Шогирд бўлиб умримни зое ўтказмасликка аҳд қилдим. Устамнинг: “Ҳой Сотимхон, ўзингни ақа-бақа ташламай, сабрли бўлиб тур!…” дейишига арзимган чой-чақага куним ўтаётганини важ қилдим.
«Келинингиз ҳам: “топишингизнинг тайини йўқ!”, деб бошимни оғритаяпти”, деган баҳоналарни қалаштирдим. Аслида хотин аканинг пулим билан умуман иши йўқ эди. Қайтага ора-сира ундан “муллажиринг” сўраб турардим. Ахир у кимсан, фалончи бойваччанинг эркатой қизи, бўлса!
Ният ўзгарганди, ният: машҳур блогер бўлиш. Ҳукумат сўз эркинлигини бериб қўйибди. Нима, ижтимоий тармоқларда бииир ўзимни кўрсатиб қўя олмайманми?! Қайнотам “ош емадига” берган “Айфон” телефоним “жилт” бўлса…
Ниҳоят устага ҳайрни насия қилиб, ўз билганимдан қолмадим. Бор-э, деб таваккалига ишни бошлаб юбордим. Тез кунда анча оғизга тушибман, денг…
-Сизни ютубда кўрдим. Сотимхон ака! Бу кетишда машҳур бўлиб кетасиз-да, — дейишса бир пастда осмонга чиқиб, оёғим ердан узилибди. Кўча-кўйда: “Сотимхон, пул топишнинг осон йўлини топибсиз?! Буюртамалар ҳам тушиб қолаётгандир?!” дея ҳасад қилувчилар ҳам учраб турди.
Аввалига ўзиммизнинг қишлоқдаги бир икки муаммоларни кўтаргандек бўлдим. Ҳамқишлоқлар мендан жуда миннатдор бўлишди. Туманимизнинг “катта”лари ҳам жуда мўрт экан, чамаси. Мени кўришса шошиб қолишади. Шу пайтда камина ҳам виқор билан қаршимдаги шахсни тиз чўктирадиган даражага олиб бораман. Аслида қанчалик “орқаси лой”лигини вообше билмайман. Аммо ҳаммасидан хабардор кишидек сир бой бермай, ўзимни виқор билан тутавераман.
Қарабсизки, ошиғимиз олчи-да…
Кейинроқ шартта ҳудудни ҳам кенгайтира бошладим. Тўғри, аввалига ишим “том сувоқ” бўлиб турди. «Просмотр” деганлари жуда зўр эмас…. Қарасам, бўлмайди. Услубни ўзгартирдим. Фақат “заказ”га ишлашга ўтдим.
Ахир мушук офтобга текинга чиқмайди-ку! Олдинига ўзимизнинг миллий валютада бўлса ҳам ижтимоий тармоқда “ишлаб” турдим. “Просмотр” ва “лайк” олиш қуруғидан ҳам қизиқроқ эди, мен учун. Қўлингга пул тушса борми, бу ҳам зўр “мотивация” бераркан. Қадримни жуда ерга уриб юбормайин, деб “нарх”ни ўзгартирдим.» Любой» “заказ”ни “кўки”да гаплашадиган “формат” яратдим. Бир икки мижоз эътироз билдирганди: “ Мени тўғри тушунинг. Вақти келса одамлар сўкадиган, урадиган ҳолат бўлиб туради. Бунга эса бардош беришим керак”, десам дарров рози бўлишади.
Менга ёққани, қайсидир раҳбарни “йиқитиш”га ёрдам бериш жараёни. Ўша буюртмачи айтган бошлиққа аввалига “бир-икки тош отиб” чўчитаман. Бечоранинг шунақанги ҳуноби ошади-ки, асти қўяверинг. Иш бор жойда, албатта, камчилик ҳам бўлади-ку!..
Энг зўри, “цензура” деган нарсанинг ўзи йўқ. Буёғини хоҳлаганингдек олаверасан.
Комментларда мабодо: “масалани бир ёқлама ўрганибсиз. Иккинчи томонни ҳам эшитайлик!”, “ Ўзи, бу блогернинг қандайдир билими борми?!”, “ Тавба, қўлида телефони бор одам, блогер бўлаверадими?!” деб аланима балоларни ҳам ёзишади. Бунга парво ҳам қилмайман. Менга сира қизиғи йўқ. Боиси, иккинчи томон «том сувоқ” бўлса?! Каминага нима наф?! “Нақдини санасин, шунда ҳам биииир ўйлаб кўраман”, дея қайноқ чойни хўплаб-хўплаб кузатаман…
Хуллас, қисқа фурсатда анча машҳур бўлиб, шахсий бюджетимни ҳам бойитдим. Энди хотиндан пул сўраб нима қиламан?! Агар устанинг ёнида юраверганимда ким билади ТВга чиқиш орзусида чириб кетармидим. Битта “Айфон” билан иш бошлагандим. Кейинроқ уйда бир хонани офис қилиб, унча-бунча техникани сотиб олдим. Бўларкан-у компотдан шашлик, дея ўзимча машҳурлик “касали”га чалиндим. Афсуски, кейинроқ билсам чучварани хом санабман. Ҳаммаси охирги, “пост”имдан сўнг бошланди.
Суд залида ҳуқуқшунослар кўзимни “мош”дек очиб қўйишди. Ҳам давлат, ҳам иккинчи томон дадил далиллар билан даъво қилди. “Отнинг калласидек” жаримани илиб, блогерлик фаолиятимга ҳам чек қўйишди. Анави занғар “заказчик” аслида учига чиққан фирибгар, амалпараст экан. У ваъда қилган “кўки”га ишониб, туппа-тузук, эл ҳурматидаги одамни беҳурмат қилибман. Барака топкур инсофли инсон экан, суддан менга енгиллик сўради.
Машойихларимизга ҳам раҳмат! “Уста кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар” деган мақолни биздақаларга заб топиб айтишган экан. Ҳали ўзимга келолмадим. Машҳурлик супаси жуда баланд бўларкан-да. Ундан йиқилишни биир тасаввур қилинг?!
…Мана бир неча кунки: “Сотимхон, панжара ортига тушмаганингга шукур қил!”, дея аҳён-аҳён ўзим билан ўзим гаплашадиган бўлиб қолдим.
Одилжон МУҲАММАД