МАДАНИЙ МЕРОСИМИЗ ДУНЁ ЭЪТИРОФИДА

Юртимизда бўлиб ўтган маданий мерос ҳафталигида ўз умрини Марказий Осиёнинг маданий-тарихий меросини тадқиқ этиш ва ўрганишга бағишлаган кўплаб машҳур кишилар иштирок этди.

“Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мавзусида ўтган маданий мерос ҳафталиги доирасида 15 дан ортиқ қизиқарли тадбирлар бўлиб ўтди. Улардан бири Самарқанд ўтган “Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусида халқаро анжуман бўлди. ЮНЕСКО шафелигида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган бу йўналишдаги анжуман нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилишидир.
Анжуман муносабати билан ЮНЕСКО бош директори Одри Азуле биринчи марта Ўзбекистонга келди. 300 дан зиёд шарқшунос олимлар, шу жумладан Бутунжаҳон мерос маркази доктори Мечтильд Рислер, Австрия фанлар академияси вице-президенти, Буюк ипак йўлининг таниқли тадқиқотчиси Михаэль Алрам, Давлат Эрмитажи бош директори, Россия фанлар академияси академиги Михаил Пиотровский, академик Александр Сергеев, Марказий Осиё ва Кавказни ўрганиш институти директори, профессор Фредерик Старр, Лувр музейи директори доктор Жан-Люк Мартинес, Рим миллий кутубхонаси директори Андреа Де Паскуале, машҳур француз археологи, Афросиёбдаги ўзбек-француз экспедицияси раҳбари, профессор Франц Грен ва умрини Марказий Осиёнининг маданий-тарихий меросини тадқиқ этиш ва ўрганишга бағишлаган кўплаб машҳур кишилар иштирок этди.

Одри АЗУЛЕ, ЮНЕСКО бош директори:
Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида қайғураётгани ҳукумат вакилларига ва барча ҳамкорларга раҳмат! Бизни жамлаган Самарқанд кўплаб савдо, маданият алоқалари ва тамаддунларга асос бўлган шаҳар. Мен бу ерга келишдан олдин ҳам йўллар ва маданиятлар чорраҳасидаги шаҳар ҳақида билардим ва бу ерга келишни орзу қилардим. Қадимда ушбу шаҳарда бўлган савдогарлар фақатгина ипак ва зираворларни эмас, балки илм-фан дурдоналарини, техник ғоя ва кашфиётларни ҳам бутун дунёга етказишган. Бизнинг тарихимиз уларга алоқадор экан, албатта, биз бу умумий меросимизни ҳамжиҳатликда авайлаб асрашимиз, ўрганишимиз даркор.
Меросни асраш фақатгина ҳукуматнинг вазифаси эмас, ушбу фаолиятга барча одамлар ҳисса қўшишлари керак. Маданий меросни асраш ва консервация қилиш мамлакатнинг ўзи учун ҳам жуда муҳим. Баъзида бу борадаги ишларда қийинчиликлар учрайди. Аммо биз янги йўллар, ташаббуслар ва ғояларни излаб топамиз ва улар асосида маданий меросни сақлаш борасидаги ишларни ривожлантирамиз. Мен шу мақсадни ўзида мужассам этган ташкилотлар ва инсонлар ўртасида алоқалар мустаҳкамланаётганидан мамнунман. Бундай ҳамкрликни биз ҳар доим қўллаб-қувватлаймиз.

Кейин илмий форум шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди. Бу жараёнда “Маданий мерос ва шаҳарни режалаштириш”, “Маданий меросни асрашнинг ҳуқуқий асослари”, “Маданий меросни асрашда таълим ва ахборот технологияларининг ўрни” мавзуларига алоғҳида эътибор қаратилди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси фаолият олиб борди. Конгресс очилишида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари халқ меросини ўрганишга қаратилган лойиҳанинг аҳамияти ҳақида гапирди.
Азиз АБДУҲАКИМОВ, Бош вазир ўринбосари:
─ Ўзбекистон ЮНЕСКО билан ҳамкорликда алоҳида дастур асосида кўпгина хайрли ишларни бажариб келмоқда. Бу Ўзбекистон маданиятига бўлган эътиборнинг ёрқин далилидир. “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар ва маданиятлар” ҳафталиги ҳамда унинг доирасидаги конгресс ҳам шу мақсаддаги ишларни янги босқичга кўтариш ниятида ўтказилмоқда. Ҳафталик доирасида Ўзбекистон тарихининг ажралмас қисми бўлган Ислом маданияти, Темурийлар даври, Кушон цивилизацияси, Сўғд империяси маданияти билан яқиндан таништирилади. Тарих, маданиятни ўрганишдаги қадамлар бу билан тўхтаб қолмайди. Бу масала ҳар доим ҳукумат даражасида кўриб чиқилади.
Эдвард РТВЕЛАДЗЕ, тарих фанлари доктори, профессор:
–Аксарият илмий кашфиётларга ўз замонасида етарли эътибор қаратилмайди. Айрим кашфиётлар бир неча аср ўтиб тан олинади. Бироқ ушбу лойиҳага айни пайтда қизиқиш жуда катта бўлмоқда. Турфа фикрлар, бахслар жараёнида тарихий ҳақиқатлар ўз тасдиғини топмоқда. Биз фахр билан айта оламизки, келажак авлод археологларнинг ҳамкорликдаги тадқиқотлари натижасида қўлга киритилган топилмалардан, нодир асори атиқалардан ўз илмий фаолиятида кенг фойдаланишади.

Ефим РЕЗВАН, тарих фанлари доктори, профессор, Санкт-Петербургдаги Халқаро Исломшунослик маркази раҳбари:
Биз анжуманга Санкт-Петербургда тўпланган материалларни олиб келдик. Аммо Ўзбекистонда бундан-да қизиқарли маълумотларни учратдик. Бундай нуфузли анжуман менга дунёнинг турли бурчакларидан келган ҳамкасбларим билан суҳбатлашиш имконини берди. Мулоқот чоғида ноёб ғоялар, фикрларни эшитдик, кейинчалик улар, албатта, йирик илмий лойиҳаларга асос бўлади. Тошкентга келганим, бутун дун-ёдаги дўстларим билан бевосита учрашиб мулоқот қилиш имкониятига эга бўлганим учун ташкилотчилардан миннатдорман.

Адам Смит АЛБИОН, коллекционер, Осиёлик ёш тадбиркорлар дастури директори (США):

— Бундай оламшумул тадбирга таклиф этилганим мен учун унутилмас воқеа бўлди. Ўйлайманки, кўплаб илм аҳли вакиллари бундай анжуманда қатнашишни орзу қиладиМен ўзим коллекционерман, кўп йиллардан буён Ўзбекистон халқининг ҳунармандчилик санъати намуналарига қизиқаман. Бундан 20 йил муқаддам Нукус шаҳрига келганимда у ердаги машҳур И. В. Савицкий номидаги музейда бўлганман. Ўшанда мени ўзбек, қорақалпоқ амалий санъати турлари ўзига маҳлиё қилган. У ерда кичкинагина миллий мато парчасини сотиб олгандим. Шу тариқа қорақалпоқ ва ўзбек халқ санъати усталари, тарихчилари, музей жамланмалари билан танишдим. Мен ўзбекистонлик санъаткорлар, ҳунармандлар ва уларнинг ижодий фаолияти ҳақида кўп ўқиганман. Бу ердаги тўқимачилик, металл ўймакорлиги каби ҳунарларга жуда қизиқаман ва айта оламанки, ҳозирги вақтда кўпгина Ғарб мамлакатлари бундай нодир санъат турларига катта қизиқиш билан қарамоқда.

Мен бу ерга Ўзбекистондаги халқларнинг амалий саъат турлари ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш ва юртдошларимга етказиш мақсадида келдим. Албатта, ҳафталикка келган Ўзбекистоннинг маданияти ва миллий меросини тадқиқ қилувчи олимлардан тажриба ўрганиш ҳам мен учун жуда муҳим.

Китоб-альбомлар тақдимоти
Тошкентда ўтган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб этиш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг III халқаро Конгрессида Ўзбекистоннинг дунё тўпламларида сақланаётган нодир дурдоналари ҳақидаги кўп жилдли китоб-альбомнинг тақдимоти ўтказилди. Китоб Ўзбекистон, Франция, Буюк Британия, Польша, Чехия, Япония давлатлари етакчи мутахассислари ҳамкорлигида тайёрланган бўлиб, нашрларга QR код орқали муҳим видеоматериаллар илова қилинган.

Абдулҳаким Шаръий ЖУЗЖОНИЙ, юридик фанлар доктори, профессор, Ўзбекистондаги Турон фанлар академияси аъзоси, Ўзбекистон халқаро Бобур фондининг Швециядаги вакили:

– Собиқ Иттифоқ даврида ва ундан олдинги даврларда ҳам ҳеч қачон ўзбек халқининг маданияти, маданий мероси, порлоқ эртасига бунчалик эътибор қаратилмаган. Ўтмишда кўп бойликлар йўққа чиқарилган, нобуд қилинган, нодир китоблар эса куйдирилган, ерга кўмилган. Шунинг учун мустақиллик даврини тикланиш даври деймиз. Айни кунларда Президент ташаббуси билан мустақиллик янги босқичга кўтарилди. Мана шу сиёсат асосида жуда ҳам ажойиб тарихий фаолият бошланди. Бу ҳаракатларнинг тарихийлиги шундаки, улар халқаро миқёсда муҳим аҳамиятга эга. Негаки, бу лойиҳа доирасида минтақа марказида Ўзбекистон маданияти турибди, у Покистон, Хитой, Шарқий Туркистон, Ҳиндистон, Эрон, Араб мамлакатлари ва бошқаларнинг маданий, илмий, бадиий меросларини тўплаб, бирлаштириб боряпти.

Мен лойиҳанинг биринчи йили ҳам иштирок этгандим. Ўтган сафар 10 та китоб-альбом нашр қилинган эди. Мана, бугун шу китоблар 30 тадан ошибди. Агар сиз Ўзбекистонни кўраман десангиз, ўзбек маданиятини, адабиётини, илмини, тарихини ўрганаман десангиз, ўзбеклар ким, Ўрта Осиёда қандай халқлар яшаган, деган саволга жавоб изласангиз, жавобни шу китоблар ичидан топасиз! Бу китоблар барча ноёб дурдоналарни ўзига қамраб олган. Осиё, Африка, Оврупо мамлакатларида, Лондон, Парижда сақланаётган қўлёзма ёдгорликлар, дунёда тенги йўқ, ҳеч ким кўрмаган, ҳеч кимнинг хабари йўқ асарларни ўзида сақлайди бу китоблар!

Ушбу тўпламларнинг аҳамияти шундаки, Ўзбекистондаги Абу Райҳон Беруний номидаги кутубхонада сақланаётган 26 минг нусҳа ҳеч ким кўрмаган дунёда тенги йўқ қўлёзма асарларни ҳам энди ҳамма кўради. Ҳатто Ўзбекистонга кела олмаган одамлар ҳам кўриб, бу ерга келишга қизиқиши ортади. Шунинг учун менинг нуқтаи назаримда бу лойиҳа халқаро аҳамиятга эга.

“Кушон давлати хазинаси” кўргазмаси
Тошкентдаги бадиий санъат галереясида Кушон империясига тааллуқли ноёб экспонатлар кўргазмаси очилди. Унда Сурхондарёнинг Далварзинтепа ҳудудидан топилган эрамизнинг I асрига тегишли 36 килограммга яқин ноёб тилла буюмлар ва шу номдаги ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Жаннат ИСМОИЛОВА, Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори:

–Аждодларимиз мероси хориж музейларида намойиш этилаётгани – бу бизнинг моддий ва маданий меросимиздан бутун дунё фойдаланаяпти, деганидир. Лойиҳанинг яна бир асосий хусусияти, нафақат жаҳон музейларидаги, балки ўзимизнинг Ўзбекистондаги музейларда сақланаётган асори-атиқаларига бағишланган алоҳида китоблар ҳам чоп этилди. Биз ўйлаймизки, айнан Ўзбекистон музейларининг чоп этилган каталоглари ҳозир бутун жаҳонга тарқалади ва бутун жаҳонда яна ўзбек халқи маданияти, тарихи тарғибот-ташвиқот этилади.

Термиз синоатлари
Ҳафталик иштирокчилари Термизнинг Кампиртепа харобаларидан топилган афсонавий порт шаҳар Окс Искандарияси қолдиқларини бориб кўрдилар.

Археологик қазишмалар пайтида Сурхондарёнинг Термиз ҳудудидан 559 та маданий мерос қолдиқлари топилган. Ўзбекистонлик олимлар Кампиртепада тарихчи ва географ Птоломей тилга олган қадим Окс Исандариясини аниқлагани дунё илм аҳли ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Ўтказилган тадқиқотларда олимлар афсонавий Окс Александрияси айнан Кампиртепа ҳудудида мавжуд бўлганини исботлашди. Бу шаҳарчага «Порт шаҳар» номи берилди ва қадимий Окс Искандарияси экани расман маълум қилинди.

Меҳмонлар милодий I-III асрларга мансуб Фаёзтепа будда ибодатхонаси мажмуаси ҳамда Термиз Археология музейига ҳам ташриф буюришди. Улар иштирокида Самарқанд ва Бухоро бўйлаб “Ўзбекистон обидалари нима ҳақида сукут сақлайди?” мавзусида саёҳатлар ташкил этилди.

Бундан ташқари Самарқандда ЮНЕСКО ҳамкорлигида ташкиллаштирилган “Шарқ тароналари” мусиқа фестивалида қатнашдилар. Кўҳна шаҳарлар ва обидалар уларда катта таассурот қолдирди. Бу тассуротлар келгусида амалга ошириладиган кўпгина тадқиқотлар, ёзиладиган китоблар ва мақолалар учун руҳий озуқа бўлиши шубҳасиздир.

Манзура БЕКЖОНОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: