Ҳавони ифлослантираётганлар кимлар?

Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг сифат ва миқдорий таркиби шаклланишида табиий ифлослантирувчи манбалар каби антропоген ифлослантирувчи манбалар ҳам катта роль ўйнайди.

Бутун инсоният ва бошқа барча тирик мавжудотнинг ҳаёт манбаи бўлган атмосфера ҳавосини асосан икки манба: табиий омиллар ва инсон фаолиятининг маҳсули – антропоген манбалар ифлослантиради.

Ҳозирги кунга келиб инсониятнинг атроф-муҳитга таъсири тобора кучайиб бормоқда, натижада ҳаётни доимийлигини таъминлайдиган асосий жараён-яъний табиий мувозанатни бузилишига, ер юзасининг кўпгина ҳудудларида ноқулай экологик шароитларнинг пайдо бўлишига, маҳаллий, минтақавий ва глобал даражадаги экологик муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмокда.

Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи табиий омилларга тоғ жинсларининг емирилиши, зилзила оқибати, вулқонларнинг отилиши, ўрмонларга ўт кетиши натижасида табиатга, атроф-муҳитга зарарли омилларнинг тарқалиши киради.

Антропоген ифлосланиш эса асосан саноат корхоналари, автомобил, темир йўл, сув транспортлари чиқинди ва ажратмалари, шунингдек турли ёқилғилар ишлатилиши натижасида пайдо бўладиган зарарли моддаларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилиши оқибатида содир бўлади.

Марказий Осиё атмосферасининг ўзига хос жиҳатлари, ушбу ҳудуднинг иқлимий тавсифланишини белгилаб берувчи физик-географик шароитлар (денгиз сатҳидан 200-250 м баландликдаги чўллар, яримчўллар, 3500-3600 м баландликдаги тоғли тизимлар)нинг маълум бир даражасига боғлиқ бўлади. Текислик ҳудудлари совуқ кириши учун очиқ бўлган Турон пасттекислигининг катта қисмини эгаллайди, бу эса, кескин минтақавий-иқлимий жиҳатларни шакллантиради. Бошқа томондан, Атлантика океанининг ўртамиёна кенгликларидан вақти-вақти билан нам ҳавонинг ғарбий, шимолий-ғарбий оқимларининг кириб келиши кузатилади, бу ҳам атмосферанинг сифати ва миқдорий жиҳатлари шаклланишига таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг сифат ва миқдорий таркиби шаклланишида табиий ифлослантирувчи манбалар каби антропоген ифлослантирувчи манбалар ҳам катта роль ўйнайди.

Республика иқлими қуруқ зонада жойлашган, унинг ҳудудида атмосферага йирик табиий аэрозол эмиссияси манбалари бўлмиш, тез-тез чангли тўфонлар кўп бўладиган Қорақум ва Қизилқум каби ҳамда Орол денгизининг қуриган қисми ҳисобланган Оролбўйи зонаси (Оролқум) мавжуддир. Ушбу манбаларнинг асосий қаттиқ муаллақ зарралари (аэрозоллар) тупроқ ва минерал зарралардир. Ўзбекистон ҳавосининг асосий антропоген ифлослантирувчилари олтингугурт оксиди, азот, углерод, таркиби ва келиб чиқиши турлича бўлган қаттиқ муаллақ зарралар ҳисобланади.

Республикада ривожланган агросаноат комплекси мавжудлиги атмосферанинг сифат таркибининг ўзгаришига сезиларли таъсир кўрсатади. Аҳолиси зич, транспорт ҳаракати кўп бўлган йирик шаҳарлар жойлашувининг хусусиятлари, тор табиат ҳавзасида экологик ҳавфли ишлаб чиқаришларнинг мавжудлиги ва шу билан бир вақтда ўзига хос табиий-иқлимий шароитлар (тез-тез учрайдиган инверсия, атмосферадаги турғун холатлар) атмосферанинг ер усти қатламида ифлослантирувчи моддалар тўпланишига сабаб бўлади.

Турғун манбалардан атмосфера ҳавосига 150 дан ортиқ ифлослантирувчи моддалар ташланади. Булар ташламаларнинг асосий қисмини ташкил қилувчи қаттиқ моддалар (жумладан, оғир металлар, ванадий беш оксиди, бенз(а)пирен, олтингугурт диоксиди ва озон, метилмеркаптан, фосфорли ангидрид, мишьяк ва бошқа) ўзига хос юқори токсик зарарли моддалар ташламаларидир.

Саноатда ёқилғи-энергетика, кимё ва нефть-кимё саноати азот оксидлари ташламаларининг ташланишида асосий ҳисса қўшади. Уларнинг улушига республика бўйича азот оксиди ташламаларининг 86,8% тўғри келади. Бироқ, азот оксидлари барча ташламаларининг республика бўйича 57,9% ва 26,7% энергетика тармоғи улушига тўғри келади. Ёқилғидан фойдаланишнинг паст самарадорлиги атмосферага ортиқча ташламалар ташланишига олиб келади, бу мазкур объектлар жойлашган аҳоли яшаш пунктлари ва шаҳарларда (Тошкент, Ангрен, Навоий) атмосфера ҳавосининг ифлосланиши даражасига таъсир кўрсатади.

Чанг – қаттиқ зарралар демак, уларнинг дисперс ва компонент таркиби (табиий ёки антропоген) келиб чиқишига боғлиқ. Улар таркибига минерал тузлар, металл оксидлари ва органик бирикмалар киради. Ўзбекистон ҳудудида атмосферага чанг келиб тушишининг йирик табиий манбалари – Қорақум, Қизилқум ва Оролқумнинг (Орол денгизининг қуриган қисмининг) мустаҳкамланмаган қумли тупроқлари ва шўрҳок чўллари ҳисобланади.

Очилиб қолган денгиз туби Оролқум тузли чўлни ташкил қилади, бу ердан ҳар йили катта миқдорда туз ва қум заррали чанглар шамол ёрдамида тарқалади. Чанг-туз кўчишининг асосий ҳажмлари соҳилбўйи полосасининг 300 км оралиғида рўй беради. Жанубий Оролбўйида тупроққа тушадиган чанг миқдори суғориладиган ерларга қараганда, ўн баравар кўпроқдир.

Ўзбекистоннинг ҳаво ифлосланишига қарши курашиш ва ҳавонинг сифатини назорат қилиш соҳасидаги умумий стратегияси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қонуний ҳужжатлар, дастурлар, ҳаракат режалари асосида атроф-муҳитни, шу жумладан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича ҳаракатлар мақсадли Давлат дастурлари ишлаб чиқиладиган лойиҳаларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Экологик ҳавф ва муаммоларнинг мажмуасини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “Давлат экологик экспертизаси маркази” ДУКга республика ҳудудида жойлашган субъектлар томонидан фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири тўғрисида баёнот лойиҳалари тақдим қилинади. Ихтисослаштирилган экспертлар томонидан экологик хавфсизликни таъминлаш, назорат хизматини такомиллаштирилишини таъминлаш, республика ҳудудлари атроф-муҳитининг трансчегаравий ифлосланишдан ва табиий объектларнинг заҳарланишидан, шу жумладан, токсик, радиоктив моддаларнинг ва табиий манбалардан ионлаштирувчи нурланишнинг ўтиши, экологик хавфли технология ва маҳсулотларнинг олиб кирилишидан муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ўрганиб чиқилиб, давлат экологик экспертизаси хулосалари берилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, Экологик ҳавфсизлик долзарблиги, жуда зарурлиги билан инсониятнинг бугуни ва эртаси учун энг муҳим муаммолари жумласига киради. Халқаро ҳуқуқий тажрибалар, замонавий фан, техника ва технологиялар асосида экологик ҳавфсизликнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон миллий хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Бунда Давлат экологик экспертизаси мақсади – амалдаги қонун ва қарорларда белгиланган талабаларга асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқилган экологик хуқуқий, таркибий қисми ҳисобланган табиий атроф-муҳит барқарорлигини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиш, шу билан бир қаторда экологик хавсизлигини таъминлаш. Ўзбекистон Республикаси «Экологик экспертизаси тўғрисида»ги қонунига асосан экологик экспертиза олдида қўйилган мақсадни талабаларга сингдириш.

Экологик экспертизанинг энг асосий вазифаларидан бири бу – атроф-муҳит ва аҳоли ҳаётига ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқадиган токсик ва ҳавфли чиқиндилар таъсирининг олдини олиш, баҳолаш ва шу билан бир қаторда бартараф этиш билан боғлиқ самарали чора-тадбирларини амалга оширишдан иборат.

Юртимизда табиат, унинг бойликлари, ер ости, ер усти захираларини асраш, авайлаш ва келгуси авлодларга етказиб бериш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси табиий бойликларни сақлаб қолиш билан боғлиқ ҳар қандай олийжаноб фаолият халқ томонидан қўллаб қувватланиши лозим!

Зилола ЯХШИБОЕВА,

Давлат экологик экспертизаси маркази бош мутахассиси.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: