Тарбияни сўзда эмас, амалда сингдириш самарали

Президент Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган йиғилишда мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиши зарурлигини таъкидлаганди. Дарҳақиқат, бу масалани фақатгина давлат, ҳукумат ва ҳокимият даражасида ҳал қилиб бўлмайди. Бу бутун жамиятнинг ишидир. Умуман мактабни, таълим тизимини ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди.

Шу маънода айтганда, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида айни пайтда тинимсиз ҳаракат қилинаяпти. Сабабки, одам ўз ҳуқуқини яхши англамагани учун ҳам ишда, таълимда, бизнесда, умуман, ҳаётнинг турли жабҳаларида муаммоларга дуч келади. Ҳозир ҳуқуқий маданиятни шакллантиришни боғчадан, мактабдан бошлаш керак, деган тамойил илгари сурилмоқда.

Ҳозирги кунда республикамизнинг умумтаълим мактабларида ўқитилаётган жами 21 та фан доирасида ўқувчи-ёшларимизга 1-синфдан тортиб, 11-синфга қадар ҳуқуқий таълим бериш йўлга қўйилган. Шунингдек, жорий ўқув йилида биринчи марта янгилик сифатида 9-синф “Конституциявий ҳуқуқ асослари” дарслигига замонавий QR-коди ўрнатилди ҳамда ўқитувчи ва ўқувчиларга ушбу коддан фойдаланган ҳолда ҳуқуққа доир қўшимча материаллардан фойдаланиш имконияти яратилди. Дарсликлар янги қабул қилинган қонунлар ва ҳуқуққа доир маълумотлар билан бойитилаяпти. Жумладан, қонунчиликда вояга етмаганларнинг жавобгарлиги масаласидаги ўзгаришлар, шахс ва жамият муносабатлари ҳамда шахснинг жамиятдаги ўрни каби жиҳатлар дарсликларда алоҳида мавзу сифатида ёритилди.

Халқ таълими соҳасида ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан вазирликнинг тегишли бошқармалари билан ҳамкорликда ўқув адабиётларни яратишда таълим муассасалари ўқувчилари, ўқитувчилари ва ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олинмоқда. Шу жумладан, амалдаги адабиётлардаги нуқсон ва камчиликларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида янги механизм, яъни ишчи/.ес1ирог[а1.и2 ахборот-таълим портали базасида “Дарсликлар муҳокамаси тизими” ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Шу билан бирга, ҳуқуқ фанларига оид дарсликлар ва қўлланмаларда, мазкур фанларни ўкитиш жараёнларида такрорланишларнинг олдини олиш ҳамда мураккаб терминологияни қўллашдан сақланиш бўйича ҳуқуқий дарсликлар муаллифлари билан самарали ҳамкорлик муҳити яратилди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 21 майда “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Мазкур қарор асосида Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатлар таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартибини белгилайди ҳамда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши, давлат ва жамият манфаатлари йўлида ўқувчи ёшларнинг соғлиғини сақлашда хавф-хатарларни камайтириш, таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган. Унга кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ўқитувчи ва бошқа шахслар уяли алоқа воситасини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Телефон фақат махсус ғилофларда, сумка ва портфелларда олиб юрилиши керак. Таълим олувчиларга телефон воситаларини бўйинга осиб юриш, шим ва юбка чўнтакларида олиб юриш, дарс вақтида эса улардан фойдаланиш тақиқланади.

Бошқа томондан биз фарзандларимизни электрон ускуналар имкониятидан чеклаб қўя олмаймиз. Янги технологиялар ёрдамида болаларимиз янги билимларга эга бўлишлари мумкин. Мисол учун, бу йил биз баъзи дарсликларимизда QR-кодларни жорий этдик. Бу кодлар ёрдамида ўқувчилар қўшимча маълумотларга эга бўлади, жумладан видео ёрдамида. Биз, аввало, фарзандларимизга технологиялардан тўғри фойдаланишни ўргатишимиз керак. Шунда улар технологияни фақат билим олиш, янги нарсалар яратиш учун ишлатадилар.

Бундан ташқари, ўқувчиларимиз босма ёки электрон кўринишдаги китобларни ўқиши жуда муҳим. Ҳозирда кўплаб китоблар электрон нусхада чиқарилмоқда.  Кимгадир қоғозда, кимгадир электрон ускуна орқали, кимгадир аудио китобни тинглаш қулай. Асосийси, болаларимизнинг китоб ўқишидир. Қандай кўринишда бўлмасин, кўп китоб ўқисалар, фарзандларимизнинг дунёқараши кенгаяди, тасаввур доираси, ҳис-туйғулари ривожланади. Бу борада ота-оналар фарзандларига ўрнак бўлишлари керак. Бирга китоб ўқишса, болаларнинг ҳам китоб ўқишга қизиқиши ортади.

Ёшларга, аввало, катталар билими ва ахлоқи билан ўрнак бўлиши зарур. Унутмайликки, фарзандимизга тарбияни сўз билан эмас, амалда қилаётган ҳаракатларимиз орқали берамиз.

Латофат АЗИМОВА, ўқитувчи

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: