Овқатдан заҳарланиш диққат марказига чиқди

2025 йилнинг ўтган 5 ойи давомида 14 та ҳолатда овқатдан заҳарланишлар рўйхатга олиниб, унда 42 нафар фуқаро жабрланган.
АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ёз мавсумида озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Сўнгги ўн йилликларда экологик муаммоларнинг кучайиши кузатилмоқда. Жумладан, иссиқлик тўлқинлари каби тез-тез содир бўлаётган экстремал об-ҳаво ҳодисалари инсонлар саломатлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Ғайритабиий иссиқ об-ҳаво, кучли жисмоний зўриқишлар, иссиқ ҳавода нотўғри овқатланиш – буларнинг барчаси инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Агар тегишли чоралар кўрилмаса, бу соғлик учун жиддий хавф туғдиради. Иссиқ ҳавода озиқ-овқат маҳсулотларида бактерияларнинг кўпайиш тезлиги ортиши туфайли овқатдан заҳарланиш хавфи ортади. Шунинг учун маҳсулотларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш, нотўғри тайёрланган ёки узоқ вақт юқори ҳароратда бўлган овқатларни истеъмол қилмаслик керак. Озиқ-овқат маҳсулотлари нотўғри сақланганда ва тайёрланганда патоген микроорганизмлар билан осон зарарланади. Биринчи навбатда, бу сут ва қандолат маҳсулотлари, тухум, гўшт, парранда ва балиқ маҳсулотлари, меваларга тегишли. Иссиқ кунда тайёр таомлар ва сут маҳсулотларини хона ҳароратида сақлаш, хом сут истеъмол қилиш мумкин эмас.

Сўнгги ўн йилликларда уйдан ташқарида истеъмол қилинадиган озиқ-овқат сифати масаласига катта эътибор қаратилмоқда, иссиқ кунларда эса бу айниқса долзарб бўлиб қолмоқда. Қаҳвахоналар, ресторанлар, ошхоналар ва бошқа умумий овқатланиш муассасаларининг кўпайиши билан озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги устидан тегишли назоратни таъминлаш муаммоси ҳам пайдо бўлмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунё бўйича ҳар йили 600 миллионга яқин киши заҳарли ёки сифатсиз овқат истеъмоли оқибатида касалланади. Ўзбекистонда эса 2024 йилда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жами 20 184 та умумий овқатланиш корхоналарининг 1 512 таси (7,49%)да олиб борилган текширувлар натижасида уларнинг 664 таси (3,29%)да санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талаблари бузилганлиги аниқланган.

Асосий муаммо шундаки, истеъмолчилар ҳар доим ҳам жамоат жойларида истеъмол қиладиган озиқ-овқатларининг сифатига ишонч ҳосил қила олмайди. Санитария қоидаларини бузиш, сифатсиз ёки муддати ўтган маҳсулотлардан фойдаланиш, тайёрлаш ва сақлаш технологияларининг номувофиқлиги – буларнинг барчаси одамлар саломатлигига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.

Кўпинча умумий овқатланиш муассасалари арзонроқ, аммо сифатсизроқ маҳсулотларни танлайди, бу эса истеъмолчиларнинг умумий саломатлик даражасига таъсир кўрсатади.

Яна бир муҳим жиҳат истеъмолчиларнинг етарли даражада хабардор эмаслигидир. Аксарият ҳолларда одамлар маҳсулотларнинг келиб чиқиши, уларнинг янгилиги ёки сифати ҳақида билмайди. Бу, айниқса, хомашё етказиб бериш ва сифатини назорат қилишнинг шаффоф механизмлари мавжуд бўлмаган муассасалар учун долзарбдир.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда жамоат ошхоналари, кафелар ва бошқа умумий овқатланиш жойларида маҳсулотларнинг сифатини назорат қилиш яхшиланмоқда. 2019 йилда болалар таълим муассасалари ва бошқа жамоат жойларида озиқ-овқат маҳсулотлари сифати устидан назоратни кучайтиришга қаратилган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бироқ, шунга қарамай, кўплаб муассасалар ушбу нормаларни амалга оширишда муаммоларга дуч келмоқда.

Республика бўйича 2025 йилнинг ўтган 5 ойи давомида 14 та ҳолатларда овқатдан заҳарланишлар рўйхатга олиниб, унда 42 нафар фуқаро жабрланган (шулардан 17 нафари болалар). Жами юзага келган овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг 10 та ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида “Ботулизм” касаллиги қайд этилган (23 нафар фуқаро жабрланган, улардан 8 нафарини болалар ташкил этади). 3 та ҳолатда овқат токсикинфекцияси қайд этилиб, 13 нафар фуқаро жабрланган, шундан 8 нафарини болалар ташкил этади. Кимёвий заҳарланиш 1 та ҳолатда қайд этилган. 6 нафар фуқаро жабрланиган, улардан 2 нафари болалар.

Кафе, ошхона ва бошқа умумий овқатланиш жойларида озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилиш масаласи жаҳон миқёсида ҳам, Ўзбекистонда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Давлат органлари томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамай, маҳсулот сифатини янада қатъий назорат қилиш, аҳолининг хабардорлигини ошириш ва шаффофликни таъминлайдиган янги технологияларни жорий этиш зарурати мавжуд. Бозорнинг барча иштирокчилари – давлат органларидан тортиб истеъмолчиларгача – уйдан ташқарида овқатланиш учун хавфсиз ва соғлом муҳит яратиш учун биргаликда ишлаши муҳимдир.

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: