Доғларга қуёш сабабми ёки касаллик? 

Нафақат қуёши нури, балки айрим касалликлар ҳам терида, юз, бўйин ва қўлларда доғлар пайдо бўлишига “ҳисса” қўшиши мумкин.  Хўш, қандай касалликлар юзга доғ тушишига олиб келади?

Онангизда ҳам бўлганми?

Агар аёлнинг онаси, опаси ва холаларида юз, қўл терисига доғ тушиши кузатилган бўлса, бу муаммо уни ҳам четлаб ўтмаслиги мумкин. Лекин доғларга қарши курашмасдан жим ўтириш ҳам тўғримас. Бундай ҳолларда табиий косметологик усуллар ёрдамида доғлардан қутулиш ёки уларнинг рангини очартириш мумкин.

Асабиймисиз?

Ҳаётда учрайдиган бирон муаммо, стресс ёки йўқотишдан организмда кучли зўриқиш кузатилади. Бу танада бевосита моддалар алмашинувини издан чиқаради. Айниқса, гормонал тизим бу вақтда биринчилардан бўлиб иш ташлаш эълон қилади.

Ўтиш ёшидамисиз?

Ҳомиладорлик, болани кўкрак сути билан боқиш даври, шунингдек, туғруқдан сўнг ва менопауза вақтида юз териси ранги ўзгаради. Гормонлар меъёрига тушиши билан бу ҳолат ўтиб кетади. Агар доғлар йўқолмаса гинекологга мурожаат қилинг.

Жароҳатнинг ўрни борми?

Ҳуснбузар, фурункулёз, кимёвий куйишлардан сўнг терида жароҳат қолса, у доғга айланиши мумкин. Бундай пайтда фақат комплекс даво чораларигина муаммога ечим бўла олади.

Жигар ва ўт қопида ишлар қалай?

Жигар ва ўт йўлларида муаммо мавжуд бўлса, юзда сутранг ёки тўқ жигарранг доғ пайдо бўлади. Буйраклар касалланганида эса сарғиш-жигарранг доғлар кўзга ташланади.

Гижжалар йўқми?

Ингичка ва йўғон ичаклардаги гижжалар ва уларнинг қолдиқлари танага сўрилиб терида доғлар пайдо бўлишиа олиб келади. Шунирнг учун ҳар 6 ой-1 йилда организмдаги гельминтлар бор ёки йўқлигини текширтириб туринг.

Кўп дори ичдингизми?

Баъзан узоқ вақт қабул қилинган контрацептив воситалардан сўнг юзда билинар-билинмас доғ ёки тошмалар пайдо бўлади. Шунингдек, айрим антибиотиклар ҳам пигмент доғларнинг йўлини очиши мумкин.

Витамин етишмайдими?

Кўпинча, С витамини танқислиги тери рангининг ўзгариши, аниқроғи, рангпарликни келтириб чиқаради. Борди-ю дармондори етишмовчилиги кучли бўлса, юз-қўлларда оқиш-жигарранг доғлар пайдо бўлиши мумкин.

Косметикангиз қанақа?

Шунингдек, косметика воситаларидан нотўғри фойдаланиш (муддати ўтган, мавсумга мос бўлмаган) ҳам юз терисини қийин аҳволга солиб қўяди.

Доғдан қутулиш чоралари

Баҳордаги каби кузги офтоб нурида ҳам тери қорайиши, бироз доғ тушиши мумкин. Қуёшдан сақланишнинг йўли осон. Магазинларнинг атторлик бўлимида таркибида терини қуёш нуридан асровчи SPF, UVA ва UVB ёзувли кремлар сотилади. Бундай кремлар қуёш нури таъсиридан сақлаш хусусиятига эга. Юзингиз териси қуруқ бўлса, аввал намлантирувчи кремни, унинг устидан қуёшдан ҳимояловчи кремни суртинг.

Терини парвариш қилишдан эринманг. Салатларга тўғраган резавор ёки сабзавотларни сувини чиқариб юзга ҳам суртиб туринг. Бу юзни озиқлантиришга ёрдам беради. Эрталаб намлантирувчи, кечқурун озиқлантирувчи кремлардан фойдаланиш керак.

Юзингиз қизиб турганда қатиқ суртманг. ундаги кислоталар терига зарар бериши мумкин. Ҳар куни эрталаб совиткичда музлатиб қўйилган петрешка сувини суртинг. Юзингизга муз бўлакларини суртсангиз унинг таранг ва силлиқ бўлишига ҳам ёрдам беради.

Касалликдан тушган доғларни нима қиламиз?

Организмдаги бузилишлар натижасида терига тушган пигмент доғларни оқартириш йўллари ҳам кўп. Аммо ўзингиз бировларнинг маслаҳати билан даволанманг. Юз – инсоннинг қиёфаси, гўзаллиги. Шунинг учун яхшиси, мутахассисга мурожаат этинг. Асосий касалликни даволатсангиз юз ва бадандаги доғлардан ҳам халос бўласиз. Ўзингиз ҳам уйда организмни тозалаш усулларидан фойдаланинг. Ҳуқна қилиш, кўп сув ичиш, мева-чеваларни кўпроқ истеъмол қилиш ҳам танани терида акс этадиган зарарлардан тозалашга ёрдам беради. Уйда эса лимон ва бодрингли ниқоблар, шунингдек, симобли, руҳ моддаси қўшилган кремлар тавсия қилинади. Улар терининг зарарланган устки қавати тушиб кетишига ва янги тери чиқишига замин яратади.

Франгиз ОТАБОЕВА тайёрлади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: