«Сардоба”даги кўнгилсиз ҳодисага нима сабаб бўлган?

2019 йилнинг иккинчи ярми ва 2020 йилнинг бошида юртимизда рўй бераётган турли воқеаларга муносабат билдириб келдим, аммо уларнинг ҳаммаси бир бўлди-ю, 2020 йилнинг 1 май куни содир бўлган сув омборининг 6 пикетидан сув ёриб чиқиши бир тараф бўлди.

“Сардоба”даги кўнгилсиз ҳодисага нима сабаб бўлган?
Бу саволларни кўпчилик беради бундан кейин. Аммо аниқ жавоб бўлиши …
Мен эса оддийгина эксперт хулосаси даражасида холис фикр билдириб ўтишни жоиз деб билдим.

Ҳар қандай гидротехник иншоот муттасил кузатув ҳолатида бўлади. Агар бунга панжа орасидан қаралган бўлса – бу ҳолда мутахассис ва ходимларнинг барчаси жавобгарликка тортилиши лозим.
Энди масалага босқичма-босқич ёндашамиз.
Сув омборини жойлаштириш пайида гидротехник хулосалардан ташқари гидрогеологик ва геологик хулосаларга ҳам эга бўлиш лозим эоди. Бу нарсаларни номига расмийлаштириб берганлар ҳам бугун уй-жойидан ажралганлар олдида тиз чўкиб илтижо қилишлари лозим.
Қурилиш учун жалб қилинадиган барча молиявий, технологик ва услубий заҳираларнинг барчасини асослаган техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилган бўлади. Хўш, уларнинг ўз ўрнида ишлатилганини ким текшириб олади? Оддийгина жавоб бор – иншоотни қабул қилганлар ҳам бу тадбирни номига қилган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.
Бу икки айблов нима учун айтилаяпди?  Сабаби – сув деворни енгиб ўтиб, ювқиб кетганидан кейинги ҳолатга эътибор қаратиш керак. Сув қайси тарафга қараб интилади, доим нишаблиги чуқурликка қараган тарафга қараб йўналади. Сув ювиб чиқаётган жойда текис оқиб ўтиш жараёни кузатилмаган. Сув деворнигина ювмаган, аслида у деворнинг остки қисмини бўктириб у ерда ўзига йўл очган. Демак, айнан шу жойда гидроизоляция қоидалари қўпол равишда бузилган.
Геологик маълумотим бўлгани, гидрогеологик соҳадан ҳам сал бўлса-да хабарим борлиги сабабли сув сизиб чиқиши бир кун ёки қисқа даврда юзага келмаслиги аниқ деб айта оламан.
Сув омборини ўраб турган деворлар устида бетон тўсиққа ўхшаш декоратив оқ рангдаги сув мавжини эслатувчи тўсиққа эътибор қаратинг. Шу тўсиқнинг ёнида эса катта юк автомашинаси сиғадиган кенгликдаги йўл борлигига эътибор қилинг. Шу тўсиқнинг юқори қисмида кузатув хизмати доимий ҳаракатда бўлиши лозим.
Яна бир камчилик – деворларнинг ўзида ҳаракат датчиклари қўйилмагани эҳтимол, сабаби – фавқулотда ҳолат содир бўлган вақти айтилган, агар айтилган ускуналар бўлганида бу ҳолат аста-секин юзага келаётгани тушунарли бўлган бўларди.
Айтилганидан тўсатдан содир бўлган деб тушунсак ҳам сув омборларини тошиб чиқиши ёки шу ҳолатга ўхшаб ювилиш оқибатида деворларни бузиб чиқиши ҳолатида сувга азот орқали таъсир қилиб сув йўлини тўсиш эҳтиёт чораси кўрилиши учун ҳарбийлаштирилган қисм жавобгар бўлиши лозим эди. Шундай эҳтиёт чораси кўрилмаган деб ҳисоблайлик ҳам, лекин бундай ҳолатлар юзага келганда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўлиқ ишлаб чиқилиб, Сирдарё вилоятидек ирригация ва мелиорация тизими яхши ривожланган (бунинг асосий сабаби – шўрни ювиш орқали экин майдонларининг асосий ҳажми ушлаб турилиши кўпчиликка маълум) ҳудудда сувни йўналтириш ва унинг безарар оқиб кетишини таъминлаш бўйича ишлар амалга оширилган бўлиши лозим эди.
Юқоридагиларни барчасини йиғиштириб келсак – охирги йилларда инновацион ривожланиш йўлида кетаяпмиз ёки яна алланималар деб бонг уриш ортида сифатсиз иш учун жавобгарлик ҳиссини сезмай қолган ҳамюртларимиз кўпайиб бораётгани ачинарли ҳолат. Бугунги содир бўлган бахтсиз воқеанинг сабабчилари кўп, сабаблари ҳам мўл, аммо уларнинг қайси қисми жавоб беришини вақт кўрсатади.
Менга қолса шу ҳодисанинг юзага келишига ўзини алоқадор деб билган одамлар шахсий масъулиятларини виждонан қилмаганларини бўйнига олиб халқ олдига чиқишлари керак, деб ҳисоблайман.

Табиий ёғингарчилик сабабидан бу нарса содир бўлган деб кўрсатганларни оғзига уриш керак! Сабаби, бундай гидротехник иншоотларнинн сув сиғдира олмай қолган тақдирда сув омборидан сувни ташқарига чиқариш тизими мукаммал ишланган бўлиши лозим. Етмаганига бу воқеа сув ҳажми мўлжалдан ортиқ бўлгани учун содир бўлмаганлиги аниқ.
Яна бир жиҳат сув омборлари гидротехник иншоот сифатида ер қимирлаши ва дарзликлар келиб чиққан ҳолатида эҳтиёт чоралари ҳам кўзда тутилиб, унга яхшигина маблағ сарфланган бўлиши аниқ.

Биз бир нарсани аниқ тушунишимиз лозим – бу каби иншоотлар лойдан девор ясаб, кам харажат қилиб сув йиғиш майдони эмас! Демак, бундай иншоотлар учун жавобгарлар ўзларининг шахсий манфаатларидан кечиб, оддий халқ олдида масъулиятларини тўлиқ ҳис қилиши ортидан бундай бахтсиз ҳолатлар юзага келмаслиги кафолатланади.

Сайдагзам ХАБИБУЛЛАЕВ,
табиий заҳиралар геологияси
бўйича холис эксперт.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: