Миллий ва замонавий архитектура мамлакат имижига хизмат қилади

Зеро, асрий анъаналаримиз, отамерос қадриятларимизнинг бугунги кундаги энг диққатга сазовар жиҳати ҳам бу қадимий обидаларнинг бетакрорлги, ўта пухта меъморчилик услублари асосида бунёд этилгани ва бугунги кунгача яхши ҳолатда етиб келганидир.

Пойтахтимиздаги Тошкент архитектура қурилиш институти ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази замонавий архитектура анъаналарини соҳа мутахассисларига ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича фаолият юритади. Айни пайтда бу борада олиб борилаётган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида маълумот олиш учун марказ директори Санъат Маткаримовга юзландик.

–  Бугун ҳар бир мамлакат ўзининг иминджига эга бўлишда шаҳарсозлик принципларига алоҳида аҳамият қаратади, – дейди суҳбатдошимиз. – Ривожланган давлатларда замонавий бинолар, осмонўпар иморатлар, ноанъанавий уй-жойларнинг структурасига алоҳида эътибор билан ёндашилганилигини кўришимиз мумкин. Бунда ўша халқнинг ўтмиши, қадриятлари, бой тарихий мероси ҳам ҳисобга олинади. Замонавий ва қадимий архитектура биноларининг уйғунлиги эса янгича йўналишларни, имижларни рўёбга чиқаради.

Ҳудди шундай, бизнинг юртимизда ҳам бу бўйича жуда катта тажриба, бой мерос бор. Самарқанд, Бухоро, Хива каби ўнлаб шаҳарларимиздаги қадимий обидалар, мадрасаю, масжидлар, работлар ҳаммаси ўтмишда бизда жуда катта илмли, тарих, геодезия, астрономия, кадастр, арифметика, чизмачилик каби ўнлаб фанларни пухта ўзлаштирган меъморлар ўтганлигини, улар минтақанинг иқлимини, географик тузилишини, халқнинг орзу-истакларини жуда яхши билганлигини кўришимиз мумкин. Ҳозиргача минглаб туристларни ўзига жалб этаётган бу обидаларнинг асрлар суронига, об-ҳаво инжиқликларига дош бериб турганлиги айниқса ҳайратланарли. Бу борада ҳали ўрганишимиз ва ўргатишимиз керак бўлган жуда кўплаб жиҳатлар бор.

Бугунги шаҳарсозлигимизда ана шундай анъаналарни ўрганиб, шу соҳага бош-қош бўлиб, чиройли ва қулай биноларни лойиҳалаштиришни мақсад қилган мутхассисларнинг малакасини оширишга, уларни замон билан ҳамнафас бўлишига кўмаклашяпмиз. Шу маънода тармоқ марказининг мақсади – олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, архитектура-қурилиш иқтисодиёти ва коммунал хўжалиги соҳаларини замонавий янгиликлар билан уйғунлаштириш, тармоқдаги инновацияларни таълим жараёнига жорий қилиш, профессор-ўқитувчиларга ўз соҳалари бўйича янги техника ва технологияларни ўзлаштиришга кўмаклашишдан иборатдир. Бу фаолиятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қулай имкониятлар яратилмоқда.

Айни пайтда юқоридаги ҳужжатда кўзда тутилганидек узлуксиз малака ошириш курслари ташкил қилинди. Айни пайтда профессор-ўқитувчилар мустақил ва муқобил равишда малака оширишлари мумкин.

“Бино ва иншоотлар қурилиши” қайта тайёрлаш ва малака ошириш йўналиши тингловчилари учун “Лойиҳалаш ва қурилишда ахборот технологияларини қўллаш” модули мавзусида видео дарслик яратилди. Тармоқ марказида тингловчиларга бутунжаҳон маълумотлар базасига кириш учун қулай имконият тақдим этилди. Жумладан, оптик толали кабель линияси ўтказилди ва оптик тола ёрдамида интернет провайдерга уланиш амалга оширилди, статик манзил олиниб, марказ Scopus ва ScienceDirect халқаро илмий-техник маълумотлар базасида рўйхатдан ўтказилди. Шунингдек телеграмм тармоғида @Markaztaqi канали яратилди.

Ҳозирда ушбу канал орқали ўқув курси малака ошириш курси давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси, ҳафталик дарс жадваллари, эълонлар, барча маълумотлар керакли пайтда жадвал асосида тарқатилмоқда.

Бундан ташқари, соҳа янгиликлари ва янгича усулларни ўрганиш мақсадида ходимларни дунёнинг ривожланган давлатларига малака оширишга юборяпмиз. Жумладан, АҚШ, Германия, Франция, Беларусия, Россия каби давлатларнинг архитектура институтлари, мактаблари билан илмий-ижодий ҳамкорликни йўлга қўйдик. Бундан мақсад фақатгина улардан ўрганиш эмас, балки улар қизиқаётган тарихий обидалар яратилишидаги қадимий ва бетакрор услубларни ўргатиш, оммалаштиришга ва тажриба алмашишга ҳам қаратилади. Қолаверса, ҳамкорларимиз эски шаҳарлар ва уларнинг бугунги ҳолати, реставрация усуллари, 2500 йилдан буён қад кериб турган миноралар, мадраса ва мақбараларимиз умрини асрларга тенглаштирган сир-синоатлар, миллий меъморчилик санъатимизнинг ўзига хослиги, афзалликлари бўйича кенгроқ маълумот олишга қизиқишяпти. Ўйлайманки, ўзаро алоқаларимиз самараси келгусида архитектура соҳасида таълим сифатини янада яхшилашга, жаҳон архитектураси ҳамда бобомерос меъморчилик дурдоналари каби юртнинг бугуни ва эртасига даҳлдор иморатлар бунёд этилишига туртки бўлади.

Наргиза АСАДОВА суҳбатлашди

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: