Америка экинзорлари оралаб… (Саёҳатнома)

Ниҳоят, бир, бир гуруҳ ўзбек журналистлари Финикс шаҳри маркази томон йўл олдик. Кўчалар нимаси биландир ўзимизнинг маҳаллаларни ёдга солади. Ушбу туманда кўп-қаватли уйлардан кўра бир қаватдан иборат, пастқам ҳовлилар кўпроқ. Уйлар шу қадар пастки, қўл узатсангиз, бемалол томига етиши мумкин.

Фото: Р. Жабборов

Аслида Американинг ҳар бир штати бир давлат мақомига эга. Ўзбек тилидаги Америка Қўшма Штатлари атамаси илк бор тилимизда XX рнинг 30-йилларидан қўллана бошлаган, шунинг учун ҳам бугун “қўшма” ва “штат” атамалари бироз эриш туюлади. Қолаверса, “қўшма” сўзи бугунги кунда иккита мустақил предметнинг қўшилишини англатади (қўшма лойиҳа, қўшма корхона ва ҳк). Масалан бу мамлакатни турк қардошларимиз “Америка бирлашган давлатлари” деб атайди. Биз эса…

Майли, бу алоҳида мавзу. Биз Америкага саёҳатни давом эттирарканмиз,  мамлакатнинг жанубий штатларидан бири – Аризонага йўл оламиз.

                                      Феникс – кулдан яралган афсона

Америка хилма-хиллик, контраст манзаралар диёри. Бу тафовутларни мамлакатнинг ҳар бир штатида кўриш мумкин. Аризона штати ҳам иқлими, аҳолиси, турмуш тарзи, жўғрофий тузилиши, иқтисодий салоҳияти нуқтаи назаридан бош ҳудудлардан фарқланади. АҚШнинг 48-штати. Бугуниг кунда штат аҳолиси 6,7 миллион кишидан ортиқ. Кишини афсоонавий манзараси билан лол қолдирадиган Катта Каньон ҳам штатнинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Штат ҳудудининг катта қисми плато, тоғлар ва саҳролардан иборат.

Аризона номининг этимологияси ҳақида аниқ тўхтам йўқ. Баъзиларнинг фикрича,  бу сўз қадимги ацтеклар тилида «туғилаётган олтин» маъносини билдирса, бошқалар  пима қабиласи тилида «кичкина ирмоқ» деган маънони англатишини баён қилишади. Ҳатто штат номи испан тилидаги “Арида зона” (қуруқ ер)дан олинган  дегувчилар ҳам бор.

Чиндан ҳам Аризонада испан тили иккинчи тил саналади. Финикс аэропортининг ичидаёқ инглиз ва испан тилида янграётган эълонлардан буни дарров сезиш мумкин. Чунки, Аризона ҳудуди 1863 йилга қадар Мексикага тобе бўлган. Штат аҳолисининг 30 фоизга яқинини испан тилда гаплашувчи халқллар ташкил қилади.

Ниҳоят, бир, бир гуруҳ ўзбек журналистлари замонавий микроавтобусда штат пойтахти Финикс шаҳри маркази томон йўл олдик. Бир томонда  Финикс АҚШдаги энг йирик шаҳарлардан бири. Бу ерда атрофдаги шаҳарчалар билан қўшиб ҳисоблаганда 5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаи.

Айрим маълумотларга кўра, шаҳар номи юнон афсоналаридаги Феникс  (Қақнус) қўши номидан олинган. Афоналарга кўра, Қақнусм ўз ўлими яқинлашганини сезгач, ўзини ўзи ёқб юбораркан. Кейн унинг кулидан янги қақнус учиб чиқар экан.  Чиндан ҳам Финикс шаҳри бир пайтлар гуллаб яшнаган Хохокам цивилизацияси маркази бўлган. Кейинчалик вайрон қилинган эски цивилизация ўрнида янги испан маданяти қарор топган. Финикс ҳа Қақнус қуши сингари қайтадан дунёга келган.

Ташқарида Солт водийси қўйнидаги улкан шаҳар манзаралари кўзга ташланади. Олисларда эса Саннислоуп тоғи тизмалрида ястаниб ётибди. Биз борган пайтимиз Фениксдаги йилнинг энг иссиқ пайтларига тўғри келган эди. Машинанинг муздеккина салонида шаҳар манзараларини кузатиб бориш қанчалик мароқли бўлса, бундай жазирамада кундуз куни пиёда юриш шунчалик машаққатли.

Шу сабабли ҳамроҳларимиз билан кечки пайт шаҳҳар айланмоқчи бўлгандик. Бироқ, кечқурунлари ҳам  шаҳардаги дим ҳаводан одамнинг нафаси қайтади. Шунинг учунми, кўчаларда пиёдаларни деярли учратмайсиз. Дезерт-вью тумани ҳудудида жойлашган меҳмохонадан маҳаллалар оралаб анчагина яёв юриб қўйдик.

Кўчалар нимаси биландир ўзимизнинг маҳаллаларни ёдга солади. Ушбу туманда кўп-қаватли уйлардан кўра бир қаватдан иборат, пастқам ҳовлилар кўпроқ. Уйлар шу қадар пастки, қўл узатсангиз, бемалол томига етиши мумкин. Чамаси бу уйларнинг ички қисми чуқурроқ бўлса керак. Ҳамроҳларимиздан бири айтиб қолди:  ер бағирлаб қурилган иморатлар қишда иссиқ, ёзда  салқин бўларкан.

Фото: Интернет

Финикснинг яна бир асосий хусусияти – ҳар қадамда учрайдиган катта кичик кактуслар ва баланд пальмалардир. Шаҳарнинг тропик иқлимда  жойлашгани ҳам ана шундай ўсимлик ва дарахтларнинг ўсиши учун қулайлик туғдиради.

Албатта бегона шаҳар, бунинг устига ўз уйингдан 12 минг чақирим йироқда кўчада бемалол сайр қилиш ғалати бўларкан. Аммо, тун ярмига қараб бораётган бўлса-да, кўчада машиналар қатнови тўхтамайди. Фақат ҳамон пиёдалар кўринмайди холос. Бутун бошли шаҳар худди бинолару машиналардан иборатдек гўё.

Қадрдон пахтазорлар…

Аризонани Ўзбекистон билан боғлаб турадиган яна бир жиҳати бор – пахта! Чиндан ҳам Феникс шаҳридан чиқиб, штанинг жануьий минтақалари томон кириб борганингиз сари кўзингиз таниш манзара – кенг пахта далаларига тушади. Сафаримиздан мақсад Америка қишлоқ хўжалиги билан таниишиш  бўлгани учун ҳам ишни биринчи бўлиб, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан бошладик.

Эрталаб йўлга тушдик. Олифта кийинган “Форд” микроавтобуси ҳайдовчиси 287-шоссе бўйлаб, машинани соатига 70 миль тезликда елдириб бормоқда. Режага кўра, пахтачилик билан шуғулланадиган фермер хўжалиги фаолияти билан танишишимиз керак.

Маълумки, XVII асрдан XX аср ўрталарига қадар,  пахтачилик Америка иқтисодиётининг асосий тармоғи ҳисобланган. Мамлакатнинг жанубий штатларида миллионлаб гектар майдонларда пахта етиштирилган. Бугунги кунда пахта майдонлари сезиларли даражада қисқарган бўлса-да, лекин кўпгина ҳудудлар, хусусан Аризонада пахта далаларига тез-тез кўзингиз тушади.

Штат марказидан тахминан 80 чақирим масфадаги Пинел тумани (The Pinal county) ҳудудида бизни “Keywood form” фермер хўжалиг раҳбари Нэнси Кейвуд хоним  кутиб олди. Ўзининг айтишича аёл 65 ёшга кирган бўлса-да, унинг тетик ҳаракатлари, ажинсиз юзлари, тик қоматига қараб, бунга ишонгингиз келмайди.

Фото: Р. Жабборов

Каса Гранде шаҳри яқинидаги ушбу ферма Ненси хонимнинг бобосидан мерос қолган. Жаноб Кейвуд ўтган асрнинг 30-йилларида  ушбу фермага асос солган. Дастлаб фермада юзлаб ёлланма ишчилар меҳнат қилган. Ненси хоним ҳам эсини шу далада таниган. Калифорния университетини битириб, шу ерда қишлоқ хўжалиги бўйича талабаларга дарс берган.

Ненси хонимнинг ака-укаси йўқ. Синглиси шаҳарда туради. Шу боис, отасининг фермаси эгасиз қолишини истамади. Пенсияга чиққач, фермага қайтиб, отасининг ишини давом этирмоқда. Айтганча, Ненснинг отаси ҳалиям ҳаёт, 89 ёшда бўлса ҳам дала ишларига аралашиб тураркан.

Биз борган пайтда  Ненси хонимнинг ғўзалари эндигина кўсак боғлаган, ҳар туп ғўзадаги ғуж-ғуж кўсаклар ҳосилнинг юқори бўлишидан дарак бериб турарди. Фермер аёл 250 акр (тахминан 100 гектар) ернинг асосий қисмига пахта экар, ҳосилни маҳаллий биржалар орқали савдога чиқараркан. Эътиборлиси, унинг ишига ҳеч ким четдан аралашмайди. Мажбурий экин ёки мажбурий нарх-наво деган тушунчалар унинг етти ухлаб тушига ҳам кирмагани аниқ. Пахта йиғим-терими мавсуми бошланиши билан унинг даласига бир гуруҳ “ҳашарчилар”ни юборишмайди. Иш Ненси хонимнинг ўзидан ва оила аъзолари ва икки нафар хизматчисидан ортмайди. Бугунги кунга келиб, Американинг барча штатлари қатори бу ерда ҳам қўл меҳнатидан деярли фойдаланилмайди.

Нэнси хоним барча америкалик фермерлар сингари ўзи етиштирган ҳосилни махсус биржалар орқали ўзи сотади. Ҳеч ким туман ёки штат идорасидан тури унга нима етиштириш ва ҳосилни кимга қанчадан сотиш ҳақида кўрсатма бермайди.

Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. Ненси хоним учун энг катта муаммо – сув. Америкада сувнинг ҳар томчиси ҳисобда. Фермерлар сув учун давлатга катта миқдорда пул тўлашади. Бу йил олдингиларидан иссиқ келди. Аризонада эса, сув анча тақчил.

Чигитни қадашдан то ғўзапояни йиғиштиришга бўлган агротехник тадбирлар техникада бажарилди. Дарвоқе, америкалик фермерлар  чигит ва  ғўзапояга биздагидай пахта ёғи ёки ёқилғи манбаи сифатида эмас, шунчаки табиий ўғит сифатида қарашаркан, Чигит ҳам, ғўзапоя ҳам ерга ишлов бериш асносида тупроққа аралаштирилиб юборади.

Ненси хоним махсус “Кейс” тракторида биз билан дала айланди. Далалар бир-бирга ўхшайди. Атрофга кўз ташлаб, Америкада эканимизга ҳам ишонгимиз келмайди. Худди қайсидир вилоятнинг экин майдонларида юргандекмиз. Ўша пахтазор, ўша уватлар, ўша ариқлар…

Ненси Кейвуд оиласи билан ўз  фермаси  ҳудудида яшайди. Одмигина ҳовлиси бор. Бобосининг даврида  қолган эски техникаларни ҳам эсдалик учун асраб қўйган. Унинг фермасига аграр соҳага қизиқадиган туристлар, университет талабалари, олим ва мутахассислар тез-тез келиб туради. Хоним эса, ўзининг ҳаёти, меҳнат тарзи, ферма тарихи, ўз қизиқишлари  ҳақида эринмай гапириб беришади. Ерининг бир қисмида беда етиштираркан. Беданинг ер учун фойдали хусусиятлари олис Америкада ҳам маълум экани бизни ҳайратга солди. Ҳар қалай бизнинг ота-боболаримиз азалдан ернинг қувватини ошириш учун беда экишни тавсия этишади. Қолаверса, бедадан йилдан бир неча бор ҳосил олиш мумкин.

Ненси хоним ҳам бу сирдан яхши хабардор шекилли, шабадада денгиз тўлқинларидек тебраниб турган мовий бедазорлари ҳақида завқ билан гапиради.

                                               Келажакнинг экинзорлари

Америка чиндан ҳам қудратли ўлка. Бу  ерда нафақат АҚШ балки жаҳон иқтисодиёти, сиёсати, дунё халқларининг келажагига дахлдор янгиликлар юз беради, изланишлар, кашфиётлар олиб борилади. Айни пайтда бутун Ер юзида экин майдонларнинг қисқариб, аҳолининг тобора кўпайиб бориши озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган  эҳтиёжининг ошишига олиб келмоқда.

Фото: Интернет

Шу мақсадда бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида аэропоника усулида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришга катта эътибор қаратиляпти. Бунда кўчатлар  иссиқхоналарда,  тик устунлардаги бир неча қават қилиб ишланган махсус тирқишларга экилади. Кўчатлар ривожланиши учун зарур муҳит яратилади, керакли озуқа моддалари етказиб берилади. Шу тахлит, агар оддий экин майдонида бир гектар ердан олиниши мумкин бўлган ҳосилни бир неча квадрат метрлик иссиқхонадан ҳам олиш мумкин.

Аризона штатининг Феникс шаҳридаги True Garden аэропонка ферасига олиб боришди. Феникс шаҳрининг чеккароқ қисмида жойлашган ушбу марказ раҳбари Николь  Перкинс билан самимий кутиб олди. Аввал аэропоника усулининг муҳим жиҳатларини тушунтириб берди. Кейин ҳар биримизни махсус шиппаклар билан аэропоника ҳудудига олиб кирди. Ҳамма ёқ саранжом саришта. Бир қараганда, ойнавонд сарой ичида худди юзлаб баланд дарахтлар саф тортгандек. Маълум бўлишича, ҳар бири устундаги “уячаларга”  райҳон, занжабил, исмалоқ, розмарин, ялпиз сингари ошкўклар ва доривор кўкатлар экиб чиқилган экан. Бир неча сотих чиқадиган бу иссиқхонадан 20 гектар экин майдонининг ҳосилини олиш мумкин.

Фото: Р.Жабборов

–Бугунги кунда Америкада имкон қадар инсон саломатлиги усчун фойдали маҳсулотларни кўпроқ етиштиришга эътибор қаратиляпти, — дейди Николь Перкинс. – Айниқса, бугун сабзавотлар ва кўкатларга эҳтиёж катта. Бизнинг фермада етишитирилаётган кўкатларнинг саломатлик учун зарари йўқ, аксинча жуда фойдали. Улар табиийликка яқин муҳитда, органик озуқалар ёрдамда етиштирилади. Кимёвий ўғитлардан деярли фойдаланмаймиз. Бу кўкатлардан ўзим ҳам оилам билан тановул қиламан. – Николь шундай деб битта “уяча”дан қандайдир ўсимлик шохчасини юлиб олиб чайнашга тушди. Кейин ҳар биримизга манзират қилди.

Николнинг айтишича, аэропониканинг келажаги порлоқ. Келгусида бошқа экинларни ҳам шу усулда етиштириш зарурати ва имконятлари кенгайиб бораверади. Унинг иссиқхонасида етиштириладиган кўкатлар Фениксдаги супермаркетлар, бозорлар, ресторанлар ва аҳоли ҳонадонларига буртма асосида етказиб берилади.

Рустам ЖАББОРОВ

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: