Бадантарбия ва спорт машқларининг инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида кўп эшитганмиз. Жисмоний машғулотларнинг турлари ва йўналишлари жуда кўп. Уларни ҳар ким ўз қизиқиши ва организм зарурияти ҳамда имкониятларига қараб танлаши мумкин. Айрим кишиларга аъзоларни зўриқтирадиган, кўп куч ва қувват сарфланадиган спорт турлари тўғри келмайди. Ҳаракат фаоллигининг бўғимлар, умуртқа ва мушакларни чўзишга асосланган тури “стретчинг” деб аталади. Бундай аэробика машқларининг афзаллиги, фойдаси ва улар билан шуғулланиш тартиблари ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган, бир қатор шогирдлар етиштиришга ҳам улгурган мураббий Марям Усманова билан суҳбатлашдик.
Суҳбатдош ҳақида:
- 1991 йилда Тошкент шаҳрида туғилган.
- 2013 йилда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабини аъло баҳоларга тамомлаган.
- 2007 йилда Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида балет артисти сифатида ўзининг илк меҳнат фаолиятини бошлаган.
- 2013 йилдан буён Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида педагог-хореограф сифатида фаолият олиб бормоқда. Иш фаолиятидан узилмаган ҳолда ўзининг рақс мактабини ташкил қилган. Унда хореограф ва аэробика машғулотлари мураббийси сифатида ёшларга таълим бериб келади.
Стретчинг — аэробиканинг бир тури
Чўзилиш машқлари нима ўзи? Уларнинг организмга қандай фойдаси бор?
—Стретчинг — чўзилиш машқлари аэробика йўналишининг бир тури бўлиб, тананинг чўзилувчанлиги ва қайишқоқлигини оширишга мўлжалланган. Улар билан ҳар қандай ёш ва жинс вакиллари шуғулланиши мумкин. Бу машқлар кўпинча соғломлаштирувчи фитнесга қўшимча машғулотлар таркибига киради ва улар билан мустақил равишда ёки тренажёр залларида мураббий назорати остида шуғулланиш мумкин.
Стретчингда ҳам йога, гимнастика, аэробика машқлари ва балет ҳаракатларига ўхшаш элементлар мавжуд. Фарқи ва аҳамиятли томони шундаки, бундай машқлар одамда чарчоқ пайдо қилмайди, аксинча ишдан кейин руҳан ва жисмонан зўриққан организмдаги чарчоқни, шишларни йўқотишга ёрдам беради. Тананинг дам олишига ва тетиклашига ижобий таъсир кўрсатади.
Стретчинг машқларини кўпчилик ўзида синаб кўрган, деб айтиш мумкин. Масалан, ўзингиз ҳам “шпагат” ёки “кўприк” каби умуртқа-бўғимларни чўзишга мўлжалланган мақшларни қачондир бажаришга ҳаракат қилиб кўргандирсиз? Аммо уларни ҳамма ҳам тўлиқ асосда бажара олмайди. Бунинг учун махсус тайёргарлик бўлиши керак. Стретчинг ҳар бир спорт турида, профессионал спортчиларнинг тайёргарлик мажбурий машғулотлари мажмуига киритилади. Шу билан бир вақтда бу машқлардан даволаш ва соғломлаштириш мақсадидаги самарали фойдаланиш мумкин.
Соғломлаштирувчи ва даволовчи хордиқ
Чўзилиш машқлари организмга қандай таъсир кўрсатади?
—Биринчидан, стретчинг машқлари пайтида танадаги ҳар бир мушак, ҳар бир пай, ҳатто одатдаги фитнес машғулотларида фаолашмай қолган нуқталар ҳам ҳаракатга жалб қилинади. Улар билан шуғулланганда одамнинг бўғим ва мушакларида, умуман тананинг барча тўқима ва ҳужайраларида қон айланиши яхшиланади. Қотиб қолган тузлар ва йиғилган ёғлар эрийди. Асосийси остеохондроз, чурра каби умуртқа касалликларининг олди олинади. Бу фаоллик тури билан шуғулланган кишининг қомати ҳар доим тик ва расо бўлишини кузатиш мумкин. Стретчинг одамларнинг умумий кайфиятини яхшилаб, ўзига ишончини, касбий меҳнат фаоллигини оширади.
Бундан ташқари, чўзилиш машқлари айрим касалликларда, юқорида айтиб ўтилганидек, умуртқа муаммоларида, бўғимларга туз йиғилганда даволаш терапиясига қўшимча сифатида тавсия қилинади.
Бу машқларнинг тананинг турли соҳаларидаги оғриқлардан халос бўлишда аҳамияти катта. Чунки улар ёрдамида мушак ва асаб толаларининг қотиши ва сиқилиши билан боғлиқ ҳолатларга барҳам бериш мумкин. Шу жумладан, мунтазам давом эттирилган машғулотлар пайлар ва бўғимларнинг мустаҳкам бўлишини таъминлайди, жароҳатларнинг олдини олади.
Кўпинча машғулотларга келаётган кишилар юрак фаолиятида яхши томонга ўзгариш кузатилганини, олдин зинадан чиққанда юраклари қаттиқ уриб кетган бўлса, ҳозир енгил чиқиб-тушаётганларини айтишади. Демак стретчинг юрак ва қон-томирлар фаолиятини яхшилаб, атеросклероз ва тромбоз кабиларнинг олдини олиш ва даволашга ҳам катта ҳисса қўшади.
“Умуртқани чўзиш ёрдамида ҳар бир эркак ва аёл 30 ёшгача ёшариши мумкин”, деган эди таниқли америкали шифокор Бернард Макфедден. Шунинг учун умумий саломатлиги яхши бўлган барча кишига ва баъзи жисмоний ҳаракатлар чекланмаганларга ёши, жинси ва тана ўлчамларидан қатъий назар бўғим, мушак ва умуртқани чўзиш машқлари билан шуғулланишни тавсия қиламан.
Чекловлар борми?
—Бу машқлари кимларга мумкин эмас?
—Чекловлар ҳар бир организмнинг хусусиятларига кўра белгиланади. Масалан, кимдаки умуртқалараро диск чурраси ёки яққол кўзга ташланган сколиоз (умуртқа қийшайиши) қайд этилган бўлса, стретчинг билан шуғулланиш мумкинми ёки йўқлигини аниқлаш учун шифокор билан маслаҳатлашиш талаб этилади. Бундай беморларга чўзилишдаги айрим машқлар, хусусан танани буриш ва эгилиш букилиш кабилар тақиқланади. Жарроҳлик амалиётидан кейинги тикланиш даврида, шунингдек, сурункали касалликларнинг (аллергия, меъда яраси ва ҳ.к.) ўткир тусга кирган пайтида ҳам чўзилиш машқлари билан шуғулланмай турган маъқул.
Суҳбатдошдан тасиялар:
- Организмга стретчинг жуда хуш ёқади. Унга хатто ўрганиб қолиш ҳам мумкин. Машқлар билан шуғулланиб туриб, бирдан тўхтатиб қўйиш натижасида организм чидамлилиги сусайиши, баъзида кучсиз оғриқлар пайдо бўлиши ва чўзилишга эҳтиёж кузатилади.
- Бундай машқлар билан шуғулланганда, албатта, одам ўзини зўриқтирмаслиги керак. Масалан, агар киши бажаролмаса, ўзини зўрлаши ва шпагатга ўтиришга ҳаракат қилиши шарт эмас.
- Ҳомиладорлик пайтида чўзилиш машқлари умумий ҳолатни яхши сақлашга ёрдам беради. Агар бўлажак она ўзини яхши ҳис қилаётган бўлса, меъёридаги жисмоний ҳаракатлар унинг ўзи ва ҳомиласи саломатлигига хавф туғдирмайди. Фақат фойда келтиради. Шунинг учун айрим шифокорлар ҳомиладор аёлларга ритмик гимнастикани мажбурий муолажалар қаторига киритишади. Лекин мураббий назоратида шуғулланиш ва айрим мураккаб усулларни бажаришга ҳаракат қилмаган маъқул.
- Климас ёшидаги аёлларга ҳам стретчинг саломатлик билан боғлиқ нохушликларни енгиллаштиришга яхши ёрдам беради.
- Чўзилиш машқлари озиш мақсадидаги кишилар учун энг самарали фаоллик турларидан биридир.
- Ҳар бир киши соғлом ва тетик бўлишни истайди. Жисмоний машқлар билан шуғулланиш билан бирга овқатланиш тартибларига ҳам тўғри амал қилиш лозим. Бу машқларнинг самарасини янда оширади.
- Машқларга 2 соат қолганда овқатланишни тўхтатиш ва машқлардан кейин 2 соат ўтгандан сўнггина овқатланиш мумкин. Оғир ҳазм бўладиган ва ёғли таомларни емаслик, энергетик қувватни сусайтирмаслик, яъни организмни керакли витаминлар билан етарли миқдорда таъминлаб туриш лозим.