Жорий йилнинг 10 декабрь куни «Медиа-Холл НАЭСМИ» («Зарафшон» концерт зали)да XИжтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали бўлиб ўтади. Фестивал “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўламларида” лойиҳасининг йиллик ҳисоботига бағишланган мультимедиа-форуми доирасида ташкил этилади.
Фестивал Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилмоқда.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, телевидение ва кино ижодкорлари, фаол журналистлар ва блоггерларнинг фаолиятини рағбатлантириш, оммавий ахборот воситаларида мамлакатимиз маданий-тарихий меросига оид мавзуларини ёритиш ва Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини оширишга қаратилган.
Фестивалда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, медиа соҳаси раҳбарлари, блоггерлар, кинематогрофлар, продюсерлар ҳамда ижодий гуруҳлар иштирок этишади. Фестивал меҳмонлари сифатида таниқли маҳаллий ва хорижий олимлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, сайёҳлик компаниялари вакиллари ва соҳага доир бошқа вакиллар таклиф этилади.
Энг яхши медиа-маҳсулотни аниқлаш учун фестивал ташкилий қўмитаси ва ҳакамлар ҳайъати тузилади. Ғолиблар бир қатор номинацияларда асосий ва рағбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланади.
Саралаш босқичининг якунида экспертлар гуруҳи томонидан 4 та номинация бўйича 12 та телевидение ва радиостанция танлаб олинади. Ғолиблар тўғридан-тўғри онлайн овоз бериш орқали аниқланади.
Фестивал қуйидаги номинацияларда ўтказилади: “Ўзбекистон — туристик маскан”/«Туристический Узбекистан»/Welcome to Uzbekistan, “Мазали Ўзбекистон”/ «Вкусный Узбекистан»/Taste me, “Ўзбекистон маданият маскани”/«Культурный Узбекистан» /Must see, “Қадимий Ўзбекистон”/«Древний Узбекистан».
Фестивал ташкилий қўмитаси ғолибларни, шунингдек, телеканалларда эфирга узатиладиган махсус Гран-при мавзули ишларни тақдирлашни режалаштирмоқда.
Энг яхши роликлар муаллифлари X Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивалининг қимматбаҳо совғалари ва эсдалик дипломлари билан тақдирланишади.
Бундан ташқари ташкилий қўмита томонидан бошқа йўналишдаги роликлар учун махсус диплом ва махсус номинациялар таъсис этилади.
“Биз махсус асосий мукофотларни таъсис этдик, дейди фестивалнинг ҳакамлар ҳайъати раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. – Энг яхши телеролик учун ғолиб бўлган иштирокчи «Spark» автомобилига эга бўлади. Танловда ғолиб бўлган хорижлик иштирокчилар учун асосий соврин – VIP-тур — Ўзбекистоннинг энг кўп ўрганилмаган, сирли ва муқаддас жойларига ташриф буюриш имконияти яратилади.
Таъкидлаш жоизки, мазкур медиа лойиҳа ўн йилдирки, жамиятимизда мавжуд турли муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган теле-радиороликларни яратиш ва кенг оммага етказиш орқали жамоатчилик эътиборини тортиб келмоқда.
Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали давлат, жамоат ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон учун ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларини амалга оширишдаги саъй-ҳаракатини бирлаштиришга ёрдам беради.
Фестивал давомида ташкилий қўмита томонидан маданий-ахлоқий, миллий ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга қаратилган 3000 дан зиёд теле ва радиороликлар қабул қилинди.