“Ҳозир қош-қўзни чиздириш жуда урфга кирган. Ҳатто ёш келинлар ҳам бунга муккасидан кетишяпти. Шу татуаж, растушёвка деган амалиётларнинг зарарлари ҳақида кенгроқ маълумот берсангиз. Зора қиз ва аёлларимиз табиий гўзаллигини, соғлигини хавф остига қўйишмаса…”
Сабоҳат НОРҚЎЗИЕВА, Самарқанд шаҳри
Дарҳақиқат ҳозирги вақтда қош-кўзни, ҳатто лабни ҳам ўчмайдиган қилиб салонда чиздириш кенг тарқалди. Аммо бунинг зарарли оқибатларини, “плюс” томонлари билан бир қаторда “минус”лари ҳам борлигини кўпчилик билмайди. Албатта, “гўзаллик қурбонсиз бўлмайди” дея аёллар бундан қалтис амалиётга қўл уришяпти. Бу борада кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб олиш шифокор инфекционист Гулжаҳон Йўлдошевани суҳбатга чорладик.
–Бу амалиётни ўтказиш пайтида оғриқ бўладими? Шунингдек бошқа азиятли томонлари ҳақида ҳам тўхталсангиз…
–Албатта, қошни татуаж қилиш пайтида мутахассис қўлидан азоб чекканлар бор. Кимгадир ишнинг ранги, шакли ёки сифати умуман ёқмайди. Агар амалиёт сизга ёқмайдиган натижа берса уни ўчириш ҳам бир азоб. Чунки бу оддий бўёқмаски, пахтани ҳўллаб артган билан кетиб қолса… Уни на совун, на қаттиқ ишқалаш – билан ўчиролмайсиз. Гўзаллик салонлари ходимлари одатда қошлар шаклини ўзгартириш ва уларнинг ўрнида янгиларини яратишга ҳаракат қилишади. Бу машаққатли иш, ҳеч ким олдиндан натижага кафолат бермайди, шунинг учун гўзалликни хавф остига қўйишнинг нима кераги бор?!
–Агар амалиёт кўнгилдагидек чиқмаса қандай ўчириш мумкин?
–Муваффақиятсиз татуаждан халос бўлишнинг ягона усули лазерда олиб ташлаш бўлиб, у оғриқли ҳамда жуда қиммат. Энг ёмони шундаки, чизилган қошлардан бутунлай халос бўлиш учун одатда бир неча ой давом этадиган 4-5 сеансни амалга ошириш керак бўлади.
Аслида қизлар табиий гўзал, лекин айрим санъаткорлар касб тақозоси биланми ёки мода ортидан қувиб, қош-кўзларини кетмайдиган макияж қилдиришади. Бошқалар эса уларга эргашади.
Игна билан тешиб бўяганда қошлар бутунлай тўкилиб кетади. Илдизига шикаст етганлари эса қайта ўсиб чиқмайди. Яна қўшма қош орасини бутунлай олдириб ташлаш одат тусига кирган. Афсуски сохта гўзалликка муккасидан кетиш натижасида туғма қошларни ҳеч қачон қайтариб бўлмайди.
–Ўзи бу усул қачон ва кимлар томонидан ўйлаб топилган?
–Татуаж, растушёвка татуировканинг бир кўриниши. Татуировка турли хил шакл, расм ва нақшлар чизиш учун тери остига бўёвчи моддаларни сингдиришдир. Авваллари танага татуировка қилдирувчилар жуда саноқли бўларди. Ҳозир эса у оммалашиб, баъзи ёшларнинг фахрига айланган, ҳаттоки бунга аёллар ҳам ружу қўйди.
Татуаж узоқ муддатгача пардоз буюмларини унутиб, лаб, кўз ва қошга шакл бериш, тери нуқсонлари бўлмиш чандиқ ва доғларни яшириш, хол қўйиш ёки табиий холларга бироз ранг бериш, умуман ҳар қандай вазиятда гўзал кўриниш имконини беради. Бироқ аёлларимиз сохта гўзаллик деб ўз саломатлигини хавф остига қўйишмоқда. Баъзан аксинча, бу амалиёт натижасида чандиқ пайдо бўлиши мумкин.
Тарихий китобларда ёзилишича, татуировканинг қадимий кўринишлари ибтидоий жамоа тузуми даврида вужудга келган. Аввалига бир қабила аъзоларини бошқа қабиладан ажратиб кўрсатиш учун қўлланган белги кейинчалик ашаддий жиноятчилар учун жазо воситасига айланган. Европага татуировкани XVIII асрда жаҳонгашта саёҳатчи Жеймс Кук олиб кирган. Қадимда аёллар эса бу усулдан юзга хол қўйишда фойдаланган. Аммо халқимиз ўтмишида бу ҳақда бирор маълумот йўқ.
–Муолажанинг саломатликка қандай зиёни бор?
–Тиббиёт олимлари татуировка ва татуаж инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлайдилар. Бундай сохта гўзаллик ортидан турли юқумли касалликлар келиб чиқади. Чунки салонлардаги игналар ва бошқа муолажа ускуналари бир марталик ёки стерилланган бўлишига кафолат йўқ. Натижада мижозга қон орқали юқадиган касалликлар, гепатитнинг барча турлари ва ҳатто ОИВ ҳам юқиши мумкин. Сўнгги маълумотларга қараганда, татуаж учун ишлатиладиган бўёқлар таркибида саратон хасталигини чақирувчи модда борлиги аниқланган.
Назарий жиҳатдан, ҳамма нарса жуда жозибали кўринади, лекин аслида мутахассислар кўпинча керакли натижага эриша олмайди. Энг кенг тарқалган хато – нотўғри бўёқ туфайли жуда қуюқ ранг. Шунингдек асимметрия, бир қош бошқасидан бир оз баландроқ ёки бироз ингичка бўлиши мумкин. Ўчириш эса, юқорида айтилди жуда қийин жараён. Афсуски, игна билан чизилган қошлар ғайритабиий кўринади, бўёқнинг муваффақиятли танлови билан ҳам улар ҳар қандай ёшга 5 ёш қўшиб, сизни қари кўрсатиши шубҳасиз.
Билими ва дунёқараши тор кишигина бундай соғлиққа хавф туғдирадиган ишни қилади. Тиббий ва илмий жиҳатдан зарарли оқибатларидан хабардор киши бу бўлмағур ишга қўл урмайди. На ўзлигимизга ва на динимизга тўғри келадиган, имонимиз, жисмимизга зарар келтиришдан бошқа нарсага ярамайдиган бу каби оммавий маданият таъсиридан биз ўзимизни асрашимиз лозим.
–Азиятли усуллар ўрнига қандай безарар ва табиий усулларни тавсия қиласиз?
–Замонавий косметологияда қошларни чиройли қилиш учун оғриқли усулга мурожаат қилмасдан қўллайдиган кўплаб вариантлар мавжуд. Қошлар сийрак бўлса, тўқ ва жигарранг хина, басма ёрдамида керакли шакл ва қалинликни бериш мумкин. Бундай қошларнинг идеал шакли бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида завқлантиради ва фойдали хусусиятлари туфайли қошлар илдизи мустаҳкамланади. Бу табиий бўёқлар қошда 2 ҳафтагача ва сочларда 6 ҳафтагача туради. Шу билан бирга, табиий кўринишни таъминлайди. Ўсма ва сурма ҳам қадимдан аёлларимиз томонидан эъзозлаб келинадиган табиий безарар бўёқ воситаси. Мунтазам қўллаганда малла қошларни ҳам қорайтиради. Салонларда қошларни татуаж қилишнинг бир нечта турларини таклиф қилишади. Ҳозирда ўчиб кетмайдиган қаламлар ва тенлар ҳам чиққан. Бундан ташқари мум билан бўяганда ҳам бир текисда ҳақиқий қошлардек чизилади. Косметологияда шу каби узоқ муддат кетмайдиган кўплаб бўёқлар мавжуд. Улардан фойдаланиш ҳар томонлама хавфсиздир.
Манзура БАХТИЁР қизи суҳбатлашди.