Сурхон воҳаси тарихи: Кушон салтанати ва унинг таназзули ҳақида биласизми?

Мавжуд ёдгорликлар Кушон салтанати тарихи тўғрисида жуда кўп маълумотларни беради.

Биз Ўзбекистоннинг тарихини биламизми? Эрамиздан олдинги минг йилликларда юртимиз ҳудудларида кимлар яшаган, қандай империялар ва тамаддунларга асос солинган? Биргина Сурхондарё воҳасида олиб борилган кўп йиллик қазилма ишлари ҳамда бу ердан топилган тарихий маданий ёдгорликлар ўлкамиз тарихи жуда қадим даврларга бориб тақалишини исботлади.

Тарихдан маълумки бу ерлар қадимда Бақтрия деб аталган. Бақтрия ерларида Гуйшуан қабиласи сардори Кудзула Кадфиз бешта қабилани бирлаштириб Кушон давлатига асос солган. Кушонлар давлатининг дастлабки пойтахти Шўрчи тумани ҳудудида жойлашган Далварзинтепа ёдгорлиги ҳисобланади. Кушонлар давлатини ябғу унвонига сазовор бўлган ҳокими мутлақ подшо бошқарган. Подшонинг асосий таянчи яхши қуролланган ҳарбий қўшин бўлган. Кушонлар қўшини асосан отлиқ ва пиёда қисмлардан иборат бўлиб, улар қилич, ханжар, найза ва жанговар болта билан қуролланган. Кушон подшолари катта ва кучли қўшинга таяниб, мамлакат чегараларини кенгайтириб борганлар. Олиб борилган истилочилик юришлари натижасида Шарқий Туркистон, Шимолий Ҳиндистон ва Марказий Осиёнинг каттагина қисми Кушонлар давлатига бўйсундирилган. Кушонлар салтанати подшо Канишка даврида (78123) ниҳоятда гуллаб яшнайди. Бу даврда Хитой, Рим, Парфия сингари ўша даврнинг нуфузли давлатлари билан савдо-сотиқ, иқтисодий ва расмий алоқалар йўлга қўйилади, маданий соҳадаги алоқалар ҳам анча кенгаяди.

Хитой тарихий манбаларида қайд этилган гуйшуанлар милодий I асрда  Киоцзюко раҳбарлигида (унинг асл исми Кудзула Кадфиз эди) Бақтрияда ўз ҳокимиятларини ўрнатиб, Кудзула Кадфиз Хюми, Шуанми, Хэйтун, Гаофу сулолаларидан иборат тўрт ҳокимликни ҳам ўзига бўйсундиради. Бақтрияда ҳокимиятни мустаҳкамлаб олган Кудзула Кадфиз қўшни вилоятлар бўлган Сўғдиёна, Марғиёна, Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмларини истило қилади. Кушонлар империясини мустаҳкамлашда Кудзула Кадфизнинг ўғли Янгаочжен, яъни Кадфиз II муҳим аҳамиятга эга бўлган ички ва ташқи сиёсат юритиб, Ҳиндистоннинг Ҳинд дарёси қуйи оқимлари, ҳатто Ганг дарёси водийсигача бўлган ерларни ҳам ўз ихтиёрига ўтказган.

Кушонлар давлати қўшини яхши қуролланган бўлиб, умумий ҳарбий қудрати 150200 минг кишини ташкил этган. Кушон жангчилари узунлиги 1 метрдан ошиқроқ ҳар икки томони ўткир қилич, ханжар, найза, жанговар болта, сипқон каби қуроллар билан қуролланган. Кушонлар суяк ё шох билан қопланган мураккаб қўш камонни ихтиро қилганлар. Бу камон Уралолди ерлари орқали Шотландиягача, Шаркда Эрон, Ҳиндистон ва Хитойгача кенг тарқалиб, ҳарбий ишларда кенг қўлланилган.

Кушонлар даврида мамлакатнинг иқтисодий хўжалиги кенг тараққий этиб, металлсозлик, шишасозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ривожланиб, олтин, кумуш, қўрғошин, қимматбақо тошлар, қурилиш хом ашёлари қазиб олиш анча такомиллашиб борган. Кадфиз II нинг амалга оширган пул ислоҳоти натижасида 8 грамлик олтин тангалар, кумуш, бронза тангалар савдо муомаласига чиқарилди. Маданий тараққиёт натижасида ёзувлар анча такомиллашиб сўғдча, хоразмча, парфияча, бақтрияча ёзувлар мукаммаллашиб, ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда ижобий натижаларга эришди. Кушонлар даврида Сурхондарё ҳудудида саройлар қуриш, архитектура қурилиши ривожланиб, ҳайкалтарошлик, рассомлик, наққошлик санъати энг юқори натижаларга эришди. Кушонлар империясига хос моддий маънавият асослари кенг ривожланиши туфайли расмий, диний, ишлаб чиқариш, турар жой, сунъий суториш, мудофаа, тижоратга тааллукли қурилиш бинолари билан уйғунлашган ҳолда қурилган.

Кушонлар подшолиги даврида Шимолий Бақтриянинг қадимги шаҳар маданияти анча равнақ топди. Кушонлар даврида Термиз шаҳрининг иқтисодий, маданий жиҳатдан ривожланганлигини ҳунармандчилик буюмлари, уй қуриш соҳасидаги меъморчилик санъати, суғориш иншоотлари, ишлаб чиқарган маҳсулотлари орқали ҳам билиб олиш мумкин. Бу даврда Термиз шаҳрининг майдони 350 гектар бўлиб, Дунётепа ва Чингизтепа харобалари ўрнида жойлашган. Чингизтепа ва Қоратепа оралиғида Амударёга қурилган чиғириқлар ёрдамида шаҳар марказига ичимлик суви чиқарилган. Сув чиқарилгач, Қоратепа ибодатхонасида махсус ҳовузлар ёрдамида сув тиндирилиб, кейин шаҳар ташқи деворининг шимолий томони бўйлаб қурилган ариқча орқали шаҳарга тақсимланған. Милодий II асрда подшо Канишка Қоратепа ёдгорлиги ўрнида Будда ибодатхонасини қурдиради. Мамлакатда қишлоқ жамоалари анча кенгаяди. Бу даврда воҳада иккита йирик марказ мавжуд бўлиб, булардан бири: Амударё бўйидағи Тармита (Термиз) бўлса, иккинчиси Чағонруд (Сурхондарё) бўйидаги Далварзинтепа шаҳарлари эди. Бу шаҳарлар Кушонлар давлатининг сиёсий, иқтисодий, маданий ва ҳарбий ҳаётида алоҳида ўринга эга бўлган. Бундан ташқари Кампиртепа, Зартепа, Ҳайитободтепа каби шаҳарлар ҳам мавжуд бўлиб, ушбу шаҳарлар мудофаа деворлари билан ўраб олинган.

Кушонларга оид манзилгоҳлар

Вилоят ҳудудида кушонлар даврига оид 130 та ёдгорлик мавжуд. Шундан 80 таси қишлоклар кўринишидаги манзилгоҳлар ҳисобланади.  Кушонлар даврида марказлашган давлатнинг қарор топиши хўжаликнинг равнақига сабаб бўлган. Бу даврда ҳам зироатчиликнинг ғаллачилик, пахтачилик, боғдорчилик ва полизчилик соҳалари жадал ривожланади. Тоғ ва тоғ олди ҳудудларида лалмикор деҳқончилик хўжалиги равнақ топади. Ерни қайта ишлаш, хусусан, алмашлаб экиш борасида бой тажриба тўпланади, янги-янги суғориш тизимлари бунёд қилинади. Чорвачилик хўжалигини ривожлантириш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилган. Айнан ана шу даврда ҳунармандчилик хўжалиги юксак даражада ривож топиб, ушбу соҳанинғ кулолчилик, металлсозлик, қуролсозлик, тўқимачилик, шишасозлик каби турлари анча юксалган. Ҳатто Бақтрия шишасозлари 420 йилда Хитой пойтахтида турфа рангдаги шишалар тайёрлаб хитойликларни лол қолдирганлар.

Кушонлар давридаги хўжалик равнақи савдо-сотиқнинг ривожига хам туртки бўлади. Хусусан, шу даврда Бақтрия савдогарлари Парфия, Рим, Хитой ва Ҳиндистон мамлакатларига бориб савдо қилганлар. Римнинг Помпей шаҳри харобаларидан кушон тангаларининг ёки Қоратепа кулол идишлари, Термиздан топилган май хамда айшу ишрат худолари Вакхония, тағин Вакх Болус шарафига уюштирилган байрам саҳнаси тасвири солинган лой идишлар, шунингдек, Ҳайитободтепадан император Нерон тангаларининг топилиши юқоридаги фикрнинг исботидир. Бу даврда Сурхон воҳаси савдо йўллари ўзаро туташган ҳудуд бўлиб, албатта, бу ҳолат ўлканинг иқтисодий ва маданий тараққиётига катта ижобий таъсир ўтказган. Термиз шаҳри ҳунармандлари томонидан тайёрланган мақсулотлар қўшни давлатларга, жумладан, Парфия, Сўғдиёна, Чин Мочин, Озар ва мусулмон дунёси мамлакатларида юқори баҳоланган.

Қадим маданий ҳаёт лавҳалари

Кушонлар даврида маданий ҳаёт ҳам юксакликка бўй чўзган. Подшо Канишка замонидан бошлаб бохтар тили давлат тили деб эълон қилинади. Кушонлар даврида меъморчилик анча юксалиб, турар жой бинолари, ибодатхоналар ва саройлар қуриш анча авж олавд, Иморатларни безаш, нақш солиш борасида ҳам ўзига хос тажриба тўпланади. Бу даврда маҳаллий маданиятбилан ҳинд маданиятининг ўзаро аралашиш жараёни содир бўлади. Айниқса, Канишка замонида Будда динининг давлат дини деб эълон қилиниши натижасида будцавийлик эътиқоди билан боғлиқ равишда ҳайкалтарошлик санъати анча юксалади. Будда дини мил. авв. I минг йиллик ўрталарида Ҳиндистонда шаклланган. Буддавийлар 1956 йилда ўз динлари шаклланганлигининг 2500 йиллигини нишонладилар. Ҳиндлар бу диннинг асосчиси Шакъя Муни, яъни ҳинд шаҳзодаси Сиддхартма Гаутама  Будда деб ҳисоблайдилар. Буддавийлик дастлаб қулдорлар мафкураси сифатвда шаклланган. Буддавийликда ёмонликка қарши бош кўтармаслик тояси катта ўрин эгаллайди.

Буддавийлиқда бешта ахлоқий талаб (панчашина)га риоя қилиш илгари сурилган. Улар: биронта ҳам тирик мавжудотни ўлдирмаслик, бировнинг мулкини олмаслик, бировнинг хотинига кўз олайтирмаслик, ёлғон гапирмаслик, спиртли ичимлик ичмасликдан иборат.

Кушон салтанати қолдиқлари

Мавжуд ёдгорликлар Кушон салтанати тарихи тўғрида жуда кўп маълумотлар беради. 1932 йилда Амударёда «Октябрёнок» катерида кетаётган чегарачилар Айритомга яқин жойда оқ тош кўрганлар, бу ноғорачи тасвири ўйиб солинган тош фриз эканлиги аниқланди. 1933 йилда бу топилмани ўрганишга профессор М. Е. Массон бошчилигида археологик экспедиция юборилди. Термиз шаҳридан 18 км шаркда баландлиги 22,5 метр, қалинлиги 1,5 метрли истеҳком деворлари билан ўралган III асрларга оид будда ибодатхонаси топилди. У оҳактошдан ишланган ажойиб фриз билан безатилган эди. Айиқтовон барглар орасида бешта созанда сурати ўйиб ишланган. Ноғорачи билан ранг-баранг кийимлардаги созанда аёллар сурати айниқса диққатга сазовордир. Бу созандалардан бири уд, яна биттаси арфа чалаяпти, фризда қўлларида гулчамбарлар хамда чиройли идишлар кўтариб кетаётган қизлар тасвирланган.

Ибодатхонада будданинг ҳайкали ва бошқа ибодатхона қисмлари қаторида тошдан ясалган одам ҳайкаллари топилган. Улар мусиқа чалувчилар, ҳадялар ташувчи эркак ва аёлларнинг хайкаллари бўлиб, ибодатхонанинг ташқи томони карнизи шу ҳайкаллар билан безатилган.

Далварзинтепанинг чеккароқ жойидан 1 асрда тикланган Будда ибодатхонаси, шаҳристонидан Будданинг боши, Бодхисатванинг маҳорат билан ишланган маҳобатли ҳайкали, фил суягидан тайёрланган икки шахмат донаси топилди. Будданинг боши лой ва гипсдан ясалган бўлиб, баландлиги 39 см, эни 25 см келади. Бу кўҳна топилмалар бошқа ёдгорликлар билан биргаликда 1988 йили Япониянинг Нара шаҳридаги «Ипак йўли Нарага боради» деб номланган халқаро кўргазмада намойиш этилган эди. 1995 йили эса улар Париждаги муҳташам «Гранд Палес» («Катта сарой»)нинг нодир галереясида намойишга қўйилган.

Вайрон бўлган антик давр девори устида тикланган бинонинг қачон қурилганини жуда аниқлик билан белгилаш мумкин. Равоқ очилганда ғиштлар орасидан VIVII асрларга оид турк, сўғд тангалари чикди. Девор қурилиши учун ишлатилган тўртбурчак ғиштлар ҳам шу даврга тўғри келади.

Далварзинтепа аҳоли маскани сифатида араблар истилоси чоғида узил-кесил тугади, чунки аркда ҳам, шаҳристонда ҳам араблар келганидан кейинги даврнинг изи йўқ. Чағаниённи 705 йили Қутайба босиб олади ва 737 йилда унинг ҳокими  Чағонхудот арабларга ўлпон тўлайдиган бўлади.

Далварзинтепа антик даврда давлат маъмурияти, йирик ибодатхоналар, иқтисодий алоқа тармоқлари, ҳарбий салоҳият мужассамлашган катта тарихий-маданий вилоят маркази бўлиб, йирик шаҳарлар сирасига кирган.

Кампиртепа – Окс Александриясими?

Кампиртепанинг ўрганилиши натижасида ёзма манбаларда қайд қилинган Окс бўйидаги александрия Кампиртепа ўрнида бўлганлиги исботланди. Бу борада Кампиртепадан Марказий Осиёда ягона бўлган искандар тангасининг топилиши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Хуллас, узоқ йиллар фанга номаълум бўлган антик давр, хусусан, Кушон даври тарихи ва маданияти дунёга машҳур бўлди ҳамда тарих фанига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.

Мил. авв. 140 йилларда Гелиоклнинг ўлими билан Юнон Бақтрия подшоҳлигининг инқирози юз беради.

Араблар босиб олган даврдан бошлаб Холчаён узоқ вақт эътиборсиз қолади. XIII аср охири  Х1Уаср бошида антик тепаликларнинғ баъзиларидан қабристон сифатида фойдаланилади. XVI асрда қорабоғгепанинг шимолишарқий қисми дўнглигида қандайдир мулк пайдо бўлади. Шундан сўнг шаҳристон атроф ҳудуди янада ботқоқликка айланиб, бизнинг давримизгача ўзлаштирилмай қолади. Холчаённи тадқиқ этишБақтрия мадағшй ҳаётига, айниқса, унинг бадиий маданиятига янги маълумотлар киритади. Бу кузатишлар Марказий Осиёнинг мазкур йирик вилоятида антик давр шақар қурилишининг баъзи жиҳатларини қайта очиб беради. Бу борада тарихий маълумотлар ниҳоятда кам.

Эски Термизнинг қадимги маданияти замирида ҳам кушон даврига хос кўпгина ёдгорликлар бор. Улар шу даврнинг яққол намуналаридан, сопол буюмлардан ва моддий маданиятга доир бошқа нарсалардан иборат. Тохаристон воҳаси Кушон империясининг ғоят катта марказий вилоятларидан бири бўлган. Тохаристон тупроғидан тохаристонликларнинг юксак маданиятидан далолат берувчи ёдгорликлар топилди. Ҳозирги Термиздан 10 км келадиган жойдаги Қоратепа ғоридан топилган ажойиб ёдгорлик ана шундай далиллардан биридир.

Қоратепа буддавийлик ёдгорлиги Эски Термиз мажмуаси таркибига кириб, майдони 7,5 га ни ташкил қилади. Тадқиқотлар натижасида Қоратепага милодий I аср охирларида асос солинганлиги, ёдгорлик жанубий, ғарбий ва шимолий тепаликлардан ташкил топганлиги аниқланди. Қоратепанинг ўрганилиши 1928 йилда А.С. Стрелков томонидан бошланган, ҳозиргача тўққизта ибодатхона очиб ўрганилди. Қоратепада ганчдан ясалган ҳайкалларнинг парчалари топилди, улар ичида ғалати бир вазиятда букланиб турган тўртта бармоқ сақланган қўл парчаси диққатни ўзига тортади.

Қоратепа қазилганида ундан будда дини маросимларига оид буюмлар: тошдан ясалган соябон, қопқоқлар, нилуфар сурати ва бошқа кўплаб нарсалар топилди. Сопол буюмлар ва деворлардаги ёзувларнинг ҳам бу борадаги аҳамияти каттадир. Сопол буюмлардаги ёзувларнинг кўпи ҳиндча кахарошти ва брахма ёзувларидир, аммо бинодан кушон езувли пополок ҳам топилди. Кушон ёзуви маҳаллий шарқий форс тилига мослаштирилиб, юнон алифбоси асосида тузилгани аниқланди. Будда ибодатхонаси тўсатдан юз берган зилзиладан емирилган бўлса ажаб эмас, чунки унинг кўпгииа қисмлари шундай ағанаб ётибди. Бу билан археологлар Марказий Осиё халқларининг маданий ҳаётини ўрганишда ғоят қимматли ёдгорликка эга бўлдилар. Бундан ташқари Қоратепадаги будда ёдгорлиги Марказий Осиёдаги қадимги халқларнинг Ҳиндистон ва Хитой билан бўлган алоқаларини ўрганишга ҳам имкон беради.

Сурхон воҳасидан топилган буюм ва ҳайкал қолдиқлари бу ерда қадимда ўзига хос юксак тасвирий санъат маданияти яратилганлигини исботлайди. Қоратепадаги будда ибодатхоналаридан чиққан қимматбаҳо ҳайкаллар ва бошқа тасвирий санъат обидалари, айниқса нодир ва ноёбдир. Бундай тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик ёдгорликлари ўз даврининг ҳаётий, мафкуравий ва диний эътиқодлари, маданий ва маиший ҳаёти тўғрисида маълумот берувчи қимматбаҳо манба ҳисобланади.

Кушон даври археологик ёдгорликларидан бири Фаёзтепа, Эски Термиз деворларининг шимоли ғарбида, Қоратепа текислигининг шимоли-ғарбидан жануби-шарққа йўналтирилган ҳолда қурилган Будда ибодатхонасидир. Ушбу Будда обидасининг қурилган пайти уйсозлик, бинокорлик, ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат, умуман, шаҳарсозлик ва меъморчилик ривожланган Кушон-Бақтрия давлати даврига, яъни милоднинг 111 асрларига тўғри келади.

Фаёзтепа – будда ибодатхонаси ҳаробаси

Кушон даври Термизининг III асрларда қурилган йирик буддавий жамланмаси Фаёзтепа II асрда будда коҳинлари тарафидан ташлаб кетилган, деган ақида мавжуд. Балки бу ҳодисалар ер қимирлаши билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган тахминлар юради.

Археологлар қизиққанга қадар бу тепа номсиз эди, археологларга яқиндан ёрдам бергани учун Сурхондарё вилоят ўлкани ўрганиш музейининг шу йиллардаги директори Раҳмат Фаёзовнинг отаси шарафига бу тепа Фаёзтепа деб аталадиган бўлди ва шу ном билан оламга танилди.

Термиз қўрғони Марказий Осиё қасрига хос кўшк эди, у кўп асрлар кишиларга хизмат қилди. Ислом дини ривожи даврида унинг яқинида қурилган масжид ва бошқа хоналар зиёратга келувчилар учун ётоқхона, сайёҳ дарвешлар учун хонақоҳ вазифасини ўтади. Кўшк вайроналари ҳозирги Катта Ўзбек трактининг Эски Термиз ҳудуди остида қолиб, йўқ бўлиб кетган.

Умуман, кушонлар даврида воҳада иқтисодий-сиёсий ва маданий ҳаёт юксак даражада ривожланган. Кушон ҳукмдорларининг тинимсиз равишда олиб борган урушлари, кўчманчиларнинг ҳужумлари ҳамда бўйсундирилган ўлкаларда мустақиллик учун олиб борилган ҳаракатлар оқибатида кушонлар салтанати инқирозга учрайди. IV аср охирларида тохар қабилалари кушонлар салтанатига хотима беради.

Х.НИШОНОВА, ўқитувчи

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: