Имом ал Бухорий маркази форум қатнашчиларини муносиб кутиб олди

Бухоро шаҳридаги I Халқаро “Зиёрат-туризми” Форуми иштирокчилари Самарқанддаги Ал Бухорий  марказига ташриф буюришди.

Меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлари  билан яқиндан танишганларидан сўнг Пайариқ тумани Хўжа Исмоил қишлоғида ташкил этилган  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлишди. Делегация вакиллари дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб,  ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳаққига қуърон тиловат қилдилар.

Шундан сўнг, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабида бўлиб, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштриш ишлари, илмий ходимлар учун яратилган қулайликлар билан танишишди.

Мазкур марказда диншунослар, илмий тадқиқотчилар буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, таржима қилиш, кенг тарғиб этиш, шунингдек нуфузли халқаро тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича фаолият олиб боришади. Шу билан бирга, бу масканда ёш имомларнинг малакасини ошириш, диний илм-маърифат борасидаги билимларини бойитиш, ўзаро тажриба алмашиши учун кенг шарт-шароитлар яратилган.

Марказда 6 мингдан зиёд китоб мавжуд, бундан ташқари қўлёзма, тошбосма ҳамда электрон вариантлари мингдан зиёд китоблар сақланмоқда. Бу нодир битиклар келгусида марказда илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Марказ музейида Ал Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарлари нусхалари ва бошқа экспонатлар жой олган. Турли нуфузли халқаро ташкилотлар ушбу музей фондини қимматли экспонатлар, ўз эсдалик совғалари билан бойтишмоқда. Жумладан, Турк дунёси Парламентлар Вақфи вакили Абдуллоҳ Чалишкан Анқара шаҳрида Имом Мотуридий илмий меросига бағишлаб ўтказилган “Йўқолган зиёнинг изидан” номли халқаро конференция иши ахборот тўпламини совға қилган.

Мақола ва фотосуратлар муаллифи Манзура БЕКЧАНОВА, Бухоро-Самарқанд

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: