Фарғоналик фидоий аутричлар

Бугунги кунда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) туберкулёзга қарши кураш бўйича дастурининг Фарғона вилояти Мультидисциплинар командасида 24 нафар ходимлар ишламоқда. Моҳигул ва Саидахонлар ҳам фидойи аутрич-ходимлардан ҳисобланади.

Бугунги кунда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) туберкулёзга қарши кураш бўйича дастурининг Фарғона вилояти Мультидисциплинар командасида 24 нафар ходимлар ишламоқда.

Моҳигул ва Саидахонлар ҳам фидойи аутрич-ходимлардан ҳисобланади. Улар хорижга чиқиб келган фуқаролар, меҳнат мигрантлари билан учрашиб, уларни тиббий кўрикдан ўтишга, ташхис топширишга тарғибот қилмоқда, аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Моҳигул Ураимова, аутрич:

  • Аҳоли вакиллари билан суҳбат жараёнида туберкулёз (сил) касаллиги соч билан тирноқда бўлмайди холос, қолган барча аъзоларда бўлади, деб тушунтириш ишларини олиб борамиз. Шундан кейин улар қизиқиб, савол беради: Яна қаерларда бўлади? Суяк, кўз, тери сили касалликлари бор, деймиз. Шундан сўнг уларда янада қизиқиш пайдо бўлади. Масалан, сийдик йўли силида қандай белгилар бўлади, деган саволга шамоллаш асоратидаги ҳолатлар, ачишиш, баъзи пайтларда касалликни ўтказиб юборганда сийдикдан қон аралаш чиқиши мумкин, деймиз.
Моҳигул Ураимова, аутрич

Саидахон Эрданова, аутрич:

  • Хонадонларга кирган пайтимизда ҳар хил инсонлар бор. Кимдир тўғри қабул қилади, эшитади. Ўзига керакли маълумотларни олади. Кимдир эшитишни ҳохламайди. Инжиқ одамларга ҳам учраймиз. Баъзи инсонларда туберкулёз касаллиги белгиларини кўрамиз. Лекин улар ошкор қилишни ҳохлашмайди. Текширтирсам-у, ростдан ҳам бу касаллик чиқиб қолса, деган қўрқув ҳам бўлади. Менда бундай белгилар йўқ, дейди. Агар шундай белгилари кузатилаётган бўлса биз уларга ёрдам қиламиз. Барча текширувлар бепул.
Саидахон Эрданова, аутрич

Моҳигул Ураимова, аутрич:

  • Саидахон шеригим билан уйма-уй юрганимизда бир хонадонда эркак киши бўлган. Хонадон эгаси спиртли ичимлик ичиб олган экан. Тебраниб юришидан, гапираётган гапларидан қўрқиб, уйидан қочиб чиқиб кетганмиз. Маҳаллаларда итлар қувлаган пайтлар бўлган. Айрим хонадон эгалари эшитишни хоҳламаганми, уйидаги итларини қўйиб юборган ҳолатлари кузатилган. Баъзида итлардан қочаётиб, оёқ кийимимиз ҳам йиртилиб кетган. Ишимизнинг шунақа қийинчиликлари бор. Аммо беморлардан раҳмат эшитганимизда қийинчиликлар ёдимиздан кўтарилиб кетади. Айримлари қўнғироқ қилиб раҳмат айтишади. Сиз орқали бу касаллик аниқланган, сиз сабабчи бўлиб, тузалиб кетганман, деб миннатдорчилик айтганда лойиҳада ишлаётганимиз, инсонларга ёрдамимиз тегаётганидан фахрланиб кетамиз.

Саидахон Эрданова, аутрич:

  • Қадимдан туберкулёзни ўлим билан якунланадиган касаллик ёки наслли хасталик, деб қабул қилишган. Одамларда шундай тушунча бўлган. Бугунги кунда бундай нотўғри тушунча деярли 70 фоиз одамларда ўзгарди. Касаллик чиққан хонадондан қиз олмаган, келин бермаган. Ҳозир эса секин асталик билан аҳоли тарғибот қилишимизни тушунишяпти. Бу касаллик бойни ёки камбағални танламаяпти. Кексани, ёшни ажратмаяпти. Ҳаммада учратиш мумкин. Моддий томонидан етарли инсонда кўпроқ стресс бўлиши мумкин. Молиявий биронта бизнесга пул тикиб, касотга учраган бўлиши мумкин. Туберкулёз билан оғриган беморларга ўз вақтида шифокор назорати остида дори препаратларини ўз вақтида қабул қилишини маслаҳат бераман. Соғлом турмуш тарзига, соғлом овқатланишга риоя этишини тавсия этаман. Руҳий тушкунликка тушмаслик керак. Бу ҳеч қандай асоратсиз, давоси бор дард. Биз одатда гриппдан қўрқмайсиз, лекин грипп бир қанча қўшимча асоратли касалликлар чақиради. Туберкулёз эса умуман асоратсиз даволанадиган касалликдир.

Моҳигул Ураимова, аутрич:

  • Бошида бу лойиҳадан таклиф тушганда касаллик ҳақида тушунчага эга бўлмаганман. Бироз қўрқув бўлган. Сил касаллиги юқимлику, бу лойиҳада ишласам юқтириб олсамчи, деган хавотирлар бўлган. Лойиҳа доирасида 3 кун ўқув машғулот бўлган. Касаллик ҳақида маълумот олганмиз. Оиламга мана шундай лойиҳада иш бошлаяпман, деганимда улар ҳам бошида тушунишмаган, қарши бўлишган. Кейин уларга тушунтирганман. Бу касалликни давоси бор. Бу касаллик оддий. Ҳар кимга ҳам юқавермайди. Иммунитет пастлаб кетганда, 12 соат ичида хасталанган инсон билан ёпиқ, бир уйда қолиб кетганда, очиқ ҳавода юқмаслигини, бемор билан кўп мулоқот давомида юқиши мумкинлигини таъкидлаганман. Улар ахири кўникишди. Ҳозир ўзлари ҳам танишларига, қўни-қўшниларига бу касаллик ҳақида тушунчалар беради. Улар ҳам тарғиботчига айланишган.
  • Бошида қўшниларим ҳам бу лойиҳада ишлаётганимни эшитишиб, бироз ўзларини олиб қочган. Шундан сўнг уларга туберкулёз ҳақида тушунчалар бердим. Ҳозир уларнинг менга нисбатан муносабати ўзгарган. Айрим ҳолларда беморлардан менга қўнғироқлар бўлади. Маслаҳатлар сўрайди.

Саидахон Эрданова, аутрич:

  • Бир беморим бўлган. Ёш йигит эди. Касаллик белгилари бор. Ҳатто балғамидан қон ажралмалари чиққан. У беморни даволатишга кўндириб беришга ҳамкасбларимни ҳам ёрдамга чақирганман. Унга тушунтириш ишларини олиб борганмиз. Шифохонада ётиб даволанишга хўп деган, аммо, оила аъзолари томонидан тўсиқ бўлган. Йўқ, шифохонада даволансанг янада оғирроқ бўлиб келасан, деб уқтиришган. Уйда ўзимиз сени даволаймиз, деб кўндиришган. Иш фаолиятимиздаги қийинчиликлардан бири ўша воқеа бўлган. Уни шифохонада даволатишга кўндираолмаганмиз. Туберкулёзни уй шароитида даволаб бўлмайди.

И.Абдужабборов.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: