Фарзандкушлар… Улар қаердан пайдо бўляпти?

“Бошига урдинг – бегонага, елкасига қоқдинг – ўзингга бўлди!” дейди доно ҳалқимиз. Бор қилиш ҳам йўқ қилиш ҳам фақат  ўзимизга, қилган сайъ-ҳаракатимизга боғлиқ.

Бирор маълумот излаб, интернетга кираман. Кўплаб ахборотларни кўра туриб, турли видеоларга кўзим тушади. Шунчаки, ўтказиб юборолмайман бу видеоларни. Ортга қайтаман, қанчалик қийин бўлмасин, видеони кўриш тугмасини босаман: Она ёки ота ўз боласини аёвсиз калтаклаётган ва чидаб бўлмас даражада ҳақоратлаётган бўлади… Энг ёмон аянчли ҳолат-норасида гўдакнинг чинқириғи эштилади…

Оёқ-қўлим бўшашади,  юрагим зирқирайди, хайратдан ёқа ушлайман, кўп ҳолларда қон босимимни тушурувчи дори ҳам ичаман. Миямда, онгимда, бўғзимда куйдиргувчи саволлар айланади: Нега?  Нима учун? Қаердан пайдо бўляпти бунақа фарзандфурушлар? Гўдак ҳам инсонку?

Ногоҳ ҳақиқатга тик боқишим кераклигини ўйлайман. Ўзим ҳам она эканлигим, гоҳ  гоҳида фарзандимга  танбеҳ беришимни эслайман. Лекин, ҳа лекин, танбеҳ  бераман: қилган иши хато эканлигини англатиб, мисоллар билан тушунтириб, уни койишим яхши инсон бўлиб улғайиши учун эканлигини тушунтираман, яна тушунтираман, жуда бўлмаса яхши кўрган  мултъфилмини ўчириб қўйиш, ўйинчоғи ёки китобини яшириб қўйиш орқали натижага эришаман.

Шафқатсизлик, разиллик, ношукрлик, ҳимоясиз гўдакларни бу қадар хўрлаш қачон қонимизга сингиб кетди?! Ҳатто жониворлар ҳам боласини ялаб юлқаб, оғзида, тумшуғида емиш ушлаб келаятган, уй, уя қуриб англаб бўлмас аҳил туйғулар билан яшаётган бир пайтда, қаердадир болалар чинқириғи эштилиб турса…Инсонлигингга минг лаънат деб юборамиз!

Ҳиссиётга эрк бермай, сўзларимни илмий тушунтиришга  ҳаракат қиламан. Япониялик кўп қиррали ижодкор, педагог ва психолиг Масару Ибуканинг сўзларини эслайман:” Фарзанд учун энг яхши тарбия- бу ота-онанинг меҳридир. Ота-оналарнинг энг асосий машғулоти- фарзандларни тарбиялаш. Агар улар бунга рози бўлмасалар, унда нима учун фарзандли бўлишди?” Ҳа, ҳақиқат шу ерда, олимнинг сўзи худди ичимдан чиқаётгандек: бунақа ота-оналар фарзандли бўлишга  лойиқмикин?, “Ойи”, “Дада” деб аталишга арзийдими? Авволо, уларнинг ўзи тарбияга муҳтож бўлиб турганда ёки жазога. Менимча қатъий жазога!

Тубанлашиш, чегарадан мутлоқ чиқиш, инсонликдан воз кечиш- балки жуда осондир, лекин унинг оқибатлари, тақдири жуда аянчли якунланмоқда, буни хаёт ҳар дақиқада исботламоқда.

“Бошига урдинг бегонага, елкасига қоқдинг – ўзингга бўлди!” дейди доно ҳалқимиз. Бизнинг илдизимиз, менталитетимиз қандай улуғ қадриятларга бориб туташади ахир. Бор қилиш ҳам йўқ қилиш ҳам фақат  ўзимизга, қилган сайъ-ҳаракатимизга боғлиқ.

Бола тарбияси – мураккаб жараён. Айниқса, тарбия жараёнида сўзнинг куч-қудрати мислсиздир. Бироқ сўздан сўзнинг фарқи бор. Масалан, фарзандимиз руҳиятини юксакликка кўтарувчи эркалатмалардан санаб бероламизми? Қайси ширин сўзимиздан боламиз яйраб кетади, чеҳраси очилади, аксинча, қайси биридан кўнгли ўксиб, юзи тундлашади? “Эркалатсанг – эр бўлади” деб бежизга айтишмаган. Ўғлимизга “Полвоним, арслоним, шунқорим” деб, қизимизга «Фариштам, маликам, шириним” деб чақирайлик, ўшанда унинг ҳаётга, ўз келажагига қандай муносабатда бўлишини кузатайлик. Фарзандларимиз кучли, масъулиятли, ақлли, зийрак, ораста, ширинсўз, одобли бўлиб улғаяди. Чунки у мурғак идроки билан меҳрни, меҳрни ифодаловчи сўзни, товушнинг сеҳрини англайди.

Кечалари жигаргўшаларимизга алла-ю эртак айтайлик, мусиқа тинглашни, китоб ўқишни ўргатайлик, у билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, ўзи қизиққан спорт турига берайлик, у билан сайр қилиб орзулари ҳақида суҳбатлашайлик, мақтайлик, унинг борлигидан бахтиёр эканлигимизни билдирайлик…

Аслида, ҳам шундай эмасми?! Фарзандларимиз бизнинг ўзимиз, келажагимиз, тангри берган улуғ ва буюк неъматимизку! Уларни таҳқирлашга, хўрлашга ҳеч кимнинг, ҳатто дунёга келтирган ота-оаниннг ҳам ҳаққи йўқ!

Болажонлар бахтли оилада бенуқсон тарбия кўриб, қўрқмай, руҳи синмай, сазаси ўлмай улғайса улардан шер юракли, алп қомат, мард, ширинсўз, одобли, ақлли, зийрак,  билимли, ўзига ишонган, бизнинг ҳам ишончимизни оқлайдиган инсонлар етишиб чиқади!

Дилноза МУРОДОВА

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: