Рустам Абдуллаев: «Ёқимли мусиқа заиф ҳужайраларни жонлантиради»

Мусиқанинг вазифаси инсонни гўзаллик оламига етаклаб, унга яхши кайфият, илҳом бахш этишдир.

Мусиқанинг вазифаси инсонни гўзаллик оламига етаклаб, унга яхши кайфият, илҳом бахш этишдир. Алломалардан бири: “Тана овқат билан, руҳ эса куй билан тирикдир”, деган эди. Зеро, асаби яхши одамнинг саломатлиги бенуқсон, иродаси кучли бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, кўпчилик ижодкорлар, рассомлар, ҳунармандлар, ҳатто ақлий меҳнат билан боғлиқ касб эгалари ҳам ўзининг энг яхши ижод намуналарини мусиқа остида яратади. Демак. яхши мусиқанинг жамият тараққиёти, санъат равниқидаги ўрни биз ўйлагандан ҳам муҳим экан.

Юртимизда мусиқа санъати ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган инсонлар кўп. Бугунги меҳмонимиз — Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, республика ва халқаро кўрик-танловлар совриндори, профессор Рустам Абдуллаев.

Композитор Рустам Абдуллаев 1947 йилда Хива шаҳрида туғилган. Олдин Ҳамза номидаги ўрта-махсус мусиқа билим юртини, сўнг Тошкент давлат консерваториясини ва аспирантурани тамомлаган. Ижоди сермазмун ва кўп қиррали. У «Шодимулк», «Садоқат» каби опералар, “Қуёшга таъзим” балети, симфоник поэмалар, овоз, торли ва дамли чолғулар учун кўплаб концертлар, вокал туркумлар, қатор прелюдия ва фугалар, фортепиано учун 9 та вариация, шунингдек, кўплаб куй-қўшиқлар муаллифи.

“Сўз бирламчими ёки мусиқа?” мавзуидаги баҳс-мунозаралар ҳамон давом этиб келади. Сиз бу борада нима дейсиз?

— Фикримча, албатта, мусиқа бирламчи. Чунки афсоналарга кўра, Худо Одам Атони яратганида мусиқа ёрдамида унинг танасига жон киритган экан. Демак, мусиқа инсонга руҳ бахш этади. Биз бастакорлар ҳам турли мавзу ва кайфиятдаги куйларни яратиб, инсонлар қалбида ажиб ҳис-туйғуларни уйғотамиз. Ана шундан сўнг улар илҳомланиб, эзгу сўзлар айтади, эзгу амаллар бажаради.

Шўх куй чалиб, ғамгин киши дилини равшан қилиш, қайғули мусиқа билан кулиб турган одамни йиғлатиш мумкин, шундай эмасми?

— Албатта! Шундай куйлар борки, йиғлаганни кулдирар, шундай куйлар борки, кулиб турганни йиғлатар… Масалан, “Муножот” куйи одамни чуқур фалсафий ўй-хаёлларга етаклайди. “Лазги” — шодлик мадҳияси. “Алла” болага ором бағишлаб, уни эртаклар мамлакатига элтади. Яхши куй хатто беморлар дардига малҳам бўлиб, ҳаётга умид уйғотиши мумкин. Абу Али Ибн Сино ўз амалиётида руҳий касалликларни мусиқа билан даволагани бунга мисол бўла олади.

Эътибор берганмисиз, катта тантаналарда, тўйларда ҳам турли кайфиятдаги инсонлар жам бўлади. Бири безовта, бошқаси ўз муаммолари гирдобида… Бирдан ўйноқи куй чалинганда “манаман деган” жиддий одам ҳам қувноқ кайфиятда рақсга тушиб кетади. Шўх куй чалинганда хатто мусиқа нималигини билмайдиган чақалоқлар бир маромда ўйнай бошлайди.

Юқори тембрдаги сершовқин куйларнинг саломатликка зарари борми?

— Мутахассислар фикрича, товуш кучи 100 децибелдан ошган куй тирик ҳужайраларни ўлдириши, ўз меъёридаги мусиқа эса чалажон ҳужайраларни ҳам тирилтириши мумкин экан.  Ҳозирги ёшлар кўпроқ эстрада (жаз, рок, реп) куй-қўшиқларни ёқтиради. Бироқ сершовқин, санъатдаги меъёр ва шаклларга бўйсунмайдиган куйлар инсоннинг руҳий, маънавий оламига таъсир этиб, бегона ғоявий мафкураларни ҳам сингдириши мумкин. Масалан, оғир рок сингари жазавали, беўхшов ҳаракатларга ундовчи куйлар ёшларда жангарилик, бебошлик кайфиятини уйғотмай қолмайди. Шунинг учун буюк файласуфлардан бири: “Сокин куйлар яратинг, бу куйлар дунёда тинчлик мувозанатини сақлайди”, – деган эди. Халқимиз биз яратган куйларни тинглайди. Уларга энг нафис, энг гўзал оҳангларга йўғрилган куй-қўшиқларни туҳфа этиш биз — бастакорларнинг вазифамиздир.

Фарзанд тарбиясида мусиқа қандай аҳамиятга эга?

— Гўзал мусиқа инсонни гўзалликка, комилликка, бунёдкорликка етаклайди. Инсон мусиқа билан сафарга отланади, мусиқа билан майдонга тушади, мусиқа остида ишга киришади. Илк қадамини мусиқа жўрлигида бошлаган киши катта ютуқларга эришади. Масалан, аскарларнинг сафда шахдам қадамлар билан айтадиган куй-қўшиқлари уларнинг Ватанга бўлган садоқати, уни ҳимоя қилишдаги масъулият туйғуларини юксалтиришга ёрдам беради. Шу боис ҳам айни вақтда юртимизда юксак савияли ҳарбий ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни яратишга катта эътибор қаратилмоқда.

Шунингдек, болаларда мусиқага меҳр уйғотиш учун мақсадида мактабгача таълим муассасаларида мусиқа ва спорт уйғунлигида машғулотлар олиб борилади. Саломатликни тикловчи спорт гимнастикаси мусиқа остида бажарилганда самараси юқори бўлиши аниқланган. Шу боис, мактабларда, спорт секцияларида ҳам машғулотларини мусиқа жўрлигида олиб боришни йўлга қўйиш лозим. Бу ёш авлоднинг мусиқа маданиятини юксалтиришга ҳисса қўшади ҳамда уларга руҳий кўтаринкилик бахш этади.

Ўзида туғма қобилият бўлмаган болани тарбиялаб, ўқитиб, катта композитор қилиш мумкинми?

—  Болани ўқитиб, илмли қилиш мумкин, олим қилиш мумкин, аммо ўзида туғма қобилият, мусиқага муҳаббат бўлмаган болани зўрлаб композитор, ижрочи, чолғучи қилиб бўлмайди. Мусиқа қалбдан чиқсагина қалбларга етиб боради. Шу ўринда айтиб ўтмоқчи эдим, ота-онасининг ёки бошқа яқинларининг тавсияси билан мусиқа ва санъат йўналишидаги олийгоҳларга адашиб кириб қолган ёшлар келажакда етук санъат асарлари яратиб, мухлисларни ҳайратга сола олмайди. Шунинг учун фақат ижодий салоҳиятли ёшларни санъатга йўналтириш мақсадга мувофиқдир.

Чет давлатларда олий ўқув юрти, завод ва фабрикаларнинг ҳам ўз мадҳияси бор. Бизда шундай тажриба йўлга қўйилганми?

— Тўғри, ҳар бир давлатнинг ўз мадҳияси бўлгани каби спорт жамоалари, олий ўқув юртларининг ўз тантанали қўшиқлари, ҳатто ҳар бир кинофильм, кўрсатувнинг ҳам ўз куйи бўлгани яхши. Бу куй ўша жамоанинг шижоатини, муваффақиятини, фильм ёки кўрсатувнинг бетакрорлигини таъминлайди. Республикамизда ҳам бир қатор жамоалар борки, уларнинг ўз мадҳияси мавжуд. Мисол учун, мен “Насаф” футбол жамоаси ва Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг тантанали куйларини яратишда бош-қош бўлганман. Улар шу жамоа учун бир мадҳияга айланган. Кейинги пайтда юртимиз киноижодкорлари томонидан тасвирга олинаётган фильмлар, сериаллари ҳам ўзига хос куйлари билан томошабинлар эътиборини тортмоқда.

Бугунги томошабиннинг мусиқа тинглаш маданияти, умуман концертда ўзини тутиш маданияти тўғрисидаги мулоҳазаларингиз…

— Мен кўплаб жаҳон саҳналаридаги премьераларда қатнашганман. Хорижий давлатлар фуқаролари концертларни оилавий келиб, томоша қилади. Минглаб одам ўтирган саройларда концерт пайтида пашша учгани ҳам эшитилади. Халқимизнинг мусиқа маданияти, жаҳон ва мумтоз куйларимизга бўлган қизиқиши йилдан йилга юксалиб бормоқда. Кейинги пайтда вокал, симфоник оркестрлар концертларига келадиган томошабинлар сезиларли кўпайди. Аммо тан олиш керакки, айримлар концерт пайтида телефонда гаплашади, ўзаро суҳбатлашади… Бу ўта маданиятсизлик белгисидир. Фақат саҳнадаги санъаткорларга эмас, аввало, ўзига, ёнидаги томошабинларга бўлган ҳурматсизликдир. Концерт залига қадам қўйган ҳар бир томошабин, аввало, бу масканда кўплаб таниқли устозлар ижод қилиб ўтгани, улар қолдирган бой меросга ҳурмат нуқтаи назаридан ўзини тутишга, қолаверса, шу ерга келибдими, ижро этилган куй-қўшиқлардан бирон руҳий озуқа олиб кетишга ҳаракат қилиши керак. Шунинг учун концертга оиласи, фарзандлари билан келишнинг фойдаси кўп, деб ўйлайман. Бир томондан, ёшларга ибрат бўлиш учун ўзимизни маданиятли тутамиз, иккинчи томондан, бу фарзандларимизнинг мусиқага муҳаббати, томошабинлик маданияти шаклланишига ёрдам беради.

Мухлисларга тилакларингиз…

— Барча юртдошларимизни яқинлашиб келаётган янги 2019 йил билан самимий муборакбод этаман! Аввало, барчага сиҳат-саломатлик, кўтаринки кайфият ёр бўлсин. Мусиқа бор жойда гўзаллик бор, шодлик бор, меҳр-муҳаббат, тинчлик-хотиржамлик бор. Яхши мусиқа доимо ҳамроҳингиз бўлиб, дилларингизга хушнудлик улашаверсин!

Манзура БЕКЧАНОВА суҳбатлашди.

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: