Илмий анжуманнинг асосий мақсади “Жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ қилиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш” бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган илмий-тадқиқот ишлари, музей, архив, кутубхона ва қўлёзмалар фондини бойитиш тадбирларини ташкил этишни таъминлашга қаратилган. 500 га яқин иштирокчини қамраб олган форумда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалар, келгуси режаларини намоён этадиган 10 дан ортиқ семинарлар ва тақдимотлар ташкил этилди. Форумда тақдим этилган ҳар бир лойиҳа бўйича олимлар иштирокида муҳокамалар ўтказилиб, иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланади. Билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, яхлит ҳужжат шаклида ташкилий қўмитага тақдим этилди. Илмий анжуманнинг иккинчи кунида эса форумнинг ялпи йиғилиши ўтказилди. Ялпи йиғилиш аввалида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиши бўлди. Сўнг ўтказилган семинарлар бўйича муҳокама ва модераторларнинг шарҳлари тингланди. Давлатимиз раҳбарининг 2021-йил 16-июлдаги “Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом Цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг “Жаҳон илм-фани тараққиёти ва цивилизациясига ҳисса қўшган аждодлар илмий меросини тадқиқ қилиш ҳамда янги юксалиш давридаги ютуқларни тарғиб қилиш” бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижроси муҳокамалар марказида бўлди. Анжуман иштирокчилари 9 та шўъбага бўлинган ҳолда Ислом цивилизация Маркази музейининг 9 та бўлими фаолиятини тақдимот қилишди. Олимлар музей бўлимларининг экспонатлари ва безаклари борасида қизғин-баҳс-мунозара олиб боришди.
– Бу каби форумларнинг аҳамияти катта. Зеро, иштирокчилар шўъбаларга бўлинган ҳолда муҳокамалар олиб боришмоқда, – деди анжуманнинг ”Санъат ва Бадиий ҳунармандчилик” бўлими раҳбари, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Камола Оқилова. – Чунки, ҳар бир шўъбанинг ўз номи бор. Масалан, “Учинчи Ренессанс”, “Анъаналар”, “Илм-фан, таълим” каби мавзуларни қамраб олди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди. Энди гап ушбу мажмуанинг ички қисмида. Яъни, ички контенти яратилиш жараёни. Ана шу контентнинг тўғри бўлиши мақсадга мувофиқ. Шу мақсадда тадбир доирасида олимлар, санъатшунослар, ҳунарманд ва олимлар, тарихчилар, рассомлар турли муаммолар ва уларнинг ечимларига тўхталдик. Ислом санъати ўзи нима? Биз аввало ислом тарихи ва ислом фалсафасини тўғри ва чуқур англашимиз керак. Бу ердаги экспсонатлар бутун инсониятни жалб этиши керак. Ва бу ер нафақат ҳунармандчилик тарихи музейи, балки ислом санъати музейи бўлиб қолиши керак. Танланаётган экспонатлар ноёб ва қадрли. Мамлакатимиз бой моддий ва номоддий мероси дунёга машҳур, кўплаб обида ва асори атиқаларимиз, жумладан ислом санаъатига оид экпонатлар мавжуд. Уларни ташриф буюрувчиларга мультимедия воситалари ёрдамида намойиш қилиш чоралари хусусида ҳам бугун атрофлича гаплашиб оляпмиз. Ислом санъати музей стратегияси нимадан иборат деган саволга жавоб берарканмиз, унда ўз навбатида илмий ишлар, тадқиқот изланишлар, маънавий- маърифий ишлар олиб борилиши баробарида ана шу ноёб экспонатларимизни ўзида жамлаган кўргазмалар ҳам ташкил этилиши керак деган хулосаларга келдик.
– Форумга мамлакатимизда фаолият олиб бораётган соҳа вакилларини жамлаганмиз. –деди Ўзбекистон Давлат санъат музейи директори Васила Файзиева. – Масалан, биргина бизнинг “Анъаналар” йўналишидаги шўъба йиғилишига этнографлар, санъатшунослар, миллий қадрият ва урф-одатларимиз билан шуғулланувчи олимлар, шунингдек, спорт ўйинлари, театр, кино, цирк, рақс санъати вакиллари, миллийлигимизни ифода этувчи барча маросимларни ўтказиш борасидаги илм кишилари таклиф этилган. Бу борада илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимлар билан биргаликда янги таклифларни ишлаб чиқдик. Ўзбек халқи анъаналари ва қадриятларини ифода этувчи экспонатлар намойиш этилишида эса айнан олимларнинг таклифлари муҳим ҳисобланади. Тадбирда 100 дан ортиқ таклифлар билдирилди ва булар ана шу янги лойиҳада эътиборга олиниши назарда тутилди.
Олимлар, давлат арбоблари, диний соҳа вакиллари ва ёшлар иштирокидаги мазкур форум ишида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, проректорлар, профессор-ўқитувчи ва талабалари учун ҳам жуда самарали бўлди. Ташкил этилган семинардаги “Таълим” бўлимини ривожлантириш бўйича тузилган кенгашга Академия ректори Уйғун Ғафуров раҳбарлик қилди. Ташкил этиладиган музейнинг “Таълим” бўлими экспозициясига оид контентлар борасида илмий доира вакиллари томонидан кўплаб фикрлар билдирилди. Шунингдек, таълим бўлимини янада бойитиш ҳамда уни тарихимизга оид маълумотлар билан такомиллаштириш бўйича зарур таклифлар илгари сурилди. Академия ректори анжуман иштирокчиларига “Таълим” бўлимини ривожлантириш бўйича келиб тушган 68 та таклиф ва мулоҳазалар билан таништирди. Жумладан, Экспозисияни ўзгартиришга оид таклифлар 15 тани ташкил этди. Экспозицияга қўшимча киритишга оид 20 та таклиф, замонавий технологияларни қўллашга оид 14 та таклиф, экспозицияга янги мавзу киритишга оид 11 та таклифлар билдирилди.
– “Анъаналар” бўлимида координатор сифатида иштирок этдим. – деди Ислом Цивилизацияси маркази илмий ходими Шарофат Юсупова. – Бу бўлимда жуда кўп бахс мунозалар бўлди. “Ижтимоий ҳаёт”, “Анъана ва урф-одатлар” ҳамда “Миллий ижро санъати” каби секторларда фаолият олиб борган мазкур бўлимда олимларимиз томонидан салмоқли таклифлар билдирилди. Айтиш керакки, форум юртимиз, қолаверса Марказ учун жуда катта маълумотлар тақдим этади. Зеро, бу ерда соҳа мутахассислари томонидан халқимиз, тарихимиз, миллийлигимиз, санъатимиз ва маданиятимиз, ислом тарихи ва санъатига доир жуда ҳам қимматли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бу таклиф ва маълумотлар эса юртимиз ва тарихимизни анада чуқурроқ англашда муҳим манбалар макони ҳисобланади.
500 га яқин иштирокчини қамраб олган Форумда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари, келгуси режаларини намоён этадиган 10 дан ортиқ семинарлар ва тақдимотлар ташкил этилди. Форум натижалари бўйича ташкилий қўмита томонидан тайёрланган якуний ҳужжат муҳокама этилди ва қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентига илмий жамоатчиликнинг Мурожаатномаси ва Декларация қабул қилинди.
Умида МУРОДХОНОВА, Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси талабаси