Шаҳрисабзликлар: «Меҳмонларга эшигимиз доим очиқ!»

«Ҳозир пенсиядаман аммо тадбиркорлик билан шуғулланишга куч-қувватим етарли. Ўзим яшайдиган тоғли қишлоқда отамнинг номи билан аталувчи Камолиддин меҳмонхонасини қурмоқчиман», – дейди 75 яшар Шаҳобиддин бобо.

Аввал хабар берганимиздек, Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Шаҳрисабз шаҳрига инфо-тур ташкил этилди. Ундан асосий мақсад Шаҳрисабзга келгусида туристларни кўпроқ жалб қилиш, шаҳарнинг диққатга сазовор жойлари, меҳмонхона ва ресторанлардаги қулайликларни ОАВ орқали кенг ёритишга қаратилди. Инфо-тур гуруҳида 20 нафар марказий оммавий ахборот воситалари мухбирлари ҳамда 20 га яқин туристик хизматлар ташкилотчилари иштирок этди.

Икки кун давом этган ахборот-тур давомида иштирокчилар ва ташкилотчиларнинг воҳада туризмни ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазалари, таассуротлари билан қизиқдик. Улардан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Гули ЭРНАЗАРОВА, туроператор:

–Биласизми, бугунги кунда биз – туристик хизматлар ташкилотчилари Бухоро, Самарқанд ва Хивадаги энг яхши йўналишларни билиб олганмиз. Аммо лекин Шаҳрисабздек улуғ жойнинг сайёҳлик имкониятларидан етарлича хабардор эмасмиз. Ҳудуднинг туристик шарт-шароитларини чет элликлар ва халқимизга етказиб беришимиз шарт. Бугунги кунда президентимиз вилоятда туризмни ривожлантиринглар, тарғиб қилинглар, деб бекорга таъкидламаяпти. Биз аввало ўз халқимиз тарихини яхши билишимиз керак. Тарихсиз келажак бўлмайди. Шу сабабдан ҳам ушбу инфо-тур ташкил этилди. Ахир бу ерда буюк саркарда Амир Темур туғилган, уни дунёга келтириб, тарбиялаган Тарағай бобо ва устози Шамсиддин Кулолнинг қабри бор. Инфо-тур баҳонасида келиб, шундай буюк инсонларнинг ҳоки пойига таъзим қилдик.

Мен шу пайтгача ушбу зиёратгоҳларда бўлмагандим. Шундай муқаддас жойларни кўрсатгани учун Ўзбекистон туризмни ривожланлантириш давлат қўмитасига раҳмат! Келажакда бу ерларга биз кўплаб ички ва ташқи сайёҳларни олиб келамиз.

Шаҳобиддин НУРИДДИНОВ, тадбиркор:

–Менинг ёшим 75 да. Китоб туманининг тоғли қишлоғиданман. Бутун умр механизаторлик қилдим, далада ишладим. Ҳозир пенсиядаман аммо тадбиркорлик билан шуғулланишга куч-қувватим етарли. Ўзим яшайдиган тоғли қишлоқда отамнинг номи билан аталувчи Камолиддин меҳмонхонасини қурмоқчиман.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти раҳбари Отабек Олимжоновга учрашиб, тоғнинг чўққисида беш юлдузли меҳмонхона қурмоқчиман, менга лицензия беринг, дедим. У менинг гапларимни диққат билан тинглаб, фикримни маъқуллади. “Шу ёшда ғайрат-шижоат билан келибсиз, сизга бермай кимга берамиз?!” – деди. Лицензия ва кредит олиш учун қандай ҳужжатлар лозимлигини тушунтирди.

Меҳмонхона барпо этиладиган жой денгиз сатҳидан 4643 метр баландликда жойлашган. Бу ернинг сувлари зилол, ҳавоси мусаффо, ям-яшил арчалар, ўсимликлар баҳри-дилингни очади. Шундай жойларда хордиқ чиқаришга меҳмонларимиз учун қулайлик яратмоқчимиз. Ўғилларим ва невараларим менга ёрдам беришади.

Шоҳруҳ ЖАЛОЛОВ, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси:

–Шаҳрисабзда биз 2017-йилдан буён уй-меҳмонхоналар ташкил қилиш бўйича иш олиб боряпмиз. Дастлаб уйларнинг пойдеворини яратдик, аммо озгина муаммо бор эди. Яъни оддий аҳолининг сертификат олиши учун ҳужжат тўплашида бироз қийинчиликлар бўлган. Кейин бу талаблар енгиллаштирилди. Натижада аҳоли вакиллари учунг ўзи яшаб турган ҳовлисида меҳмон-уйлари ташкил қилиш, туристларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш: ҳожатхоналар ҳолатини яхшилаш, совиткич, кир ювиш машиналари ва бошқа зарур жиҳозларни сотиб олиш бўйича кредитлар ажратила бошлади.

Ҳозирда шаҳардаги энг намунали уй-меҳмонхоналардан бири “Кашта” деб номланади. Бу оила эгалари ўзлари ҳунарманд бўлиб, хўжайини – дурадгор, у меҳмонлар учун 10 та каравотни ўз қўли билан ясаган. Уй бекаси эса каштадўзлик билан шуғулланади. У келаётган сайёҳларга кашта тикиш, миллий таомлар тайёрлаш бўйича мастер-класслар ҳам ўтказади. Уй хоналарини кашта ва сўзаналар билан миллий дизайнда безатган. Бундай оила муҳитида яшаш маҳаллий ва ташқи сайёҳларга жуда маъқул бўлмоқда.

Манзура БЕКЖОНОВА суҳбатлашди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: