Бухоро зиёратчиларни чорлайди

Бугун 2019 йил 21 февралда Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича биринчи Халқаро форум ўз ишини бошлади.

Форумни ташкил этишдан мақсад, Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини дунёга кенг тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистонни ислом дунёсида зиёрат-туризми бўйича йирик марказлардан бирига айлантиришдир.

Қадимдан “Барча йўллар Римга элтади” деган ибора бор. Бунинг маъноси шуки, Қадимги Рим ўзининг ажойиб архитектураси билан барчани ҳайратга солган. Шаҳарнинг жамолини кўриш учун ҳар бир йўлга чиққан сайёҳ, албатта, Римда тўхтаб ўтган. Бухоро ҳам азиз авлиёлар, табаррук қадамжолар, муқаддас мақбаралар маскани. Дунёдаги мусулмон зоти борки, унинг довруғини эшитса, дийдорини кўришга ошиқади. Ҳукуматимиз кўрсатмалари ва юртимиздаги бир қатор масъул ташкилотлар саъй-ҳаракатлари билан Бухоро Зиёрат туризми марказларидан бирига айлантириляпти. Биз ишонамизки, яқин келажакда “Барча йўллар Бухорога олиб боради!”

Қадим шаҳарнинг миноралар кўкка бўй чўзган қисми ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шаҳар ва унинг атрофидаги туманларда Ўрта асрларга оид 100 дан зиёд ёргорликлар мавжуд. Бухоронинг мазкур табаррук масканлари зиёрат истаб келувчи минг-минглаб юртдошларимиз ва чет эллик туристларнинг эътиборини тортмоқда.

Форум иштирокчилари ўз интервьюларида Баҳоуддин Нақшбанд ватанига келишдан олдин шаҳарнинг бугуни ва тарихига оид маълумотлар билан танишишгани, қадимий ва обод Бухоро улар ўйлагандан ҳам гўзал эканлигини кўп такрорладилар. Улар Афросиёб поездидан тушишлари билан Марказий Осиёда пайдо бўлган йирик тасаввуфий тариқат – «Нақшбандия»нинг отаси Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишга йўл олишди, буюк аждодимизнинг руҳи покларига қуръон тиловат қилишди.

         “Қанот ёзсанг-у, Бухорога келиб қўнсанг!”

Ислом дунёсининг 120 дан ортиқ нуфузли халқаро ташкилотлари вакиллари қатнашаётган форумда бир қанча дин уламолари, Ислом олий ўқув юртлари ва сайёҳлик маъмуриятлари раҳбарлари, дунёнинг зиёрат туризми бўйича етакчи туристик компаниялари корчалонлари иштирок этмоқда.

Улар ўзаро суҳбатларда бугунги кунда Ўзбекистон дунёда туризм энг тез равнақ топаётган мамлакат дея эътироф этишди. Дарҳақиқат, ҳозирда республикамизга  дунёнинг 45 та мамлакати вакиллари визасиз, 76 та давлат вакиллари эса енгиллаштирилган электрон виза билан келишларига рухсат берилган.

–Ўзбекистонга кириш визасининг бекор қилиниши биздан келаётган сайёҳлар сонининг ортишига катта ҳисса қўшди,– дейди Туркиянинг йирик сайёҳлик фирмаси раҳбари Хасан Гулсерен. – Мен бунинг учун Ўзбекистон раҳбариятига катта раҳмат айтаман. Олдин шу виза оворагарчиликлари сабаб кўпчилик йўлга чиқишни хоҳламасди. Чунки визани олиш учун 2-3 ҳафта кутишга тўғри келарди. Ҳозирда яна бир муаммомиз бор. Туркиядан Бухорога тўғридан-тўғри рейс йўқ. Агар самолёт Бухоронинг ўзига келиб қўнганида биздан ташриф буюрувчи зиёратчилар оқими янада кўпаярди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонга келиш учун самолёт билетлари ҳам бироз қиммат. Биз Европага боришимиз учун 500 АҚШ доллари етади, аммо Ўзбекистонга самолёт чиптаси 700 АҚШ доллари туради. Бу масалани ҳам кўриб чиқишларини сўраб масъулларга ёзма мурожаат билдирдик.

Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятларимиз бор. Биз бу ерга кўп-кўп сайёҳларни олиб келишимиз учун Бухорода катта меҳмонхоналар қуриш керак. Шу билан бирга ҳаво йўллари имкониятларини қулайлаштириш зарур. Ана шунда инвесторлар ва туристик ташкилотлар икки томонлама фойдали шартномаларга қўл уради.

“Ўхшаш жиҳатларимиз кўп”

Форум Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимияти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, «Вақф» ҳайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ISESCO ва UNWTO кўмаги остида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» билан ҳамкорликда ташкиллаштирилди. Форумга таклиф этилган туризм индустрияси вакиллари ва ахборот-тарғибот гуруҳидаги журналист ҳамда туроператорларнинг келиш-кетиш ва бошқа харажатлари бепул таъминлаб берилди. Мақсад ҳудуд имкониятларини ўз сармояси ҳисобига туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшувчи инвесторларга кўрсатиш, Бухорони зиёрат туризми ихлосмандлари диққат марказидаги азим шаҳарга айлантиришдан иборат.

Бухоро ва зиёрат туризми ҳақида чет эллик меҳмонларнинг фикр-мулоҳазаларини билишга қизиқдик. Ҳиндистоннинг Туризм саёҳат компанияси директори Викас Хапдоки қуйидаги сўзларни айтди:

–Саёҳатимиз давомида биз шунга гувоҳ бўлдикки, ҳиндистонликлар билан ўзбек халқи ўртасида ўзаро ўхшаш бўлган ижобий хусусиятлар жуда кўп. Биз бу ерда айнан ўзбек халқи ҳам ҳинд халқи каби самимий ва меҳмондўст эканлигини кўрдик. Биласиз, бизнинг тарихий боғлиқлигимиз ҳам бор, умуман дунёнинг етти мўъжизасидан бирини барпо этган Бобурийлар сулоласи бундан гувоҳлик беради.

Ҳиндистонда 23 миллиондан зиёд мусулмонлар бор. Бу аҳолимизнинг 12 фоизини ташкил қилади. Ушбу рақам камдек кўриниши мумкин, аммо агар улар бир вақтда юртингизга зиёратга келишни хоҳлаб қолишса, бу ерда меҳмонхоналар етишмай қолиши мумкин, – дея ҳазиллашди ҳиндистонлик меҳмон.

Йирик анжуманга 14 нафар хорижий ОАВ вакиллари, жумладан, Euronews (Франция), Al Jazeera (Қатар), «Аль-Ахрам аль-Иктисади» (Миср) журнали ва Diplomatic News (Покистон), «Коммерсант» (Россия), «Аль-Важхат» (Уммон), Al Hayat (Саудия) газеталари ходимлари ҳам ташриф буюришган. Биз уларни фақат теле ва радио каналлар, интернет сайтлар орқали танир эдик. Форум биз учун ҳам ҳамкорлик ва тажриба алмашиш имконини берди. Ҳамкасбларимиз билан жонли мулоқотлар кўнгилли ўтди.

Экскурсиядан сўнг матбуот анжумани ташкил қилинди. Унда Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга оид саволларга жавоб берилди, таклифлар билдирилди.

Манзура БЕКЖОНОВА, Тошкент-Бухоро.

Фото: К.Еникеев, М.Бекчанова

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: