
Тошкентда “Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти (Médecins Sans Frontières) ЖССТ, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Шарқий Европа ва Марказий Осиёда сил ва ОИВ эпидемияларининг ўзаро боғлиқлиги масаласини муҳокама қилиш учун қарор қабул қилувчи шахслар ва техник экспертлар иштирок этди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси аҳолининг заиф қатламлари орасида тўпланган ОИВ эпидемияси билан бир қаторда сил (ТБ) ва кўп дориларга чидамли сил (КДР-ТБ)нинг қўшалоқ хавфи остида қолишда давом этмоқда. Минтақа дунёда ОИТС билан боғлиқ ўлим ҳолатлари кўпайишда давом этаётган ягона минтақа бўлиб қолмоқда ва дунё ҳамжамиятини ОИТС таҳдидини тугатиш мақсадларидан узоқлаштирмоқда. Бунинг устига ҳар йили ОИВ билан янги касалланиш ҳолатлари ортиб боряпти.
2024 йилда Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида тахминан 204.000 киши сил касаллигига чалинган. Шу ўринда таъкидлаш керакки, минтақада сил касаллигига чалинган ҳар беш кишидан бири аниқланмай қоляпти. Яъни бунга сабаб айрим беморларнинг ўз ихтиёри билан тиббий ёрдамга мурожаат қилмаслигидир.
Тадбирда қайд этилган маълумотларга кўра дриларига чидамли сил жамоат саломатлиги ва соғлиқни сақлаш хавфсизлиги учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. Айниқса, Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги сил ҳолатларининг тахминан 23 фоизи ва илгари даволанган беморларнинг 51 фоизи дори воситаларига ёки рифампитсинга чидамли силга тўғри келади. Бу кўрсаткичлар ЖССТнинг барча минтақалари орасида энг юқори ҳисобланади.
Сил/ОИВ қўшма инфекцияси — жиддий муаммо
Сил/ОИВ қўшма инфекцияси ҳам Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасида жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Минтақада ҳар йили тахминан 29.000 янги сил/ОИВ коинфекцияси ҳолати қайд этилади, янги сил ҳолатларининг қарийб 13 фоизида ОИВ инфекцияси ҳам мавжуд.
Дориларига чидамли сил юкининг юқорилиги чегаралараро узлуксиз даволаниш ва парвариш давомийлигини минтақавий хавфсизликнинг устувор масаласига айлантирмоқда.
Шу нуқтайи назардан, Шарқий Европа ва Марказий Осиёнинг 11 мамлакатидан сил ва ОИВ бўйича миллий дастурлар раҳбарлари, ЖССТ вакиллари, халқаро экспертлар ва бошқа манфаатдор мутахассисларни ўз ичига олган қарийб 90 нафар иштирокчи Тошкентда йиғилиб, сил ва ОИВ хизматлари интеграциясини яхшилаш, ЖССТ томонидан тавсия этилган янги восита ва ёндашувларни жорий этишни жадаллаштириш ҳамда минтақавий мувофиқлаштиришни кучайтириш бўйича амалий ечимларни муҳокама қилмоқда.
“Дориларига чидамли сил соғлиқни сақлаш хавфсизлигига таҳдид солади ва у давлат чегараларида тўхтаб қолмайди”, деди ЖССТнинг Европа минтақаси бўйича Фавқулодда вазиятлар ва соғлиқ сақлаш хавфсизлиги директори доктор Иҳор Переҳинетс.
“Туберкулёзни даволашни Тошкентда бошлаган бемор уни Олмаота ёки Варшавада ҳам якунлай олиши керак. Шу боис мамлакатларга даволашнинг узлуксизлигини таъминлайдиган янада самарали трансчегаравий механизмлар зарур. Бугунги кунда сил ва ОИВнинг олдини олиш, ташхислаш ва даволаш учун ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ воситаларга эгамиз. Бироқ дори воситаларига чидамли силга чалинган ҳар беш кишидан атиги иккитаси зарур бўлган даволанишни олмоқда. Биз айнан шу тафовутни бартараф этиш учун шу ердамиз, — дейди эксперт.
ЖССТ томонидан яқинда тавсия этилган юқори таъсирга эга чора-тадбирларни тезкор жорий этиш эпидемия ривожланишининг олдини олишга ҳисса қўшиши мумкин. Бу чора-тадбирларга оптималлаштирилган тестдан ўтказиш ёндашувлари, ОИВ инфекциясининг ривожланган босқичидаги беморлар учун комплекс хизматлар ва бошқалар киради.

“ОИВ инфекцияси тарқалиши камаймаётган ва ўлим ҳолатлари ортишда давом этаётган минтақада самарадор чора-тадбирларни кенгайтириш инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш ва янги ҳолатларнинг олдини олишда ниҳоятда муҳимдир”, деди ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ОИВ бўйича минтақавий маслаҳатчиси доктор Стела Бивол.
Муҳокамаларда асосий эътибор ОИВнинг олдини олиш учун контактгача профилактика (ПрEП) бўйича ЖССТнинг энг сўнгги тавсияларини жорий этиш; ОИВ ва сил бўйича инсонга йўналтирилган тиббий хизматларни ривожлантириш; дориларга чидамли силни даволашнинг хавфсиз режимларини қўллаш; шунингдек, миграция масалаларида муҳим чора — силни трансчегаравий узлуксиз даволашни таъминлаш каби устувор йўналишларга қаратилди.
Ўзбекистон мазкур касалликларни даволаш ва олдини олиш бўйича катта салоҳиятга эга, — деди гуруҳ раҳбари. Илмий далилларни ҳисобга олган ҳолда, “Чегарасиз шифокорлар” Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини тавсия қилинган препаратни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишга чақирди.
”Мамлакатда ОИВ тарқалишини чеклашга қаратилган мазкур ташаббусни амалга оширишда “Чегарасиз шифокорлар” ташкилоти вазирликни қўллаб-қувватлашга тайёр”, — деди “Чегарасиз шифокорлар” гуруҳи раҳбари.