Ўзбекистонда ноёб геопарк очилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан ҳамкорликда Китоб геологик қўриқхонасида туристлар учун ноёб геологик машрутни очишни режалаштирмоқда.  Зинзилбоғ кесмаси Эмса базаси Эталон стандарталарига тўла жавоб берувчи дунёнинг ягона ноёб геологик ёдгорлиги бўлишига қарамай шу пайтга қадар у фақат олимлар учун очиқ бўлган ва бу борада икки қўмита вакиллари 2 август куни янги машрут очилишини маълум қилишди.

Мазкур жой бундан 410 миллион йил олдин Дунё океанидан ернинг ажралиб чиқиш жойи сифатида ноёб геологик ёдгорлик саналади. Машрутнинг очилиши 1-3 август кунлари Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтадиган халқаро геотуристик форум доирасида ташкил этилди. Форумдан кўзланган мақсад Ўзбекистонда геотуризмни ривожлантириш учун янги исдиқболлар ва имкониятларни очиш, республиканинг туроператорлари ва геотуризм соҳасидаги илмий доиралар вакиллари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш, янги тур-маҳсулотларни яратиш ва мавжуд йўналишлар ва дастурларни бойитишдан иборат.

–Биз ҳозир эр юзида ҳаёт биринчи марта туғилган жойдамиз. Умид қиламизки, ушбу форумдан сўнг қўриқхона бутун дунё бўйлаб сайёҳлар учун очиқ бўлади, — деди Туризмни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Қосимходжаев. «Бу форум биз учун катта аҳамиятга эга, чунки бу жой халқаро ҳамжамият томонидан ер ривожланишининг геологик тарихи саҳифаларидан бири сифатида эътироф этилган. Агар сиз уни геотуризм нуқтаи назаридан кўриб чиқсангиз, у қўшимча маънога эга бўлади», дейди Геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси маслаҳатчиси Илҳом Турамуратов.

–Бизнинг вазифамиз бутун дунёга ушбу геологик кесманинг фан, тарих, маданият ва туризм ривожи учун учун нечоғли аҳамиятли эканлигини кўрсатишдир, – деб қўшимча қилди маслаҳатчи.  Таъкидлаш лозимки, Геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасига Китоб геологик қўриқхонасини Миллий боғга айлантириш лойиҳаси тақдим этилган ва бу лойиҳа амалга ошса келгусида мазкур ноёб геологик ёдгорликни истаган инсон келиб кўриш имкониятига эга бўлади.

Шу билан бирга, форумда иштирок этаётган олимлар томонидан қўриқхонанинг бутун ҳудудини ўрганиш бўйича зарур илмий ва маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ва Ўзбекистонда биринчи геопаркни халқаро тажриба асосида яратишга ёрдам берадиган йўл харитасини яратиш, бунда табиатга ва геологик ёдгорликка шикаст етказмаган ҳолда сақлаш таклиф этилди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: