Жамиятимизда сўнгги йилларда ўзидан бошқанинг фикрига тоқатсизлик кайфияти бироз кучайгандек, назаримизда. Бу айниқса, ижтимоий, сиёсий масалаларда кўпроқ кўзга ташланмоқда. Бошқаларнинг унга ўхшаб фикрлаши лозимлиги ва унинг гапираётгани ёки қилаётган амали тўғри эканига ишончи комилдек. Аслида тоқатсизлик эмас, мулоқот ва муҳокама натижасида тўғри фикр шаклланиши керак эмасми ёки ҳар бир соҳа, ҳар бир мавзунинг мутахассиси бўлиши ва гапиришга ўшалар кўпроқ маънавий ҳақдор эмасми?
Бу борада, юртошларимиз фикри қандай?
Блогер Шахноза Соатованинг фикрича, эркин матбуот – бу афсона.
«Ўтган йили биз сўз эркинлиги намунаси деб кўрадиган Америкада катта цензура жанжали бўлиб ўтди»—дейди, у. «Илон Маск Твиттерни сотиб олиб, у ерда ўз қоидаларини ўрната бошлади. Кеча CNN, NYT, WaPo каби етакчи нашрлар журналистларининг Твиттердаги аккаунтлари блокланди. Энди Европа унга қарши санкциялар қўлламоқчи».
«Аккаунти блокланган журналистлар Илонга ёқмайдиган сўз айтиб қўйишибди. Етмаганига Твиттер ўзининг рақобатчиси, янги ижтимоий тармоқ Mastodon нинг ҳам аккаунтини блоклабди. Лекин Mastodon ўз платформасида Илон Маскнинг аккаунтига эркин имконият берган. Илонжон апрелда Твиттерни сотиб олганида “Мени қаттиқ танқид қиладиганларга ҳам Твиттерда блок қўйилмайди, сўз эркинлиги шу” деб катта гапириб юрганди. Ана сизга иккиюзламачилик! Бу дунёда эркин сўзга чидашдан оғири йўқ. Америка, Европада 21-асрда шундай бўлиб турганидан кейин… Ахир, уларни бизга ибрат қилиб кўрсатишади. Лекин ҳаммаси қўлга олинган, иккиюзламачилик, эркин сўзга тоқатсизлик географик жой ҳам, ижтимоий мақом ҳам танламас экан. 21-асрда тобора монстрга айланиб бораётган ижтимоий тармоқлар сўз эркинлигини бўға бошласа, нима бўлади? Лекин барибир уни ҳақиқатга айлантириш мақсадидан воз кечмаслик керак».
«Ижтимоий тармоқ–бу ҳақиқий ҳаётимизнинг виртуал кўриниши», дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчиси, медиатренер Муҳайё Саидова. «У ерда ҳар хил инсонлар, ўқитувчилар, шифокорлар, бозор сотувчилари, ҳатто болалар ҳам бор. Уларнинг турли фикрлилиги табиий ҳолатдир. Бу халқаро ҳамжамиятда фикр эркинлиги дейилади. Негатив фикрлар ҳар доим бўлади. Масалан, биронта санъаткорнинг суратини ижтимоий тармоққа қўйиб, чиройли сўзлар билан изоҳ ёзиб қўйсангиз унга нисбатан ёмон фикр берувчилар топилади. Санъаткор барчага баробар ёқмайди».
«Тоқатлилик –бу бағрикенглик. Бағрикенглик бугун жамият ривожланишида жуда ҳам катта омиллардан биридир. Инсон бағрикенг бўлиши учун кўп бадиий китоб ўқиш керак. Масалан, “Қандай қилиб бой бўламан” деган китоблар эмас. Тўғри у ҳам китоб. Оддий, инсон ҳақидаги китобларни ўқиш керак. Афсуски, ҳозир ёшлар китоб ўқимай қўйган. Жамоат жойларда ҳам кузатаман, китоб ўқувчиларни деярли учратмайман. Шунинг учун одамлар тоқатсиз бўлиб кетган. Яъни бошқаларга нисбатан раҳм-шафқат, тушуниш ҳиссиётлари йўқолиб бормоқда. Фикрлашдан тўхтадик, дангаса бўлиб қолдик. Биз фақат ҳаёл сурамиз, орзу қиламиз, лекин фикрламай қўйдик».
“Бир неча кун аввал бир қанча постларим қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди”, деб ёзмоқда журналист Санжар Саид ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида. “Шахсий фикрга тоқатсиз одамлар мени душмандан олиб хоинга чиқаришди ҳам. Ҳар кимнинг фикри, ўз қараши ва ёндашуви бор. Буни тушунаман ва қўллаб-қувватлайман. Аммо шахсий фикри, ўз нуқтаи назарини билдирган одамнинг шахсиятига ўтиш, уни суд ҳукмисиз хоинликда айблаш катта жиноят».
«Ривожланиш, эркин ва фаровон яшашимиз учун сўз ва фикр эркинлигига тоқатли бўлишимиз керак. Кимнингдир қараши сизга ёқмаса ёки маъқул келмаса уни жиноятчига чиқариш, ортида кимлардир тургани ёки қандайдир ғаразли мақсадлари бор деб гумон қилишга шошилманг. Қолган ҳақиқатларни вақт кўрсатади”.
«Ҳозирги кунда интернет тармоқларни кузатяпмиз, бирон мансабдор шахснинг ёзган фикрига одамлар бетоқатлиликми, илмсизликми, билимсизлик сабабми, хақоратомуз жавоблар билан ўз муносабатларини билдирадилар. Албатта бировнинг фикрини ҳурмат қилиш зарур», дейди журналист Жамшид Эргашев.
«Ижтимоий тармоқларда фаолман. Инстаграм, Фейсбук, Твиттерда ўзимнинг саҳифаларим бор», дейди блогер Нигина Икром.
«Бугунги кунда оддий хабар ёки видеопостлар изоҳида жуда кўп негатив фикрлар кўпайиб кетаётганлигини кузатиб боряпман. Ҳатто ўзимнинг материалларимга ҳам жуда кўплаб ёмон изоҳлар қолдирилади. Албатта танқид қилиш керак, танқидсиз ўсиш, ривожланиш бўлмайди. Аммо, ҳаммаси ўз меъёрида бўлгани яхши. Фойдали контентга ҳам жуда қўпол сўзларни ишлатишади. Баъзан шахсиятга тегадиган ҳолатларни кўп кўраман. Агар айрим муаллифнинг фикрлари ёқмаса тавсиявий ҳарактердаги сўзлар ёзиб, лайк босиб қўйса мақсадга мувофиқ бўлар эди».
«Ўзгалар фикрини тинглаш – бу албатта муҳим масала ҳисобланади», дейди филология фанлари доктори Беруний Алимов. «У ўзгалар фикрини ҳурмат қилиш ҳамда тармоқларда муносабатлар қандай ёзилиши бўйича 5 та тавсиялари билан бўлишмоқда.
- Биз нафақат тинглаш, фикрларга эътибор бериш, ўзгалар фикрини ҳурмат қилишимиз зарур.
- Бировларнинг фикри тўғри бўладими ёки нотўғрими охиригача тинглашни ўрганишимиз керак. Шу нуқтаи назардан, биз ҳар қандай айтилаётган, ёзилаётган фикрни эшитишга ва ўқишга сабрли бўлишимиз зарур.
- Ўзимизни тийишни ҳам билишимиз, ҳар бир билдирилаётган фикрга кенгроқ назар солишга ўрганишимиз керак.
- Ҳозирги кунда шахсий фикрни ўзгалар фикридан юқори қўймаслик. Яъни қайсидир маънода бировларни писанд қилмасдан ёки бировларнинг фикрини умуман назарга илмаслик, айрим ҳолатларда уларга нисбатан толерантсизлик ёки ёмон сўзлар билан уларга реакция билдириш керак эмас.
- Бировларнинг фикрини нима учун эшитишимиз керак? Авваламбор ўша одамга нафақат имконият бериш маъносида балки уларнинг ўша тўғри ёки нотўғри бўлиб чиққан фикрларида ҳам қайсидир маънода бизни кейинги хулосаларимизга асос бўлиши мумкин. Тегишли хулосалар чиқаришимиз учун бизга ёрдам бўлиши мумкин. Одамларнинг фикрини охиригача ўқишимиз ва тинглашимиз фойдадан ҳоли бўлмайди.
И.Абдужабборов.