“Меъёрий тана ҳарорати — 36,6 даража”
36,6 даража — соғлом одам танасининг ўртача ҳарорати. Ҳақиқатда бу кўрсаткич ўзгариб туриши мумкин. Яъни нормал тана ҳарорати 36,6-37,2 ° С атрофида бўлади. Маълумки, ҳарорат овқатдан кейин ёки об-ҳаво ўзгариши туфайли ўзгаради. Бу айниқса, кексаларда ва қон босими юқори кишиларда кўпроқ сезилади. Бундан ташқари, тана ҳарорати ошишига кучли стресс, чарчоқ, жисмоний фаолият ва иссиқ хонада ухлаш ҳам таъсир қилиши мумкин.
Ҳароратнинг физиологик ўсишининг ўзига хос хусусияти шундаки, у тезда, одатда 1-3 соатдан кейин нормага қайтади. Тана ҳароратининг бироз кўтарилиши кўпинча касаллик ҳисобланмайди.
«Ҳароратни ўлчаш учун энг тўғри соҳа — қўлтиқ»
Ҳарорати доимий бир хил бўладиган соҳада иситмани ўлчаш – энг тўғри йўл. Шунинг учун қўлтиқ ости ва тил остида (Европача усули) ўлчаш ҳақиқий иссиқлик даражасини акс эттиради. Ўлчаганда термометр қўлтиқ остига жойлаштирилади, маҳкам босилади ва камида 7-10 дақиқа ушлаб турилади.
Ёғ тўқимаси аниқ ўлчашга ҳалал беради, шунинг учун ортиқча вазнли одамларда қўлтиқ остида ҳароратни ўлчашда хатолар юзага келиши мумкин.
«Энг ишончли ўлчагич – симобли термометр«
Бир томондан, симоб термометрлари ҳақиқатан ҳам жуда аниқ. Бошқа томондан, улар хавфли ва шунинг учун айрим мамлакатларида улар ишлатилмайди. Агар симобли ўлчагич синса, ўта эҳтиёт бўлиш керак. Шикастланган термометрдан симоб оқиб чиқади ва у 18 даража ҳароратда буғланади. Бу жуда заҳарли моддадир. Шунинг учун, термометр синишининг олдини олиш, синса тезда кўчага чиқариб чиқиндига ташлаш зарур.
Электрон ўлчагичлар ҳароратни ўлчаш учун хавфсиздир. Аммо улардан фойдаланганда гигиенага амал қилиш ва ҳар кимда индивидуал бўлиши керак. Аниқ тана ҳароратини билиш учун кетма-кет бир неча марта ўлчаш тавсия этилади.
Ҳар хил фитнес билакузуклари ва бошқа спорт жиҳозлари ёрдамида ҳароратни ўлчашда хатолик юзага келади. Биринчидан, улар одатда танага мос келмайди, иккинчидан, билакдаги ҳарорат ҳар доим, масалан, қорин бўшлиғига қараганда паст бўлади.
Ҳозирда жамоат жойларида фойдаланиладиган контактсиз ўлчаш қурилмалари оммавий ўлчаш учун ишлатилади. Уларнинг кўрсаткичи ҳақиқий тана ҳароратидан 1-1,5 даража паст бўлади. Бундай ускуналар фақат 38-39 даражадан юқори ҳароратни кўрсатади.
«Иситма кўтарилса вируслар нобуд бўлади«
Касаллик қўзғатувчи микроорганизмлар фақат жуда юқори ҳароратда ўлиши мумкин (41°С дан юқори бўлганда). Бу иситма, албатта, организм учун зарарли. 41°С тана ҳароратида юрак зўриқиши 5-6 марта ортади. 42°С ҳароратда оқсил қуюқлаша бошлайди. Шунинг учун шифокорлар ҳароратни 38,5 даражадан юқори кўтарилган ҳолларда туширишни тавсия қиладилар.
«Ҳарорат 37 даражадан юқори бўлса, шифокорга мурожаат қилиш керак»
Агар иситма 37,2-37,5°С бўлиб, бир неча кун давом этса, шифокорга мурожаат қилиш керак. Шошилинч даволанишнинг ягона сабаби 38°С дан юқори ҳароратдир. Фақатгина кўтарилиши эмас, балки ҳарорат пасайиши (35°С) ҳам тиббий ёрдамга мурожаат қилинадиган ҳолатдир. Ҳарорат пасайиши заҳарланиш, қонда қанд даражаси тушиб кетиши ва бош жароҳати туфайли юзага келиши мумкин.
Фарангиз АТАБАЕВА тайёрлади