Ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат тарғиботи ёрдамида фаол курашамиз

Барчамизга маълум дунёда мамлакатларнинг ижтимоий-сиёсий вазиятини беқарорлаштиришга қаратилган муайян диний экстремистик оқимлар ва террорчилик ҳаракатлари мавжуд.

Улар жуда хавфли. Негаки бундай тоифалар томонидан у ёки бу давлатда жисмоний ёки юридик шахсларни бирон-бир ҳаракат содир этишга, халқаро муносабатларни мураккаблаштиришга, давлат суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини бузиш ва аҳоли хавфсизлигига путур етказишга уринишлар бўлиши мумкин. Афсуски, бизнинг ҳам фаровон аҳолимиз тинчлигига кўз олайтираётган кимсалар учраб турибди. Улар гоҳ интернет орқали, гоҳ содда, тушунчаси кам аҳоли орасига кириб, ўзларининг иғво ва фитналарини сингдиришга ҳаракат қилишмоқда. Ана шундай гуруҳларнинг тузоғига тушиб, айрим ёшлар интернет орқали уруш бўлаётган ҳудудларга «вербовка» қилинаётгани ва «манипуляция» орқали бошқарилиб, ўшаларнинг буюртмаси асосида фаолият олиб бораётгани ачинарлидир.

Бундай хатти-ҳаракатларда гумон қилинганларнинг айримлари қўлга олиниб, айблари исботланаётгани ва жазоланаётгани ҳақида ОАВ орқали кузатиб боряпмиз.

Бундай радикал оқимлар ва диний фанатизм ташвиқотчилигига қарши кураш айни пайтда нафақат давлат ва ҳуқуқ-тартибот органларининг, балки ОАВ ходимларининг ҳам муҳим вазифаларидан бири бўлиб турибди.

Журналистлар ўртасида мунозара қизғин давом этди.

Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамда ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ҳамкорлигида “Давлатнинг жамиятдаги роли ва диннинг инсон ҳаётидаги ўрни” мавзуида журналистлар, матбуот котиблари ва блогерлар учун семинар-тренинг ўтказилди. Унда халқаро тоифадаги медиа-тренерлар Я. Маматова, Х. Абдураимов ҳамда терроризмга қарши кураш бўйича фаолият олиб борувчи ННТ раҳбари В. Михайлов тақдимотлари тингланди.

 

Эксперт Виктор Михайлов машғулот жараёнида.

Семинар-тренингда иштирокчиларга «Терроризмнинг олдини олишда ОАВ ва фуқаролик институтларининг роли» номли қўлланма тарқатилди. Ушбу қўлланма ЕҲХТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори кўмагида Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан нашрга тайёрланган. Китобда Б. Алимов, С.Арифханова, Б. Бабаджанов, М. Абдуллаева, Г. Алимова, М. Саидова каби таниқли устоз журналистларнинг мақолалари жамланган.
Ушбу қўлланма журналистлар, медиа-экспертлар, ННТ ташкилотлари, маҳалла фаоллари, блогерлар ва ОТМларнинг журналистика факультети талабалари учун мўлжалланган.
Унда ОАВ ва фуқаролар жамияти фаолиятининг ўзига хос баъзи жиҳатларини кўриб чиқиш, радикализм, экстремизм, терроризм тушунчаларига таъриф бериш баробарида, виртуал муҳитда экстремистик фаолиятнинг сабаб ва оқибатлари, бузғунчи ташвиқот воситасида аёллар ва ёшларни экстремистик террорчи гуруҳларга жалб этиш усуллари очиб берилган. Интернет ресурсларидан фойдаланиб, таҳдидларнинг олдини олиш бўйича тавсиялар келтирилган.

Гулнора БОБОЖОНОВА, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази раҳбари:

–Кейинги йилларда дунё бўйлаб кенг тарқалган террористик хавф ўзининг шафқатсизлиги, ҳийла-найранглари ва фаоллиги билан барчани ташвишга соляпти. Воқеаларнинг бундай ривожи ва террорчи ташкилотларнинг хатти-ҳаракатлари, уларнинг фуқаролар онгига таъсир қилиш борасидаги деструктив услублари бу хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича кўпроқ самарали чоралар кўриш заруриятини келтириб чиқармоқда. Шу сабабдан давлат тузилмалари билан бир қаторда бу ишга оммавий ахборот воситалари ҳам кенг жалб этилган. Бу фаолиятнинг самарадорлиги учун ОАВ вакиллари ҳам фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда фаолият олиб боришлари зарур. Яъни бу йўналишда диний экстремистик оқимларнинг мафкуравий ва психологик таъсир кўрсатиш қуролларини ўрганган ҳолда аниқ профилактик таъсирчан услублар воситасида, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат тарғиботи ёрдамида фаол кураш олиб бориш керак.

Семинарда вилоятлик ва тошкентлик журналистлар ўзаро тажриба алмашишди.

Журналистлар семинар-тренинг жараёнида медиа-тренерлар ҳамда соҳа экспертлари томонидан ҳавола этилган мультимедиа воситалари, машғулотлардаги фикр-мулоҳазалар, мақола ва хабарлар таҳлили ёрдамида ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб олдилар. Уларга келгусида ёритиладиган материалларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Манзура БЕКЖОНОВА.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: