Ролни қойиллатиб, дубляжни «гумбурлатган» Ҳамза Умаров

Қаҳрамонларининг феъл-атвори ва хусусиятларини бир оз бўрттириб ифодалаши, сўзларини дона-дона ва жарангдор талаффуз қилиши, қўшиқларини қаҳрамон ҳолатига сингдириб юбориши, қарама-қарши ҳис-туйғуларни кучли психологик драматизмда етказиши билан Ҳамза Умаровнинг санъати алоҳида ажралиб туради.

Таниқли актёр, маҳоратли режиссёр, ажойиб дубляж устаси, Ўзбекистон халқ артисти Ҳамза Умаров 1925 йил 14-декабрда Қўқонда туғилган. Болалигидан унинг қалбида санъатга, саҳнага қизиқиш уйғонган. Лекин айни қирчиллама йигитлик даврида Иккинчи жаҳон уруши бошланган ва кўплаб тенгдошлари қатори урушга юборилган.

Урушдан қайтгач ўз орзулари ортидан пойтахтга келиб, 1948 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига ўқишга киради. Бу даргоҳда актёрлик маҳорати ва дубляж йўналишини зўр қизиқиш билан ўрганади.  1951 йилларда ушбу олийгоҳни аъло баҳоларга тамомлайди. Ҳамза Умаров олийгоҳда ўқиш билан бир вақтда 1950 йилда Муқимий театрида ўзининг меҳнат фаолиятини бошлаган. Бу ерда кўплаб буюк санъаткорлар билан ижодий мулоқотда бўлган, улардан касб сирларини ўрганган.

1986 йилгача йилларда Муқимий театрида, 1987 йил январь—августда Ҳамза театрида, сўнгра «Ўзбекфильм» киностудиясида фаолият олиб борган.

 Ҳамза Умаров ролни «қотириб» ўйнаган, дублаюжни эса «гумбурлатиб» ижро этган. «Армуғон» спектаклидаги Жаъфар роли саҳнада яратган илк образидир. Шунингдек Уйғун асари асосида саҳналаштирилган «Олтинкўл» спектаклида Ғани, «Нурхон»да (Kомил Яшин) Ҳузурхўжа, «Фарҳод ва Ширин»да Шопур, «Равшан ва Зулҳумор»да (Комил Яшин) Терсак роллари билан халққа танилди.

Ҳамза Умаров ижодида 50-йилларда шаклланган характерли, лирик ва кулгили-ҳажвий йўналишлар кейинги йиллар ҳам давом этди. Қаҳрамонларининг феъл-атвори ва хусусиятларини бир оз бўрттириб ифодалаши, сўзларини дона-дона ва жарангдор талаффуз қилиши, қўшиқларини қаҳрамон ҳолатига сингдириб юбориши, қарама-қарши ҳис-туйғуларни кучли психологик драматизмда етказиши билан унинг санъати алоҳида ажралиб туради.

Исфандиёрхон («Ғазал фожиаси»), Маъдалихон («Нодира»), Сайд («Гули сиёҳ»), Масхарабоз («Ўн иккинчи кеча»), Асқарали («Мавлоно Муқимий»), Гунг («Қизбулоқ»), Панташвили («Хонума хоним») каби образлари бунга мисолдир. Режиссёр сифатида «Бағри тош», «Қайнона», «Ишқинг билан» каби асарларни саҳналаштирган.

Ҳамза Умаровнинг кино санъати ривожига қўшган хизматлари алоҳида бўлиб, кинода унинг янги қирралари очилди, қиёфаси, чеҳраси, овози, хатти-ҳаракатлари, ўзини тутиши, ички кечинмаларининг юзида, кўзларида зоҳир бўлиши кинематография имконияти ва ифода воситаларига жуда мос тушган.

Кино саҳнасида Салимбойвачча («Қутлуғ қон»), Умар («Маҳаллада дувдув гап»), Мадаминбек («Фавқулодда комиссар»), Ҳомид («Ўтган кунлар»), Қориев («Инқилоб чавандозлари»), Асқаров («Ёз ёмғири»), Нормат («Шижоат»), Сулаймонов («Фалокат оёқ остида»), Жабборов («Шиддат»),Қўлдошев («Сени кутамиз, йигит»), Матназар («Оловли соҳил») каби 60 дан ортиқ образ яратган.

Бундан ташқари Ҳамза Умаров бир қанча телевизион спектакллар (Масхарабоз, «Қиролнинг дилхуши» ва бошқалар)да ҳам ўйнаган. Ўзининг бетакрор овози ва истеъдоди сабаб дубляж санъатининг моҳир устаси сифатида танилган (1000 дан ортиқ фильмда овоз берган). «Бағри тош», «Ҳаёт йўли»; «Дил тортса», «Ёр юрган кўчалар», «Тонг фарзандлари» пьесаларининг муаллифи.

Ҳ. Умаров 1970 йилда Ҳамза номидаги Ўзбекистон давлат мукофотига сазовор бўлган.

Халқимизнинг севимли актёри Ҳамза Умаров 1987 йил 26-ноябрда 62 ёшида Тошкентда вафот этган.