Тадбирни Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Кадирходжаев Кон-геология тизимининг бугунги ривожланиш босқичи ва истиқболдаги имкоиятлари ҳақидаги тақдимоти билан очиб берди.
У ўз тақдимоти давомида минерал-хомашё захираларини ўстириш истиқболлари, қимматбаҳо, рангли ва қора металлар, уран ва кўмир ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда чет эл инвесторлари учун жозибадор инвестиция муҳитини такомиллаштириш ва салмоқли инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш имкониятлари ҳусусида маълумот берди.
Вазир ўринбосари тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги фаолиятини ташкил этилиши, бунда соҳа мутахассилари олдидаги улкан масъулият ва катта ишонч юзасидан фикр билдириб, вазирлик амалга ошираётган устувор йўналишларга тўхталиб ўтди, жумладан:
– геология, кончилик ва металлургия соҳаларида стратегик ислоҳотларни тадбиқ қилиш, республика минерал-хомашё базасини барқарор ривожлантириш;
– тадбиркорларга ер қаъридан фойдаланиш муносабатларида кенг ёрдам бериш ҳамда самарали фойдаланиш устидан мониторинг юритиш;
– рақамли геологик маълумотлар бошқарувини йўлга қўйган ҳолда ягона дарча тамойили асосида геологик хизматлар кўрсатиш;
– қимматбаҳо, рангли, қора металлургия, уран ва кўмир саноати ҳажмларини барқарор ошириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
– фойдали қазилмаларни ўзлаштиришда инвестициявий иқлим ва фискал шарт-шароитларни такомиллашириш;
– соҳада малакали кадрлар ва етук мутахассиларни тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини шакллантириш эканлиги ҳақида гапирди.
Шунингдек, Аъзам Кадирходжаев Ўзбекистон муҳим фойдали қазилмалар турлари, олтин, уран, мис, калий тузлари, фосфоритлар, каолин ресурслари бўйича дунёнинг етакчи мамлакатлари ўнлигига кириши ҳамда олтин ва уран ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунё етакчиларидан бири ҳисобланишига урғу бериб ўтди.
Хусусан, дунёдаги энг йирик эталон конлар рейтингидаги Навоий вилоятидаги Мурунтов олтин кони, Олмалиқдаги Қалмоқир мис кони ва бошқа геологик объектлар негизида йилига 100 тоннадан ортиқ олтин,
150 минг тонна мис, 4 минг тонна уран ишлаб чиқариш натижасида, Ўзбекистон тоғ-кон ва геология соҳасида алоҳида эътиборли юрисдикция қаторидан ўрин олгани таъкидланди.
Бу ўз навбатида соҳа ходимларининг фидоий меҳнати ҳамда мамлакатда бўлаётган изчил ислоҳотлар ва соҳага эътибор маҳсули – синергияси ҳисобланиб, мисол сифатида Мис кластери ташаббуси келтирилди.
Хусусан, истиқболдаги 5 йилда кенг кўламли геология-қидирув ишлари ҳисобига 730 тонна олтин ва 1,5 млн тонна мис захираларини ўстириш билан бирга, Олмалиқда янги топилган Ёшлик кони негизида 200 млн тоннадан зиёд рудани қайта ишлаш натижасида мис ишлаб чиқариш хажмини йилига 500 минг тоннага етказиш ва қўшилган қийматли маҳсулотлар яратиш мега-лойиҳасига эътибор қаратилиб, шу каби йирик лойиҳалар иқтисодиёт ривожига драйвер сифатида хизмат қилиши таъкидланди.
Шу билан бирга, вазир ўринбосари тадбирда тоғ-кон саноати ва геология соҳасидаги халқаро ва маҳаллий етакчи корхоналар, нуфузли халқаро молия институтлари ва банклар, салоҳиятли инвесторлар, мустақил экспертлар ва бошқа манфаатдор томонлар иштирок этаётгани, кўзланган асосий мақсад – республика тоғ-кон саноатини ривожлантириш истиқболлари, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, улкан инвестиция имкониятларини намойиш этиш ҳамда потенциал ҳамкорлар ва манфаатдор томонлар билан ўзаро алоқаларни ўрнатишга замин яратишдан иборат эканлигини таъкидлади.
Сессия давомида Австриянинг “Lasselsberger” компанияси бош директори Жозеф Ласселсбергер сўзга чиқиб, керамика, декоратив буюмлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида 30 йилдан ортиқ фаолияти ҳамда 26 мамлакатда 60 дан ортиқ ишлаб чиқариш заводларини ташкил этиш тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Ласселсбергер ўз тақдимотида Ўзбекистон томонидан сўнгги йилларда амалга оширилаётган энг муҳим ташаббуслардан бири – иқтисодиётни либерализацилаштириш ҳамда хорижий инвестициялар салмоғини ошириш бўлгани, амалга оширилаётган ишларнинг салмоқли натижасига тўхталиб ўтди.
Бунда Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда хорижий инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратилиши натижасида Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 150 млн евро қийматидаги йирик кераморанит ва микрокальцит қувватларини яратишга қарор қабул қилгани ва амалий ишларни бошлагани ҳақида сўз юритди.
Яна бир хорижий ҳамкор Корея-Ўзбекистон ишбилармонлар уюшмаси раиси, “Shindong Resources” компанияси раиси Ким Ёнг Гу сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида турли соҳаларда бир қатор йирик ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилаётгани, шу жумладан тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан ҳамкорликда Навоий вилоятидаги Саутбай вольфрам конини ўзлаштириш лойиҳасини мисол қилди.
Шунингдек, уран саноатида 30 йилдан ортиқ тажрибага эга эксперт, илгари Франциянинг “Orano Mining” компанияси Бош директори маслахатчиси, “Навоийуран” давлат корхонаси бош геологи Жерар Фриэс сўз олиб, 1200 нафар ходимлик компаниядаги муваффақиятли иши ва фаолияти давомида 45 минг тоннадан ортиқ уран ишлаб чиқариш тажрибаси тўғрисида фикр алмашди. У ўз тақдимотида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар инвесторлар учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиши, шу билан бирга, Ўзбекистон келажаги учун ўта муҳим бўлган кон-геология соҳаси юзасидан фикрларини билдириб ўтди.
Қора металлургия соҳасида хорижий мутахассис “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси ўринбосари Будей Татьяна Александровна ҳам ўз тақдимотида Ўзбекистон металлургия соҳасининг имкониятлари ва истиқболлари тўғрисида фикрлари билан ўртоқлашди.
Будейнинг сўзларига кўра Ўзбекистонда металлургия тармоғининг ўсиши мамлакат иқтисодий ривожланиш стратегиясининг муҳим қисмидир. Ҳукумат ва халқаро инвесторлар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг металлургия компаниялари ўз фаолиятини кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, мамлакатнинг барқарор иқтисодий ўсиши ва фаровонлигига ҳисса қўшиш учун қулай имкониятларга эга.
Эксперт комбинатда инвестиция дастури доирасида лойиҳаларни амалга оширилаётгани, бугунги кунда 730 млн. евро қийматга эга лойиҳа ишга туширилганини маълум қилди.
“Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Абдулла Азизов ОКМКнинг ишлаб чиқариш қувватлари асосини “Қалмоққир”, “Сариқ-Чўққи”, “Ёшлик-1” очиқ конлари ва 4 та ерости конлари захиралари ташкил этиши, комбинат минерал хом ашёси базасини кенгайтириш ва захираларни JORC кодексини стандартларига мувофиқ қайта баҳолашни ўтказиш мақсадида Британиянинг «SRK Consulting» компанияси жалб этилганини билдирди.
Абдулла Азизиовга кўра «SRK Consulting» компаниясининг баҳолаш хулосасига кўра, “Ёшлик-1” кони дунёда руда таркибида олтин ҳажми бўйича йирик кон, дея тан олинган. Бугунги кунда руда таркибида олтин ҳажми бўйича комбинат захиралари (“Қалмоққир” ва “Ёшлик-1”) 1-ўринда, мис конларидаги рудада ўртача олтин таркиби бўйича 2-ўрин, руда ҳажми бўйича 3-ўрин, руда таркибида мис ҳажми бўйича эса 6-ўринни эгаллайди.
2030 йилгача комбинатни ривожлантириш консепцияси доирасида “Ёшлик-1 конини” ўзлаштириш ва 3-сонли Мис бойитиш фабрикасини қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, металлургия комплексининг янги объектлари бунёд этилмоқда.
Тадбир якунида Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Аъзам Кадирходжаев тадбир иштирокчиларига вазирлик номидан миннатдорлик билдириб, тадбир долзарб мавзуларда қилинган тақдимотлар ва ташаббуслар майдонига айланганини, бу каби лойиҳалар келгусида яна давом эттирилиши аҳамиятли эканлигини таъкидлади.