
Бугунги кунда кўпчиликнинг диққат-эътиборида бўлиб турган ушбу долзарб мавзу борасида, Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Муҳаммадризо Огаҳий номидаги ижод мактаби ўқитувчиси Муҳаббат Жуманиёзова ўз фикрларини билдирди.
— ХХI аср техника мўъжизаларидан бири дея қайд этиладиган мобил алоқа воситаларининг ўқувчи ҳаётидаги ўрни ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз…
— Истаймизми, йўқми мобил алоқа воситалари бугун инсоният ҳаётининг бир бўлагига айланди. Олдин ўзимиз уриниб, бир ҳафталарда битирадиган ишимизни мобил қурилма орқали бир зумда тайёрлаш имконияти ёки узоқдаги яқинимиз билан суҳбатлашиш, ҳатто видео экранли восита орқали дийдорлашиш қулайлиги яратилди. Бу дунё аҳлининг эътирофини қозонди. Ундан ташқари идора ва ташкилотларда, ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам техника тараққиётининг ўрни салмоқли даражада ортди. Ҳозирда ишчи-хизматчиларнинг оғир ишларини техника ўз зиммасига олган. Шу боис вақт тежамкорлиги ва сифат даражалари ошишига эришилган. Бу қувонарли албатта. Лекин, техника тараққиётининг бу гўзал имкониятидан ҳамма ҳам оқилона фойдалана оляптими? Мана шу савол айниқса, таълим соҳаси ходимларини ўйлантираётгани бор гап. Негаки, мактаб ўқувчиларининг мобил телефонларга бўлган қизиқиши фанларга оид зарурий билимларни ўқиб, ўрганиш — эҳтиёж шаклида эмас, балки тенгқурлари орасида мақтаниш, турли хил зарарли ўйинларга берилиб кетиш, ҳақиқий реал ҳаётдан ўзини чеклаб қўйиш каби ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Айниқса, телефон дарс жараёнида ўқувчиларнинг диққатини бўлади. Агар ўқувчининг диққати телефонга чалғиб қолса, у мавзуни тушунмай қолади ва таълим сифати пасаяди.
–Мактабларда мобил телефондан фойдаланишга оид қандай тартиблар жорий қилинган?
–Мактабга кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ходим ва бошқа шахслар ўз телефони овозини тўлиқ ўчириб қўйиши (телефонни «овозсиз» режимга ўтказиши) шарт.
Мактабларда ўтказиладиган ўқув машғулотлари ва тадбирлар (сафланиш, тарбиявий соатлар, байрам, спорт тадбирлари ва шу кабилар) бошланишидан олдин ўқувчилар:
- телефонини ўчириб қўйиши;
- телефонини портфели, сумкаси ва шу кабиларга солиб қўйиши шарт.
Ўқитувчилар ва бошқа ходимлар:
- ўқув машғулотлари вақтида телефондан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас;
- дарсдан ташқари вақтда таълим олувчилар иштирокида телефондан фойдаланишни имкони борича чеклашлари шарт.
— Телефонни бутунлай тақиқлаш керакми, нима деб ўйлайсиз?
— Йўқ, телефонни тўғри ва мақсадли ишлатиш керак. Зарур пайтда таълим олиш, маълумотларни ўрганиш мақсадларида фойдаланиш мумкин, аммо дарс пайтида фойдаланиш нотўғри.
–Қандай ҳолларда телефондан фойдаланишга руҳсат берилади?
–Ўқувчиларга машғулотлар ва тадбирлар оралиғида фақат асосли ва кечиктириб бўлмайдиган зарур ҳолатларда ота-онаси, яқин қариндошлари, мактаб раҳбарлари ёки ходимлари билан зудлик билан боғланиш мақсадида телефонлардан фойдаланишга (қўнғироқ қилишга, SМS, ММS, GPRS жўнатишга, Bluetooth, Интернет ва шу кабилар хизматидан фойдаланишга) рухсат этилади.
Машғулотлар ва турли тадбирлар оралиғида телефон орқали сўзлашиш учун хонадан йўлакка ёки фойега чиқиш, паст овозда ва қисқа мулоқот қилиш зарур. Фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда таълим муассасаларида телефондан фойдаланиш чекланмайди.
–Бу тартибларни бузганлик учун жавобгарлик борми?
–Ўқувчилар телефондан фойдаланиш тартибини бузганда қуйидаги таъсир кўрсатиш чоралари қўлланади: огоҳлантириш, уларнинг кундаликка ёзиб қўйиш; ота-оналарини (уларнинг ўрнини босувчи шахсларни) хабардор қилиш ёки суҳбат ўтказиш учун таълим муассасасига чақириш.
Талаблар бузилганда ҳар қандай педагог ходим ўқувчидан телефонни олиб қўйиш, билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга директорга ёки синф раҳбарига бериш ҳуқуқига эга. Бунда телефон фақат ўқувчининг ота-онасига қайтариб берилади.
—Мактабларда мобил телефондан фойдаланишга қўйилган чекловларнинг фойдаси сезилдими?
— Албатта. Ўқувчиларнинг дарсда фаоллиги сезиларли даражада ошиб бормоқда. Дарс жараёнидаги саволларга кўпроқ жавоб беришмоқда ва натижалар яхшиланмоқда. Бизнинг Хоразм вилояти, Урганч шаҳридаги Муҳаммадризо Огаҳий номидаги ижод мактабимиз мисолида олиб қарайдиган бўлсак, мактабда мобил алоқа воситаларидан фойдаланиш чекланган. Ўқувчиларга дарс вақтида телефон ишлатишга рухсат берилмайди. Бу тартиб дарсларнинг самарали ўтишига ёрдам бермоқда. Телефонга чалғимаса ўқувчи ўқитувчини диққат билан тинглайди, топшириқларни ўз вақтида бажаради ва тенгдошлари билан кўпроқ мулоқот қилади.
Албатта, бу тартиб бошида айрим ўқувчиларга ёқмаган. Аммо вақт ўтиб, унинг фойдаси яққол сезила бошлади. Ота-оналар ҳам ушбу чекловни қўллаб-қувватлаб, бу фарзандларининг таълими ва тарбияси учун муҳим эканлигини таъкидлашмоқда.
Хулоса шуки, телефон дунёни англаш ва ахборот оламидан бохабар бўлишда зарур восита. Бироқ ундан ўринли ва тўғри фойдаланиш муҳим. Агар телефон ўқиб-ўрганиш жараёнида ўқувчининг ўзига ва бошқаларга ҳалал бермаса, зарарли контентларга чалғитмаса, фақат зарур пайтда ишлатилса, муаммо эмас, балки келажак авлоднинг билим даражаси юксалишига хизмат қилувчи дастёрга айланади.
Гўзалхон ҚОДИРБОЕВА,
Муҳаммадризо Огаҳий номидаги ижод мактаби ўқувчиси
Ўхшаш хабарлар
-
Ролни қойиллатиб, дубляжни «гумбурлатган» Ҳамза Умаров
-
Астраханда Алишер Навоийнинг 585 йиллиги кенг нишонланди
-
Россияда 10 ёшли тожикистонлик бола пичоқлаб ўлдирилди
-
Адиб Комил Авазнинг “Каломим ишқли ваъздир” китоби тақдимоти бўлиб ўтди
-
Тўсиқсиз ёки инклюзив муҳит – ногиронларнинг фуқаролик фаоллиги кафолати