Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари ичида жуда катта сайёҳлик имкониятларга эга мамлакат ҳисобланади. Ҳозирда сайёҳлик соҳаси дунё иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган соҳаларидан биридир. Ушбу соҳанинг тараққиёти кўплаб мамлакатлар учун катта даромад манбаига айланиб улгурди.
Юртимиздаги, хусусан, Фарғона вилоятидаги мавжуд тарихий ёдгорликлар, табиий иқлим шароити, гўзал ва бетакрор табиати, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳамда миллатимизнинг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, анъаналари, ўз навбатида, тарихий-маданий, археологик, экологик, қишлоқ туризми каби хизмат турларини ривожлантириш имкониятини беради.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. — Хусусан, вилоятда туризмни ривожлантириш жараёнлари таҳлил қилинганда, ушбу соҳа охирги йилларда анча тараққий этганлигини кўришимиз мумкин.
Масалан, 2021 йилда вилоят бўйича жами сайёҳлик ташкилотлари сони 47 тани ташкил қилган бўлса, уларнинг сони 2022 йилга келиб 76 тага етди. Ҳозирда вилоятда меҳмонхоналарининг умумий сони 303 тага етиб, бу рақам 2021 йилнинг шу кунги кўрсаткичига нисбатан 52 тага кўпайди. Бунда жами жойлаштириш воситасидаги ўринлар сиғими қамрови 4 786 тага етиб, 2021 йилга нисбатан 824 тага кўпайишига эришилди. Шунингдек, вилоятимизга сайёҳлар оқимининг ошганлигини ҳисобга олиб, соҳа ходимлари бир қатор режалар, вазифалар белгилаб олганлар. Жорий йил давомида жойлаштириш воситаларининг сони 386 тага ва улардаги меҳмонлар қамрови эса 7281 тага етказилиши режалаштирилмоқда.
Вилоятимизда туризмнинг 15 та тури мавжуд бўлиб, улардан зиёрат, маданий-тарихий, оммавий тадбирлар, экскурсион, гастрономик, бизнес (MICE) экотуризм, этнотуризм, тоғ-экстремал,
спорт, агро, ҳунармандчилик туризми, таълим, тиббиёт туризми каби турлари ривожланган. Биз туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, барча турдаги хизматларни янада такомиллаштириш борасида бор билимимизни, мавжуд имкониятларимизни ишга соляпмиз. Албатта, бу борада кўплаб ишлар бажарилди. 2022 йил давомида туризм инфратузилмаси бўйича умумий қиймати 88,3 млрд. сўм инвестиция маблағлари ҳисобидан жами 29 та лойиҳа, шундан 12 та меҳмонхона, 13 та кафе ва ресторан хизматлари ҳамда 2 та дам олиш маскани, 2 та транспорт хизмати лойиҳалари амалга оширилди.
Вилоятимизда сайёҳлик хизматлар сони ҳам йил давомида сезиларли равишда кўпайди. Туроператорлар сони 2022 йил давомида 76 тага етиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 29 тага кўпайганини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, туризм ахборот марказлари, Wi-Fi зоналари, туристлар учун транспорт ва гид ҳамда қўшимча сайёҳлик хизматларни 2023 йил давомида 30 фоиз ошириш кўзда тутилган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Фарғона вилоятига 2022 йилда 256 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳлар ташрифи кузатилди ва туризм экспорти ҳажми 2022 йилда 46,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан келиб чиқиб, 2023 йилда вилоятимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар сонини жами 1 миллион 800 минг нафарга етказиш белгилаб олинди. Шундан 300 минг нафарини хорижий сайёҳлар ташкил этади.
Йил бошида Баткен вилояти ва Фарғона вилояти раҳбарлари 2023-2025 йиллар давомида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш “Йўл харита”сига асосан Қадамжой туманида бўлди.
Учрашув давомида Баткен ва Фарғона вилоятлари туризм имкониятлари бўйича реклама материаллари билан ахборот алмашинувини ташкил этиш бўйича 2023-2024 йиллар давомида 6 та (Dilrabo Tourizm and logistics – OOO Travel experts (Kirgizstan), Dilrabo Tourizm and logistics – OOO Pamir tour (Kirgizstan), Fargona vodiy sayox – OOO Aksu kent (Kirgizstan), “Farg‘ona vodiy sayyoh” – OOO Kadamjay tur (Kirgizstan), Dilrabo travel СП – ООО Norin 30 (Kirgizstan), Kokand Turism agency – OOO Issiq kol tur (Kirgizstan)) сайёҳлик корхоналар орқали 5 млн АҚШ долларилик қийматидаги сайёҳларни жалб қилиш, хизмат кўрсатиш бўйича шартномаларни имзолашга келишиб олинди.
Шунингдек, Баткен вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари Маруфхан Тулаев бошчилигидаги делегация Фарғона шаҳрида иш бошлаган ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркасида иштирок этиб, вилоятимиздаги туристик манзиллар фаолияти билан танишди.
Қолаверса яқинда Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида Фарғона, Қирғизистоннинг Баткен ҳамда Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари раҳбарларининг минтақавий учрашуви бўлиб ўтди.
Кенгайтирилган тартибда ўтказилган уч томонлама учрашув давомида туризм ва бошқа соҳаларда ҳудудлараро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хабарингиз бор, Қўқон шаҳри 2022 йилда “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” деб эълон қилинган эди. Шу муносабат билан 2022-2023 йилларда амалга ошириладиган маданий-маърифий тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Бу йилдан бошлаб, ҳар икки йилда бир маротаба Марғилон шаҳрида “Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти” мавзусида кўргазма ва илмий-конференция, июнь ойида “Лаванда” фестивали, июль ойида “Туркий тилли ёшлар” халқаро фестивали, шунингдек, август ойининг учинчи ҳафтасида “Табаррук зиёрат” халқаро медиатури ва унинг доирасида “B2B” форматида учрашувлар ташкил этилиши белгиланган.
- Суҳбат чоғида қадамжойлик Абдутолиб Тешабоев Фарғона вилоятига халқаро мусиқа фестиваллари, миллий ҳунармандчилик кўргазмалари баҳонасида тез-тез келиб туришини ва бу анъана қирғиз ёшлари ўртасида ҳам урф бўлаётганини таъкидлади.
2022 йилда Қирғизистонга 6 миллион 912 минг сайёҳ ташриф буюрди. Бу ҳақда Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ҳузуридаги Туризм департаменти директори Самат Шатманов маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу йил департамент 10 миллион сайёҳни кутмоқда.
“Акчабар” нашрининг ёзишича, Қирғиз Республикасида тиббиёт туризми соҳасига алоҳида аҳамият бериш бошланган. Баткен вилоятидаги Раззоқов шаҳрида тўрт юлдузли меҳмонхона, санаторий мажмуалари ва болалар соғломлаштириш оромгоҳи барпо этилади.
Уни амалга оширишнинг умумий қиймати 960 миллион долларни ташкил этади. Шунингдек, “Ак-Кеме” меҳмонхонасини қайта тиклаш, республика ҳудудларида глампинглар тармоғини ривожлантириш, кузатув майдончасини яратиш лойиҳасини амалга ошириш режаштирилган.
—Қани энди яна поезд йўналишлари тикланса, саёҳатлар бўлса, — дейди баткенлик “Қадамжой тур” сайёҳлик компанияси раҳбари Максат Буджаев. — Қолаверса, “Жалолобод” – “Бишкек” йўналишидаги поездини қайта тиклаш зарур. Поезд вагонларида кондиционер бўлиши лозим. Маҳаллий линияларга қатновчи кичик ҳажмли самолётлар қатнови йўлга қўйилса, замонавий сайёҳлик инфратузилма яратилиб, сифатли хизмат кўрсатиш сайёҳлар оқимининг янада ортишига хизмат қилади. Баткенликлар Фарғона вилоятига айланиш, кўнгилочар тадбирларда иштирок этиш мақсадида келишни хуш қўрмоқда. Шунингдек, турли халқаро кўргазма ва фестиваллар каби маданий тадбирларни мисол келтириш мумкин. Айниқса, қариндош-уруғ, яқинларни йўқлаш, ҳолидан хабар олиш, тўй ва бошқа маросимларда иштирок этиш учун келадиганларнику айтмасак ҳам бўлади. Фарғона вилоятидаги шифохоналарига келиб даволаниш, санаторияларда соғлигини тиклаш ҳам яхши анъанага айланган.
И.Абдужабборов.