“Тонглар менинг ҳамроҳим энди, юлдузлар ҳам ёруғ порлагай…”

                   

Дилноза МУРОДОВА

1987-йилда Қашқадарё вилоятининг Косон туманида туғилган.

2006-йилда 1-Тошкент Педагогика коллежини, 2009-йилда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги “Олий адабиёт курси”ни тамомлаган.

2005-йилда “Оқ булут” , 2014 йилда “Эзгуликнинг юраги”, 2015 йилда “Янги кунлар” номли шеърий китоблари чоп этилган.

                       Элим

Бир тупроқ яшайди кўҳна ва қадим,

Бир сувлар оқади нонлар иси бор.

Назар ташлайверар тарихга ёдим,

Қуёшнинг нурига қанча эллар зор.

 

Тарих сўқмоқлари бир текис эмас,

Қандайин синовлар сени ўртади.

Оташ юрак бир зум тин олай демас.

Сени ишонч, иймон, оллоҳ асради.

 

Боболар кўзлаган улуғ мақсадлар,

Бугун дорилфунун бўсағасида.

Момолар бағрида ўсган фарзандлар,

Эл-юрт хизматида қўли кўксида.

 

Меҳнаткаш инсонга бунда толе ёр,

Чекка қишлоқдан ҳам чиқар даҳолар.

Навқирон ёшларда қанча имкон бор,

Юрагида жўшар эзгу орзулар.

 

Менинг сахий элим, доим қаддинг тик,

Дунё тан олгандир шон-шуҳратингни.

Гулла, яшна, бошинг бўлмасин эгик,

Улуғлайман қалбда муҳаббатингни.

 

            Янги кунлар

Доимгидек эмас кунларим,

Қуёш ойдин ўша кунгидай.

Армон бўлиб қолган ҳисларим,

Гулга кирди мендан сўрамай.

 

Тонглар менинг ҳамроҳим энди,

Юдузлар ҳам ёруғ порлагай.

Ёмғирларнинг мавсуми тинди,

Янги кунлар мени чорлагай.

 

Орзуларни қолдириб доғда,

Ниятлардан тондим кўп замон.

Мевалари ғарқ пишган боғда,

Куртаклигин эсладим ниҳон.

 

Дунё ёлғон, умр гўё шам,

Тўлин ой ҳам тўлар ўн беш кун.

Ўн тўрт кунлик ойга қарасам.

Бўлиб қолар ўйларим ғамгин…

 

                  Бахт берса…

Оллоҳим бахт  берса, яшаш мароқли,

Кунлар келиб-кетар қўлларида гул.

Ғамгусор тушлар ҳам бўлар бир ёқли,

Кўнгил бахтдан сарҳуш, зарра йўқ ғулув.

 

Оллоҳим бахт берса асраш жоиздир,

“Мен бахтлиман”, дея ҳайқириш эмас.

Аламли кўзлар ҳам шунда ожиздир,

Кўзлар тегиб, сўзлар тиғи санчилмас.

 

Оллоҳим бахт берса, тафаккур ила,

Киймоқ керак доим, камтарликдан тож.

Бахтнинг манзилини меҳнатда билиб,

Қалбда мева берсин умид ва ишонч.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: