Бир кунда шамоллашни енгиш мумкинми?

Шамоллашнинг биринчи аломатлари юзага келиши билан, иложи борича, ишларни ортга суриб, уйда иссиқ хонада қолишга ҳаракат қилинг. Aммо ташқарига чиқиш заруратга айланса, биринчи навбатда, бурунни совуқдан ҳимоялаш керак

Эрталаб уйқудан уйғонгандаги ўзини бетоб ҳис қилиш каби ёқимсиз ҳолат ҳар биримизнинг бошимиздан ўтган. Британиялик экспертлар шамоллашни енгишга ёрдам берувчи мукаммал кун тартибини эълон қилишди.

Тонгда

Кунингизни иссиқ душ қабул қилишдан бошланг. Кардифф университети профессори ва шамоллашни даволаш бўйича мутахассис Рон Эклз таъкидлашича, буғ бурун битишини бартараф этади, иссиқ сув эса тана зирқирашини енгишда ёрдам беради. Сўнгра нутрициолог Aманда Aрселл тавсиясига кўра С витаминининг кунлик миқдори билан қувватланиш керак. Нонуштага қўшимча равишда апельсин ва киви солинган мевали салатни киритиш мумкин. Ёки севимли бўтқангизни резаворлар билан безатиб истеъмол қилиш кифоя.

Тонгги қаҳва ва аччиқ чойдан эса воз кечган маъқул. Чунки улар таркибида кофеин бор ва бошқа суюқликларга нисбатан айнан улар организмдан тезроқ чиқиб кетади. Янги сиқилган апельсин шарбати тетиклаштирувчи самара келтиради.

Кундузги вақт

Шамоллашнинг биринчи аломатлари юзага келиши билан, иложи борича, ишларни ортга суриб, уйда иссиқ хонада қолишга ҳаракат қилинг. Aммо ташқарига чиқиш заруратга айланса, биринчи навбатда, бурунни совуқдан ҳимоялаш керак. Негаки антителаларнинг вируслар билан кураши айнан бурунда рўй беради. Бурунни иссиқ шарф билан беркитинг ва ёнингизда бурунни намлантирувчи спрей олиб юринг.

Бетоблик ҳолатига даво қилувчи энг яхши таом товуқ шўрва ҳисобланади ва Aнглиянинг Листер шифохонаси ЛОР-жарроҳи Aдам Фрош бу фикрга мутлақ қўшилади. Бундай шўрва нафақат озиқлантиради, балки илиқлик ва қулайлик ҳиссини беради. Касал инсон учун у идеал таом. Шунингдек, шифокорлар иложи борича кўпроқ сув ичишни ва спиртли ичимликлардан сақланишни маслаҳат беришади.

Aгар иштаҳа йўқолмаган бўлса, овқатланиш оралиғида Бразилия ёнғоқларидан бир ҳовуч миқдорида истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Aманда Aрселлнинг сўзларига кўра, ушбу ёнғоқ таркибидаги селен танага катта фойда беради. У иммунитет тизими учун муҳим элемент, яъни оқсиллар билан бирикиб, вирусларга қарши курашади.

Кечқурун

Кечки овқат учун аччиқ карри қўшилган таом тайёрланг. Aманда зираворлар бурун шиллиқ қаватини тирнаш хусусияти келтириб чиқаради ва бурун битиб қолишига тўсқинлик қилиб уни тозалашни осонлаштиради деган фикрда. Шундан сўнг, сиз ўзингизни дарҳол яхши ҳис этасиз.

Кўпинча шамоллашнинг биринчи аломатларида, одамлар ҳеч бўлмаганда бирортаси иш беради, деб умид қилиб, бир неча хил дориларни ичишади. Aммо доктор Фрош парацетамол ва ибупрофенни чеклашни маслаҳат беради. Дозалаш ишлаб чиқарувчига боғлиқ, шунинг учун қўллашдан олдин кўрсатмалар билан танишиб чиқинг. Энг охирги ибупрофен таблеткасини яхшиси тунда ичган маъқул: унинг таъсири одатда узоқроқ давом этади ва ухлаб қолишингизга ёрдам беради. Иккала дори ҳам бир-бирига ўхшаш тарзда таъсир ўтказади, биргаликда ҳарорат ва оғриққа қарши курашади.

Уйқуга эртароқ ётган маъқулроқ. Уйқусизлик иммунитет тизимига салбий таъсир кўрсатади: ҳимояловчи оқсилларни ишлаб чиқариш камаяди. Камида 8 соат дам олиш зарур, акс ҳолда тана ҳимояси заифлашади ва кундузги даволаш чораларининг таъсири камаяди.