Ҳисор марказий геология қидирув экспедициясига пресс-тур ташкил этилди

Жорий йилнинг 11–13 июнь кунлари “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти томонидан “Ислоҳотлар амалда” мавзусида Ҳисор марказий геология қидирув экспедициясига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-тур доирасида журналистлар жамиятнинг геология соҳасида амалга ошираётган кенг кўламли фаолияти, истиқболли лойиҳалари ҳамда замонавий лаборатория ва технологиялари билан яқиндан танишдилар.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда геология соҳаси жадал ривожланмоқда. Ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегик минерал-хом ашё захираларини аниқлаш ва улардан оқилона фойдаланиш имкониятини яратиб, иқтисодиётимизни барқарор таъминлашда муҳим омилга айланмоқда.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбек геология қидирув” АЖ 2021 йил 21 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ПҚ-5083-сон Қарорига мувофиқ 2021 йил август ойида геология қидирув ишларига хизмат кўрсатиш бўйича “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти ташкил этилган.

Бугунги кунда компания замонавий ва юқори самарали ускуналар, илғор техника ва инновацион технологиялар орқали ҳудудларда геология-қидирув ишларини жадал амалга ошириб, республика минерал-хом ашё базасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Ўтган даврда ер қаърини геологик ўрганиш хусусан рангли қимматбаҳо металлар ва бошқа фойдали қазилма майдонларида геологик-қидирув ишларини ташкил этиш, рангли ва қимматбаҳо металларнинг истиқболли майдонларини топиш учун илмий-тематик ишлар, башоратли ресурслар ва мавжуд майдонларнинг майда, ўрта ва йирик масштабли геологик хариталарини яратиш асосида республика минерал-хом ашё базасини кенгайтириш борасида қатор ишларни амалга оширди.

Бу жараёнда етакчи ташкилотлардан бири — Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбек геология қидирув” АЖ ҳисобланади. Жамият 2021 йилда Президентнинг ПҚ–5083-сонли қарори асосида ташкил этилган бўлиб, геология-қидирув ишларини инновацион ва илмий асосда ташкил этиш вазифасини зиммасига олган.

Бугунги кунда “Ўзбек геология қидирув” АЖ энг замонавий ускуналар, илғор техника ва инновацион ёндашувлар асосида ўз фаолиятини йўлга қўйган. Жамият нафақат республика ҳудудларида геология-қидирув ишларини амалга оширмоқда, балки минерал-хом ашё базасини ривожлантиришда ҳам фаол иштирок этмоқда.

Матбуот анжумани Самарқанд Марказий геология қидирув экспедициясида бўлиб ўтди. Унда жамият бош муҳандисининг ўринбосари Эшмурзаев Бектош Нормуҳамадович ва бошқарма бошлиғи Ризаев Маҳмуд Муратович сўзга чиқиб, амалга оширилаётган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот беришди.

Анжуман иштирокчилари Самарқанд шаҳрида жойлашган замонавий Аналитик лаборатория фаолияти билан ҳам танишдилар. Ушбу лабораторияда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келадиган маъдан намуналари таҳлил қилинади, таркибидаги элементлар аниқ ҳисоб-китоб қилинади. Замонавий технологиялар таҳлил жараёнини тезлаштириб, юқори аниқликка эришиш имконини бермоқда.

Жамият 2025 йил давомида 100 дан зиёд геология-қидирув лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирган. Улар қаторида олтин, мис, кумуш, қўрғошин, руҳ ва вольфрам каби рудали фойдали қазилмалар, шунингдек, қурилиш ва кимё саноати учун зарур бўлган норудали минераллар ҳам мавжуд.

“Ўзбек геология қидирув” АЖ таркибидаги Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Самарқанднинг жанубий ҳудудларини қамраб олган ҳолда фаолият юритмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари Акба участкасининг бурғилаш ишлари билан яқиндан танишдилар. Ушбу участкада 1900 метр чуқурликкача бурғилаш ишлари олиб борилиши, намуна олиш самарадорлиги эса деярли 100% гача оширилгани таъкидланди. Бу геология таҳлилларидаги аниқликни таъминлайди.

Ташриф доирасида Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги “Китоб геология миллий табиат боғи” ҳам кўздан кечирилди. Журналистлар бу ерда жаҳон миқёсидаги геологик аҳамиятга эга Зинзилбон кесими билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Мазкур кесим халқаро стратиграфик эталон сифатида тан олинган.

“Ўзбек геология қидирув” АЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар нафақат соҳанинг техник ва илмий салоҳиятини юксалтиришга, балки мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Янги ресурслар, инновацион ёндашув ва замонавий технологиялар – жамият фаолиятининг устувор йўналишларидир.

Меҳрибон САФАРАЛИЕВА, журналист

 

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: