Ислоҳотлар жараёнида ўқитувчиларнинг масъулияти нималардан иборат?

Ҳаётхон РАСУЛЕВА, ЎзХИА академик лицейи ўқитувчиси

Дарҳақиқат, мамлакат келажагини бугунги таълим олаётган эртаси умидли ёшлар белгилайди. Шуни инобатга олиб, айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг таклиф ва ташаббуслари билан таълим тизимида катта ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Жумладан, 2021  ўқув йилида ҳам ўрта-махсус таълим тизимида бир қатор ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Президентимиз томонидан имзоланган янги қарорга асосан ОТМлар қошидаги академик лицейлар фаолияти ва таълим жараёнига ўзгартиришлар киритиляпти. Жумладан, академик лицейлар таълим самарадорлигини ошириш ва уларни рейтинг тизими асосида баҳолаб боришга катта эътибор қаратилмоқда.

Қарорда  сўнгги уч йил мобайнида таълим сифатига оид кўрсаткичларида салбий динамика кузатилган ва рейтингда сўнгги 5 та ўриндан бирини эгаллаган ўқув муассасалари қайта ташкил этилиши айтилган. Хўш, ушбу рейтинг лицейларнинг қайси жаҳатларини назарда тутади, бу рейтинг кўрсаткичларининг юксалишида ўқитувчиларнинг вазифалари нималардан иборат? Келинг, бу борадаги имкониятларимизни таҳлил қилиб, масъулият ва мажбуриятларимиз ҳақида фикр юритамиз.

2020 йил 3 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўрта-махсус таълим муассасаларини ривожлантириш борасида “Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Унда иқтидорли ёшларни академик лицейларга саралаб олиш тизимини ташкил этиш, лицейларда таълим сифатини мунтазам ошириб бориш, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этишда шахсан муассаса раҳбарлари ҳамда ҳузурида академик лицей бўлган ОТМ ректор ва проректорлари  масъул этиб белгиланди.

Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, ДХХ, Миллий гвардия тизимидаги ОТМлар, шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари ҳузуридаги академик лицейларда ёшларга таълим беришда иқтидорли ёшларни саралаб олиш, чуқурлаштирилган дастурлар асосида ўқитиш; ўқувчиларда  интеллектуал салоҳият, илм-фанга бўлган қизиқишни ошириш,  фан олимпиадаларидаги иштирокини кенгайтириш кабиларга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланди.

Шунингдек, қарорда академик лицейларда таълим сифатини яхшилаш,  ахборот-коммуникация ва таълим технологиялари билан таъминлаш, ўқувчиларни “устоз-шогирд” тизими асосида малакали мутахассисларга бириктириш; педагоглар малакасини ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини ислоҳ қилиш бўйича топшириқлар берилган.

Яна умумтаълим фанлари ҳисобига чуқурлаштирилган фанлар соатини ошириш ва камида 50 фоизга етказиш; 1-2 босқич ўқувчиларига қўйилган мажбурий талабларни шакллантириш билан бирга уларнинг иқтидорини ҳар томонлама ривожлантирувчи ўқув дастурлари асосида ўқитиш тартиблари белгилаб берилган.

Қарорга мувофиқ, эндиликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда академик лицейлар мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар томонидан 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларга иқтидорли ёшларни саралаб олиш механизми жорий этилади.

Хусусан, тажриба тариқасида, дастлабки босқичда маълум академик лицейларга ДТМ томонидан ўтказиладиган тест синовлари ва  ёзма имтиҳон асосида иқтидорли ёшлар саралаб олинади.

Бундай икки босқичли синов имтиҳонларнинг афзаллиги шуки, ўқувчиларда интеллектуал фикрлаш қобилияти ривожланишига туртки беради. Маълум мавзуда ҳеч қандай интернет ва бошқа манбалардан фойдаланмай ёзма имтиҳон топшириш аввалги ОТМга кириш тизимига ўхшаб кетади. Яъни ёшлар ўзларининг билим даражасини ўз фикрлари билан ёзиб намоён қилишади. Бу тизим ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ёзма иш имло хатолари устида ишлашлари ва ўз-ўзини мукаммаллаштиришлари учун ҳам имкониятдир.

Янги тартибларга кўра имтиҳонларнинг якуний натижалари ҳам интернетда онлайн тартибда ёритиб борилади. Бу эса синовлар якунидаги ҳамда лицейлар рейтингини юритишдаги шаффофликни таъминлашга ёрдам беради.

Албатта, ҳукумат қарорига мувофиқ академик лицейларда таълим фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш тизимининг рақамлаштирилиши, таълим самарадорлиги, яратилган шароитлар, қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигини мунтазам равишда ўрганиб бориш ва баҳо беришга имконият яратади.

Булардан ташқари, қарорда 2021 йилдан таълимда илғор хорижий мамлакатлар, шу жумладан, финляндиялик  экспертларни жалб қилиш бўйича белгиланган вазифалар ҳам диққатга сазовордир.

Мазкур қарорда биз, академик лицейлар ўқитувчилари  учун ҳам бир қатор вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, педагогларнинг  унификация қилинган фанлар бўйича дарс машғулотларини олиб бориши, илғор ўқитиш услубларининг академик лицей таълим жараёнига мос равишда татбиқ этилиши  ҳамда маҳорат дарсларини ўтказиши, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида турли танловлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ҳозирги интернет ва бошқа технологиялар ривожланган ахборот даврида чет тилларини билиш қанчалик фойдали ва зарур эканлиги ўз-ўзидан аён бўлиб қолмоқда. Шу ўринда, энди академик лицейлар ўқитувчиларига чет тилларини билиш бўйича ҳам алоҳида талаблар қўйилади.

Кадрларни жалб қилишда аввалги камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлиш тўғрисидаги талаб бекор қилинаётгани ҳам муҳимдир. Негаки айни пайтда юртимизда ва хорижда ўқиган замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган кенг салоҳиятли ёшлар кўп. Улар ушбу талаб туфайли олдин лицейларга ишга киришолмасди. Энди шундай ёшларга  ҳам ўз билим ва истеъдодини, ёшликдаги куч-қувватини таълим тизимини ривожлантиришга сарфлашлари учун имкониятлар яратилади.

Қарорга кўра, биз пандемия карантини даврида ўзлаштириб олган  масофавий  ўқитиш тизимига рухсат берилгани ҳам айни муддао бўлди. Негаки анъанавий ўқитиш тизими билан масофавий тизимнинг бирга олиб борилиши кўп жиҳатдан афзалликларга эга. Бунда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг интернет ва технологиялар борасидаги саводхонлиги ошади, қолаверса, бу тизим уларнинг бўш вақтларини режалаштиришга ҳамда транспорт ва бошқа харажатларга кетадиган маблағларини иқтисод қилишларига имкон беради.

Президент қарорига мувофиқ тегишли ОТМнинг молиявий имкониятидан келиб чиқиб, академик лицейларда ўрнак кўрсатган педагог ходимларга маошларининг 100 фоизигача миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланиши белгилангани ҳам биз учун бир рағбатдир. Бу жуда тўғри ўйланган тизим бўлиб, бундай шароитда педагоглар ўртасида самарали фаолият, ўзаро соғлом рақобат, масъулиятни англаш каби устунликлар юзага келади.

Тизимнинг яна бир янгилиги – 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларда бир педагог ходимга тўғри келадиган ўқувчилар сони 1:12 нисбатда чекланиши кўзда тутилган. Бундай чора-тадбирлар, албатта, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга бевосита ҳисса қўшади.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: