғчага инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишга кирди. Болалар унга ўзи емай шоколадини беришини айтди. Мен унга “пора олишни бошладингми” деб ҳазиллашдим. “Улар чин дилдан олиб келади, мени яхши кўрганидан шундай қилишади”, деди. Мен унга “раҳмат” деб қайтариб бериши кераклигини тушунтирдим.

Қолаверса, болаларга боғча давриданоқ бировга пора бериш ёмонлигини уқдириш керак. Порахўрликка одамни аслида “берувчи қўллар” ўргатади. Агар “берувчи қўл” бўлмаса “олувчи қўл” ҳам бўлмайди.

Кичик қизим мактабга пул берсам, уйга қайтариб олиб келарди. “Нега пулни ишлатмадинг?” десам:  “Танаффус вақтида ошхонадан егулик олиб ейишга улгурмаяпман, навбат кутиб турганимда қўнғироқ чалиниб қоляпти”, деди. Мен унга уйдан тайёр овқат бериб юборишни бошладим. Бу масалани танишимга айтсам, бир-икки марта “буфетчига” совға бериб юборинг, кейин у қизингизни эслаб қолади ва унга навбатсиз егулик сотади” деб маслаҳат берди.

Ахир бу болани порага ўргатишку! Биз фарзандларимизни пора олишга ва пора беришга ўргатишга ҳаққимиз йўқ. Негаки улар буни оддий ҳол деб тушунишади ва ҳаётда иш битказиш учун доим шундай қилиш керак экан, деб ўйлашади.

Мен ўқишни тамомлаб меҳнат фаолиятини бошлаганимда бирор ташкилотга фактлар тўплагани борсам, хушомад қилиб тушликка таклиф қилишар, чўнтагимга пул тиқмоқчи бўлишарди. Аммо менинг устозим бу ишлар бўлмасидан олдин менга “ишга кирганингда шунақа ишлар бўлиши мумкин, аммо сен камида 3 йил бундай маишатларга берилма. Ана шунда жамиятда муносиб ўрнингни топасан!” деган. Мен 3 йилгача буларни рад қилдим ва 3 йилдан кейин бундай хушомадларни умуман қилмай қўйишди. Одамнинг хатти-ҳаракати, хулқ-атвори унинг одамлар орасидаги мавқеини белгилайди. Шу тариқа “оладиганлар” ва “олмайдиганлар” тоифаси пайдо бўлади…

Ёшлар – энг заиф қатлам

Ёшлар мамлакатимиз аҳолисининг энг заиф қатлами ҳисобланади. Таълим, фан, соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот идораларида доимий равишда порахўрлик фактлари аниқланса, статистик маълумотларга кўра кўпинча коррупцион хатти-ҳаракатлар ёшлар томонидан амалга оширилиши маълум бўлади. Дарҳақиқат ёшлар кўпинча пора беришни турли соҳаларда пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилишнинг устувор йўли сифатида танлайдилар ва улар ҳимояланмагани учун қўлга тушадилар ёки катталарнинг айтганини қилиб, порани кимгадир олиб берадилар ва жиноятчиларга шерик бўладилар.

Давлатимиз коррупцияга қарши таълим мамлакатда коррупцияга қарши кураш самарадорлигини оширишнинг ҳал қилувчи омили эканлигини билади. Мамлакат келажагига масъул бўлган ёшларнинг коррупцияга қарши таълим ва тарбияси оммавий онг, ҳуқуқий ва сиёсий маданият билан боғлиқ бўлган сабабларни бартараф этиш орқали ушбу муаммони ҳал этишга хизмат қилади.

Ёшларни коррупцияга қарши тарбиялашнинг энг асосий вазифаларини белгилаб олиш керак:

-коррупциянинг моҳияти, шакллари, жамият ҳаётининг турли соҳаларида намоён бўлиш хусусиятлари, сабаблари, ижтимоий хавфли ва зарарли омиллари ҳақида умумий тушунча бериш;

-ушбу ҳодисанинг оқибатларини айтиб бериш;

-коррупцияни англашни ва тан олишни ўргатиш;

-тарихийлик тамойили асосида ушбу ижтимоий ҳодисани онгли равишда таҳлил қилиш ва шахсан баҳолаш малакаларини шакллантириш;

-ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга мувофиқ хулқ-атвор стандартларини шакллантириш учун коррупция ҳолатлари тўғрисидаги билимлар мажмуасини шакллантириш;

-ёшлар ўртасида коррупцияга қарши хулқ-атворни, фаолликни рағбатлантириш;

-ёш авлодда коррупция кўринишларига нисбатан муросасизликни шакллантириш;

-коррупцияга қарши курашиш имкониятлари ва самарали усулларини намойиш этиш ва ҳ.к.

Коррупция – ўзаро муносабат тури

Коррупция инсоннинг ташқи дунё ва биринчи навбатда давлат билан ўзаро муносабатларининг алоҳида тури бўлиб, мансабдор шахслар билан тил бириктириш асосида қурилган ва қонунни четлаб ўтиб, фойда олишга қаратилгандир. Ушбу турдаги ўзаро таъсир ҳар бир шахснинг хатти-ҳаракатларида вазиятга қараб содир бўлиши мумкин.

Ҳатто бундай ҳолатлар жуда кичик ёшдаги болаларнинг ҳаётида ҳам кузатилади. Масалан, уч ёшли бола “ўтир” деган жойда ўтирмайди, хархаша қилади ва онаси унга жим ўтириши учун нимадир беради. Бола аллақачон онаси билан шу тақлид муносабатда бўлиш қобилиятига эга, бу эса уни ўз-ўзидан муайян тақиқларни бузишга мажбур қилади.

Коррупцияга қарши таълим расмий ва норасмий бўлиши мумкин. Расмий таълим – бу коррупцияга қарши таълим элементларини умумий таълим дастурларига киритиш, норасмий таълим – қўшимча таълим соҳасидаги турли хил ташаббусларни рағбатлантириш: фуқаролик ҳаракатлари, талабалар конференциялари ва бошқа тадбирлар. Икки таълим усулидан бирининг самарадорлиги ҳақида гапириш ўринли эмас, чунки улар фақат уйғунликда кўриб чиқилиши керак.

Коррупцияга қарши таълимнинг муҳим жиҳати – таълим коррупцион хатти-ҳаракатлар имкониятлари тўғрисида маълумот бериш курсига айланишининг олдини олишдир. Бу ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўйича тизимлаштирилган дарслар, кўргазмали қуроллар, ўйинлар, видеолавҳалар, рассомлик кўргазмалари, танловлар орқали амалга оширилиши керак.

Охири қамоқ билан тугайдиган «ёқимли одат»

Аввало ёшларга коррупцияни тавсифлай олишни, уни фарқлашни ўргатиш, унинг оқибатларини, охири қамоқ ва обрўсизланиш билан тугайдиган жиноят эканлигини тушунтириш даркор. Ўсмирлар ва ёшларга давлатнинг ва халқнинг пулини ўзлаштириб, ҳашаматли уйларда яшаш мумкинлигини, аммо бу харом эканлигини айтиш керак ва ҳоказо.

Коррупция мамлакатимизнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолардан бири. Турли шаклларга эга бўлган коррупция миллионлаб одамларни қашшоқликдан қутулиш, таълим ва соғлиқни сақлаш имкониятларидан маҳрум қилади. У жамиятнинг илдизини еб юборади ва экспертларнинг фикрича, кўпинча миллий хавфсизликка таҳдид солади. Скептикларнинг таъкидлашича, бу кўп бошли «аждар»ни мағлуб этиш иложсиз: коррупция ҳар доим бўлган ва бўлади, ҳар бир давлатда шундай одамлар топилади ва буни ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Аммо назоратсиз қолса жамиятни жуда кўп балоларга гирифтор қилади.

Жаҳон амалиётида коррупцияга қарши курашнинг минглаб усуллари мавжуд бўлиб, бу кураш давлат сиёсатининг бир қисмига айланган.

Коррупция гуллаб-яшнашининг биринчи сабаби – паст иш ҳақи

Сингапурда вазирлар ва юқори мартабали амалдорлар хусусий сектордаги муваффақиятли шахсларнинг (адвокатлар, банкирлар ва бошқалар) ўртача иш ҳақи махсус шкала бўйича тўланади. Бу давлатда ходимларнинг лавозимга кўтарилиши жуда узоқ ва қийин, шу билан бирга пора билан судланганлар иш топиши деярли мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мансабини ва юқори маошини йўқотиш хавфи бўлгани боис пора олиш ҳеч бир вазирнинг хаёлига келмайди.

Коррупциянинг иккинчи сабаби — бюрократия

Жанубий Кореяда давлат институтларини ислоҳ қилиш орқали бюрократик тартиб-қоидаларни соддалаштириш давлат органларидаги коррупция даражасини пасайтиришга сезиларли ёрдам берган. Бу ерда турли ҳужжатлар сони, назорат ва лицензиялаш бўйича фаолият юритувчи мансабдор шахслардан талаб қилинадиган имзолар сони камайтирилди.

Бу борада энг яхши мисол 1999 йилда бошланган Сеулнинг ОПEН дастури бўлиб, у фуқароларга ўз аризаларини топшириш жараёнини интернет орқали ҳукумат амалдорлари ва аҳоли томонидан назорат қилиш имконини берди. Ҳозирда бизнинг юртимизда ҳам босқичма-босқич ушбу тизимга ўтилмоқда.

Мазкур дастур туфайли фуқаролар исталган вақтда ўз мурожаатлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнини кузатиши мумкин. Бу тизим шаҳар ҳокимлиги фаолиятида ҳам шаффофликни таъминлайди, фуқароларнинг ишини мансабдор шахслар томонидан асоссиз кечиктириш ёки адолатсиз кўриб чиқишнинг олдини олишда ёрдам беради, фуқароларга рухсатнома бериш масалалари қай тарзда назорат қилинишини таъминлайди. Шундай қилиб, маъмурият фаолиятининг шаффофлиги коррупцияга барҳам бериш учун зарур шарт-шароит яратади.

Коррупция авж олишининг учинчи сабаби қонунчилик базасининг заифлиги ва коррупцияга қарши кураш органи фаолиятининг сустлигидир.

Жанубий Кореянинг 2002 йил 1 январдан кучга кирган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни кенг халқаро эътирофга сазовор бўлган. Унга кўра, коррупция бўйича терговни бошлаш ҳуқуқи ҳақиқатда мамлакатнинг ҳар қандай вояга етган фуқаросига берилади: Тафтиш қўмитаси (Жанубий Кореянинг коррупцияга қарши асосий органи) ҳар қандай ариза бўйича даъволарни текширишни бошлаши шарт.

Мана шундай жамоатчилик назорати ҳозирда бизнинг юртимизда ҳам фаоллашмоқда.

Шаффофлик – коррупцияга қарши курашда асосий қурол

Японияда коррупцияга қарши курашнинг асосий йўналишларидан бири кадрлар сиёсатидир. Кадрлар сиёсатини адолатли олиб бориш ва ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ҳисоб берувчи, лекин парламентнинг ҳар икки палатасининг розилиги билан ҳукумат раҳбари томонидан тузиладиган кадрлар кенгаши зиммасига юклатилган.

Давлат хизматчилари лавозимининг барқарорлигини таъминлаш учун қулай шароитлар яратилган. Улар сиёсий тўнтаришлар туфайли ишдан айрилиш хавфи остида эмас, агар улар ўз хизмат вазифаларини қўпол равишда бузмаса, ишбилармонлик фазилатларига мос равишда лавозимга кўтарилиш учун реал имкониятга эга бўладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Коррупциянинг олдини олиш бўйича рақамлаштиришни қилмасак, коррупцияни йўқ қила олмаймиз. Энг катта омил – рақамлаштириш».

Албатта, Ғарб давлатларида ҳам коррупцияга қарши кураш ахборотлаштириш ёрдамида амалга оширилади. Замонавий капиталистик жамиятдаги ҳар қандай мансабдор шахс фаолиятининг асосий шарти шаффофликдир.

Мисол учун, Қўшма Штатларда ҳар йили давлат амалдорлари ўзларининг мол-мулки ва қарзларини декларациялаш учун махсус қоғозларни тўлдиришлари шарт. Шу билан бирга, юқори мансабдор шахсларнинг даромадлари ҳақидаги маълумотлар кенг жамоатчилик учун очиқдир.

Японияда эса юқори мартабали амалдорлар ўтган йилги даромадлари ҳақида ҳисобот беришлари шарт қилиб белгиланган ва бу маълумотлар омма учун очиқ бўлиши керак.

Коррупционер имтиёзлардан маҳрум қилинсин!

Юқоридагилардан хулоса чиқарадиган бўлсак, менинг таклифим – ривожланган мамлакатлардаги каби коррупционерларга асосий жазо сифатида – давлат ташкилотларида ишлашни тақиқлаш керак.  Шунингдек, уларни давлат томонидан тақдим этиладиган барча ижтимоий имтиёзлардан, масалан, пенсия ва ижтимоий хизматлардан маҳрум қилиш лозим.

Самарали жазоларга катта миқдордаги пул жарималари ҳам киради, токи халқ маблағини ўзлаштириш билан топган бор-будини сотиб айбини ювишсин, катта товон тўлашсин!

Айрим мамлакатларда эса қонунчилик порахўрликни Конституцияни бузиш ва давлатга хиёнат қилиш билан тенглаштиради.

Совға бериш ва олиш одати порахўрлик ва коррупцион жиноятларгача етиб келмаслиги учун бу иллатларга қарши тарғибот ва ташвиқотни сусайтирмаслик керак. Бу ишлар тарбиявий аҳамияти бўлган ОАВ материалларида, кино ва сериалларда, бадиий асарларда, журналистик ва бошқа танловларда акс этади.

Онги шаклланиб бўлган катта авлодни тарбиялаб бўлмайди. Тарбияни болаликдан, оиладан ва боғчадан бошлаш ва биринчи галда болаларга пора бериш харомлигини, барча муваффақиятларга ўз кучи билан ҳалол эришиш адолатдан бўлишини тушунтириш керак. Шунда «берувчи қўллар» бўлмайди!

Шу пайтгача биз асосан пора олувчиларни жазолаб келдик. Аслида порага «берувчи қўллар» ўргатади. Шунинг учун пора берганларга ҳам кучлироқ жазо чораларини ишлаб чиқиш керак.

Коррупцияга қарши курашнинг жуда кўп усуллари ва тамойиллари мавжуд, бироқ мамлакатимиз аҳолиси жамиятдаги ушбу “касалликни” самарали бартараф этиш бўйича давлат аппаратининг аёвсиз ҳаракатларини кўрмаяпти. Агар қатъийроқ чоралар белгиланмаса, коррупцияга оид можаролар бўлаверади, чунки меҳнат қилмасдан юқори лавозимни эгаллаш, раҳбарнинг «пинжига» кириш ёки катта бойлик орттиришни истаганлар доим топилади.

Манзура БЕКЖОНОВА, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Шавкат Мирзиёев, онлайн маърузалар тўплами (https://static.tuit.uz/uploads/files/q/u/591c313c15592.pdf)
  2. Егорова А.А. «Ёшлар ва коррупция» (https://cyberleninka.ru/article/n/molodezh-i-korruptsiya)
  3. Нурбек Саидов «Как бороться с коррупцией» (http://www.k-a.kg/ru/kak-borotsya-s-korruptsiei)
  4. Дунё коррупция билан қандай курашмоқда? (https://online.zakon.kz/Document/?doc_id=30192302)

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: