Афсонавий «Али бобо ва қирқ қароқчи» картинаси замонавий талқинда

Ўзбекистон-Россия-Ҳиндистон ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида афсонавий “Али бобо ва қирқ қароқчи” фильми замонавий талқинда экранларга қайтиши мумкин.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлигида Агентлик ва «Ўзбекфильм» давлат унитар корхонаси раҳбариятининг россиялик таниқли режиссёр Жаник Файзиев ва ҳиндистонлик машҳур режиссёр ва сценарийлар муаллифи Умеш Меҳра билан zoom-учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон-Россия-Ҳиндистон ҳамкорлигидаги лойиҳа – афсонавий “Али бобо ва қирқ қароқчи” фильмининг замонавий талқинини яратиш фикри, ташкилий масалалар, актёрларни танлаш ва фильмнинг тахминий бюджети муҳокама қилинди.

Фильмни суратга олиш учун ҳамкорлар тасодифан танлаб олинмаган. Жаник Файзиев — “Турк гамбити”, “Галактика дарвозабони”, “Август. Саккизинчи” ва бошқа машҳур фильмларни суратга олган ва 1979 йилда суратга олинган “Али бобо ва қирқ қароқчи” фильми режиссёри Латиф Файзиевнинг жияни ҳисобланади. Шунингдек, Латиф Файзиев фильмни ҳинд режиссёри Умеш Меҳра билан биргаликда суратга олди.

Учрашувда суратга олиниши режалаштирилган картина камбағал ўтинчи Али Бобо ҳақидаги афсонанинг биринчи қисмини давом эттириш ва замонавий талқинда суратга олиниши кераклиги таъкидланди.

Конференцияда кинолентани яратишнинг барча амалий масалаларини атрофлича ўрганиш учун жорий йилнинг июль ойи бошида шахсан учрашиш бўйича келишувга эришилди.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: