
Шимолий Нурота тоғ тизмасининг марказий жанубий ён бағирларида жойлашган “Зармитан” дала экспедициясида ана шундай машаққатли меҳнат ҳар куни давом этмоқда.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги таркибидаги “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти томонидан республика минерал-хомашё базасини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ижроси, шунингдек, геологларнинг дала шароитидаги фаолиятини кенг ёритиш мақсадида ОАВ вакиллари учун Самарқанд марказий геология-қидирув экспедициясига икки кунлик пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турнинг энг қизиқарли манзилларидан бири – “Зармитан” дала экспедицияси бўлди. Бу ерга келган журналист ва блогерлар геология-қидирув ишларининг фақат назарий жиҳатларини эмас, балки унинг бевосита даладаги жараёнини кўриш имконига эга бўлдилар.

Бугунги кунда бу ерда 8 та йирик лойиҳа асосида геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Замонавий бурғулаш қурилмалари ер қаърининг чуқур қатламларигача кириб бориб, геологлар учун энг муҳим маълумот – тоғ жинсларининг “тарихи”ни юзага чиқармоқда.
Бурғулаш жараёни ташқаридан қараганда оддий техника ишидек туюлиши мумкин. Аслида эса ҳар бир метрнинг ортида катта илмий ва амалий меҳнат мужассам. Қайси нуқтада бурғулаш керак, қанча чуқурликка тушиш лозим, олинган намуна қандай сақланади ва унинг таркибида қандай минераллар бор – буларнинг барчаси геологик қидирувнинг муҳим босқичларидир.


Журналистлар ер ости тоғ-кон лаҳмларини ўтишишлари билан ҳам танишдилар. Ер бағрига тобора чуқуркириб борган сари иш шароити мураккаблашади. Бироқ геологлар ва кончилар учун бу – касбий вазифа, изланиш ва натижа сари ташланган навбатдаги қадам.
Зармитан дала экспедициясидаги жараёнларнинг яна бир муҳим босқичи – тоғ жинсларидан олинган геологик намуналарни қайта ишлаш ва сақлаш. Олинган намуналар махсус участкаларда қабул қилиниб, белгиланган тартибда майдаланади, сараланади ва кейинги таҳлиллар учун сақланади. Бу жараёнда аниқлик жуда муҳим. Чунки кичик бир намуна ҳам ер остидаги муайян қатлам ҳақида катта маълумот бериши мумкин.


Пресс-тур иштирокчилари намуналарни майдалаш ва махсус сақлаш участкаларининг иш тартибини бевосита кузатдилар. Айниқса, лаборатория жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш имконини берувчи янги “Намуналарни назорат қилиш” ахборот тизими журналистларда катта қизиқиш уйғотди.
Замонавий рақамли технологиялар намуна ҳаракатини назорат қилиш, унинг қайси босқичдан ўтганини кузатиш ва маълумотларни тизимлаштириш имконини беради. Бу эса геологик тадқиқотларда шаффофлик, тезкорлик ва маълумотлар ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Самарқанд марказий геология-қидирув экспедицияси раҳбари С. Нематуллаевнинг таъкидлашича, айни пайтда экспедиция томонидан жами 32 та стратегик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Уларнинг 28 таси Навоий кон-металлургия комбинати билан тузилган шартномалар асосида, 4 таси эса давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бажарилмоқда. Бу рақамлар ортида эса фақат техника ва технология эмас, балки юзлаб мутахассисларнинг кундалик меҳнати бор.
Тоғ шароитида ишлаш осон эмас. Узоқ масофа, мураккаб рельеф, об-ҳавонинг кескин ўзгариши ва ишнинг узлуксизлиги геологлардан нафақат профессионал билим, балки жисмоний чидам ва масъулият ҳам талаб этади.
Шу боис пресс-тур давомида узоқ тоғ шароитида кечаю кундуз меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар ва бурғулаш усталари учун яратилган меҳнат ва маиший шароитларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун мамлакат иқтисодиётининг кўплаб тармоқлари учун зарур бўлган минерал-хомашё ресурсларини аниқлаш ва уларнинг захираларини ўрганиш геология соҳаси зиммасига катта масъулият юклайди.
Бир қарашда тоғ бағридаги бурғилаш қурилмаси ёки махсус мосламада сақланаётган тоғ жинси намунаси оддий манзара бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ҳар бир намуна ортида ер қаърининг миллион йиллик тарихи, ҳар бир бурғулаш қудуғи ортида эса катта изланиш ва ҳисоб-китоблар мужассам. Зармитан тоғларида олиб борилаётган ишлар ана шу жараённинг амалдаги ифодасидир.
Пресс-тур журналистларга геология соҳасини фақат рақамлар ва ҳисоботлар орқали эмас, балки унинг ҳақиқий меҳнат муҳитида кўриш имконини берди.
Тоғлар бағрида, оғир ва мураккаб шароитларда ишлаётган геологлар учун ҳар бир топилган қатлам – янги ааълумот, ҳар бир намуна – янги изланиш, ҳар бир аниқланган захира эса мамлакат минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Зармитан тоғларида бурғулаш қурилмалари шовқини тўхтамайди. Чунки ер қаъридан бойлик излаш – бугунги куннинг эмас, келажак тараққиётининг ҳам пойдеворини яратиш демакдир.
МеҳриБОНУ Сафаралиева