Матлуба Умарова: «Сопол тўрт унсурнинг уйғунлигидан яралади»

Тарихий манбаларга қараганда, қадимда кулолчилик билан дастлаб аёллар шуғулланган, кулоллик чархининг пайдо бўлиши билан эркаклар ҳам бу ишга жалб қилинган экан.

Инсоният  кулолчилик билан неолит давридан бошлаб шуғуллана бошлаган. Сопол буюмлар қўлда махсус лойдан ясалган, қуритиб оловда пиширилган. Тарихий манбаларга қараганда, қадимда кулолчилик билан дастлаб аёллар шуғулланган, кулоллик чархининг пайдо бўлиши билан эркаклар ҳам бу ишга жалб қилинган экан.

Сопол идишлар озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун жуда қулай, инсон саломатлиги нуқтаи назаридан қараганда ҳам безарар ва фойдали ҳисобланади. Сопол ва унинг хусусиятлари ҳақида мухлисларга кенгроқ маълумот бериш мақсадида тажрибали кулол Матлуба УМАРОВА билан суҳбатлашиб бир қатор саволларга жавоб олдик.

— Ўзбекистонда кулолчиликнинг ривожланиши ҳақида гапириб берсангиз…

—Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимиздан бўлган қадим кулолчилик санъатини ҳам тиклаш ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. Ҳозирги кунда бадиий безаш усули, шакли ва тайёрланиши жиҳатидан фарқланувчи кўплаб кулолчилик мактаблари мавжуд. Масалан, Фарғонада кулолчиликнинг анъанавий бадиий ва ишлаб чиқариш усуллари қайта тикланиб, сирли кулолчилик маҳсулотларини тайёрлаш йўлга қўйилди. Бухоро-Самарқанд кулолчилик мактаби буюмларида ўзига хос жарангдорлик, қўрғошинли сир ҳамда сарғиш-яшил, жигарранг бўёқлар муҳим ўрин тутади. “Афросиёб сополи” анъаналарига асосланиб тайёрланган буюмлар безагида ўсимликлар кўринишини ифодаловчи нақшлар етакчилик қилади. Хоразм кулолчилик мактаби ўзига хос бадиийлиги, мовий бўёқлари, майда чизилган безаклари ва ишланиш услуби билан бошқа мактаблардан ажралиб туради.

Сопол буюмлар қандай тайёрланади? 

— Сополдан буюм ясаш жуда мураккаб жараён. Аввало кулол сифатли лой тайёрлаш учун таркиби яхши, майда тошчалардан ҳоли бўлган махсус тупроқ ҳозирлаши керак. Кейин бу тупроқдан уста кулол ўзига керакли лойни қориб, пишитиб, дастгоҳ ёрдамида ундан турли сопол идишлар, ҳайкалчалар ясайди. Кейин ясаган буюмларини қуритиб махсус печда пиширади. Сўнг уларга нақш солади. Демак, кулол рассомликдан ҳам бохабар бўлиши, ўз фантазиясига таяниб турли нақшлар, бетакрор безаклар чизишни билиши лозим. Бўяб, гул чизилган идишлар махсус бўёқ ёрдамида сирланади. Сирланган кулолчилик маҳсулотлари яна қайтадан пиширилади. Шундай қилиб маҳсулот тайёр бўлгунча унга бир неча босқичда ишлов берилади. Уста кулол ўз амалий иши санъат асари даражасига етиши учун бор маҳоратини ишга солиб ижодий ёндашиб меҳнат қилиши керак. Ана шунда у ясаган маҳсулот харидорларнинг, айниқса чет эллик сайёҳлар эътиборини жалб эта олади.

Сополнинг қандай афзал томонлари бор? Масалан, турмушда ишлатиладиган сопол идишлар чинни, металл ва бошқа хомашёлардан ясалган идишлардан қандай фарқ қилади?

— Мен ўз фаолиятим давомида сопол ҳамда бошқа хомашёдан тайёрланган уй-рўзғор буюмларининг хусусиятларини солиштириб ўргандим ва қадим аждодларимиз замонидан унумли фойдаланилган сополнинг кўпгина фойдали хусусиятларини билиб олдим. Сопол, биринчидан, экологик тоза маҳсулот. Қолаверса, оддий сопол кўзача ёки лаганнинг чинни (фарфор) ёки хрусталь идишдан фойдали томонлари кўпроқ экан.

Масалан, сополнинг шундай хусусияти борки, у аввал намликни тортиб олади, кейин керак пайти ўзидан ажратиб беради. Шу билан бирга, ўзидаги иссиқлик ва намликни бошқариб мувофиқ ҳолатга келтира олади. Бу хусусияти бўйича термосдан асло қолишмайди.

Яна бир жиҳати, шарбатни сопол идишга солиб қўйсангиз у офтобда турса ҳам исиб кетмайди. Шунингдек, керамик қадаҳга қуйилган чой ёки қаҳва ҳам бир неча дақиқа ичида совиб қолмайди. Момоларимиз сопол хум ва кўзалардан турмушда сув ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашда кенг фойдаланган. Мисол учун, сопол кўзадаги сут 3-4 сутка давомида айниб кетмаган, сопол хумлардаги оғзи лой билан сувалган мураббо бир йил давомида айнимасдан, моғорламасдан сақланган. Агар ун, гуруч, мош ёки бошқа маҳсулотларни сопол идишга солиб қўйсалар улар қуртламаган ва нам тортмаган.

Сополнинг афзаллиги кўп. Чинни ва ганчдан ясалган идишларда пишириқ қилиш учун духовкага қўйилса синиб кетади, аммо сопол идиш иссиқ печда турса мустаҳкамлиги янада ортади.

Эмалланган метал идишларнинг дарз кетган жойидан метал қобиғи очилиб қолиши ҳамда унинг коррозияга учраши натижасида овқатга зарарли моддалар тушиши ҳам мумкин. Агар синаб кўрган бўлсангиз сирланмаган темир челакда ёки эмали кетган кастрюлкада тайёрланган тузламаларнинг таъми ўзгариб қолади. Бундай маҳсулот саломатлик учун жуда хавфлидир.  Сополнинг эса бундай хавфли томонлари йўқ.

Бундан ташқари, алюминий кастрюлкада шўр ва аччиқ таомларни пишириш, сут иситиш, маҳсулотларни қайнатиш ва димлаш, шу билан бирга тайёр таомларни сақлаш тавсия этилмайди. Чунки алюминий қиздириш жараёнида парчаланади ва овқат билан организмга тушади. Одам танасида алюминий миқдори ошиб кетса, артрит, анемия, туқаноқ ва бошқа касалликлар келиб чиқиши эҳтимоли бор.

Ҳозирда аҳоли орасида кенг қўлланилаётган пластик идишлар жуда қулай. Ошхонадан уларга овқат олиб ишга, ўқишга бориб тушлик қилиш мумкин. Аммо маълум бўлишича, улар таркибида меламин деган модда бор экан. Бу концероген модда ҳисобланиб, иссиқ сувда эриш хусусиятига эга. Унинг кўп миқдорда овқатга тушиши натижасида овқат хазм қилиш аъзоларимиз, кўзимиз, теримиз ва ҳатто нафас тизимимиз зарарланиши мумкин.

Зангламайдиган пўлатдан тайёрланган идишлар коррозияга учрамайди. Уларда пишган овқатлар витамини сақланиб қолади, узоқ вақт айнимайди. Аммо пўлат қозонлар таркибига кирувчи никель аллерген ҳисобланиб организмда йиғилиб дерматоз қўзғашига сабаб бўлиши мумкин экан. Шунинг учун рўзғорда чўян қозонлар, сирига зарар етмаган металл кастрюлкалар, чинни ҳамда сопол (керамик) идишлардан фойдаланган маъқул.

Сопол идишлардан фойдаланганда нималарга аҳамият бериш керак?

— Сопол билан эҳтиёт бўлиб муомала қилиш керак. Тайёрлаш жараёни мураккаб аммо авайлаб ишлатмасангиз тезда синиб қолиши мумкин. Сополнинг заиф томони ҳам шунда. Сопол идишларни жуда иссиқ духовкага ва газга қўйиш мумкин эмас. Зарур бўлганда сал қизиган печга қўйиб аста-секинлик билан керакли даражагача қиздиришда давом этиш лозим. Сопол идишда жуда иссиқ сув ёки суюқлик бўлса, уни тўккач совуқ суюқлик қуйиш мумкин эмас. Бир-бирига зид температура сополнинг дарз кетиб синишига сабаб бўлади. Холодильникда турган сопол идишни бирдан иссиқ духовкага тиқмаган маъқул. Бу ҳолатда ҳам севимли идишингиздан ажраб қолишингиз ҳеч гапмас. Бундан ташқари, сопол идишларда мойни ўзига тортиб олиш хусусияти мавжуд бўлгани учун ювганда ёғни кетказиш қийин бўлади. Агар сопол сирланган бўлса, уни ювиш ва тозалаш осон кечади.

Уй шароитида хонаки гулларни парвариш қилишда ҳам сопол тувакчалардан кенг фойдаланилади…

— Тўғри, сопол тувакда ўсган гул худди табиатда ўсгандай яхши ривожланади. Чунки улар ҳавони ўтказиш ҳамда намликни мувозанатда сақлаш бўйича металл ва пластмасса туваклардан афзал.  Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, тупроқ қадим зардуштий авлодларимизнинг “Авесто” китобида келтирилган тўртта унсур (олов, тупроқ, сув, ҳаво) дан бири ҳисобланади. Айтиш жоиз бўлса, Худо Одам Атони ҳам тупроқдан ясаб жон киритган экан. Шунинг учун тупроқдан ясалган сопол ҳам инсоният, ҳайвонот ва наботот олами учун бир хилда безарар ва аҳамиятлидир.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: