БУЛИМИЯ КАСАЛЛИКМИ?

Қисқа вақт ичида жуда кўп овқат ейиш ва бунда ўзини назорат қила олмаслик ҳолатини «булимия» деб атаймиз. Булимия – доимий овқат ейиш истаги билан юриш. Ҳеч бир ҳаракат ва вазият бу истакни сўндира олмаслиги булимиянинг асосий кўрсаткичидир.

Худди алкоголизм касаллигида ароқни ҳуружли ичишга иштиёқ бўлганидек, булимияда овқатни хуружли ейиш ҳолати пайдо бўлади. Ҳуружли ва ҳужумли овқат ейиш пайтида булимияга учраган инсон бироз таскин топиб, лаззатланади.

Булимия касаллигида одам кўп овқат егандан кейин ошқозонни тозалаш ва ичаклардан бу овқатларни сунъий йўл билан ҳайдаш истаги пайдо бўлади. Улар сунъий йўл билан қўлини оғзига тиқиб қусишлари, ични ювадиган, ични сурадиган дорилар ичишлари, сийдик ҳайдовчи дорилар билан гўёки семиришдан қутулиш учун вазн тўплашнинг олдини олиш чораларини қўллашлари мумкин. Баъзан эса жуда кўп овқат еганларидан кейин ўзини қийноқларга солиш даражасида кўп ҳаракат қилиб еган овқатини организмдан чиқаришга ҳаракат қилишади.
“Овқатдан бўкиш” ҳафтасига бир-икки марта рўй беради. Ошқозонни тозалаш истаги семириб кетишдан қўрқиш ва ҳавотирланиш фикрларини камайтириш учун ўйлаб топилган сунъий “шифо”дир.
Психологик нуқтаи назардан қараганда булимия алкоголизм, норкомания, тамакига қарам бўлиш каби қарамликларнинг бир туридир. Бундай инсонларнинг ўзини идора қилиш қобилияти камлиги, иродасининг сустлиги ва бу ҳолатларнинг асоси ўзига ишончнинг йўқлигидан ўз фикрларига ўзи қарам бўлиб яшайди. Булимияга учраган инсонлар кўп овқат еб қўйганидан кейин ўзини ёмон кўриши билан бирга ўзини айблайди, қоралайди, ич-ичидан ўзини калтаклайди гўё.

Негатив фикрларнинг қурбони бўлган бу инсонлар овқатга бўкиш содир бўлгандан кейин бир неча кун кайфиятсиз бўлиб юришади. Ўзидан ўзи уялади, ўзини узоқ вақт давомида “тарбиялашга» ҳаракат қилишади. Кўпинча «бошқа бундай бўкиб овқат емайман” дейишади ва кайфиятсизлик, тушкунлик қурбони бўлиб яна бўкиб оқат еб қўяверишади.

Аёлларда кўп учрайдими?
Булимия аёлларда эркакларга қараганда бир неча марта кўп учрайди. Бу касаллик кўпинча ўсмирликда учрайди ва 20-25 ёшларда авж олади.
Булимияга учраган одамларнинг характерида перфекционизм яъни ҳамма нарсанинг жудаям яхши бўлишига интилиш каби сифатлар бўлади. Бундай одамлар тартибни яхши кўрадиган, аниқликни талаб қиладиган, инпульсив қарорлар чиқаришга мойил одамлар бўлишади. Булимия мақтовни истайдиган, худбин, ўзининг имиджига кўп эътибор қилишларини истаган, асоссиз ўзини севган одамларнинг касаллигидир.
Булимияга учраганларда қуйидаги руҳий оғишишлар бўлади:
1. Булимияга учраган одамларнинг аксари қисмида депрессия касаллиги бўлиши кузатилган.
2. Фобия, ҳавотир, обцессивно-компульсив бузилиш.
3. Руҳий зўриқишдан кейинги стресс ва унинг оқибати.
4. Диққат, хотиранинг бузилиши ва гиперактивликнинг пайдо бўлиши.
5. Дорисиз ухлай олмаслик, кўп дори истеъмол қилиш.

Касалликка руҳий жароҳат сабабми?

Булимия пайдо бўлишига болаликдаги руҳий жароҳатланиш ва оғир тарбия ҳам ҳисса қўшади. Айниқса, сексуал зўровонлик миянинг бир қисмига ўрнашиб қолади ва бу ҳавотир, қўрқинч кейинги ҳаётида ўз аксини топади.
Булимияга учраган ўсмирларнинг оиласидаги муҳит ўрганилганда аёвсиз тарбия, қаттиққўллик, бераҳмлик каби муносабатлар борлиги ҳам аниқланган.

Қандай омиллар таъсир кўрсатади?

Булимия руҳий зўриқишнинг бир кўриниши бўлиб қуйидаги вазиятларни келтириб чиқаради:

— оилада, ишхонада, ўзаро муносабатлардаги келиша олмаслик;
— назорат қилиб бўлмайдиган ва ирода қилишнинг иложи йўқ бўлган ғазабнинг қуйилиб келиши;
— ўзини ёлғиз сезиш ва ташландиқ одамга ўхшатиш;
— дунёни оқ-қора рангда кўриш, яхшиликларни сезмаслик;
— ҳис-туйғуларини идора қила олмаслик;
— ўзини паст баҳолаш;
— миядаги ёмон фикрлардан қутула олмаслик;
— егуликни сумкасига солиб олиб юриш;
-бегона жойлардаги дастурхондан егуликни ўзи билан олиб кетиш;
-овқат еганда кўп кулиш;
-овқат ейиш ҳақида кўп гапириш;
-қишга егулик ғамлашга кўп урғу бериш;
-дастурхоннинг кўп вақт очиқ туриши ва йиғилмаслиги;
-иш қилганида овқатланиб иш қилиш;
-ёпишиб турадиган ва қора кийим кийиш (гўёки бу озғин кўрсатади деб ўйлаш);

БУЛИМИЯНИНГ ТАНАДАГИ АСОРАТЛАРИ

Булимияга учраган одамларнинг аксарияти семиз ёки семизликга мойил ортиқча вазни бор инсонлардир. Ўзини идора қилиш учун кун бўйи овқат емасдан ўзини қийнаши ва кечки пайт кўп овқат ейиши оқибатида ошқозон бузилишларига учраши мумкин.

БУЛИМИЯНИ ДАВОЛАШ

Булимия психосоматик касалликлар турига киради ва онг остидаги низоларни таҳлил қилиш билан унинг илдизини даволаш мумкин. Когнитив-харакат терапияси, гипнотерапия, нейролингвистик дастур ўрнатиш ҳам булимияни енгишга ёрдам беради.

Булимияга учраган инсонларга ҳиссиётларни бошқаришни ҳам ўргатиш лозим. Касалликнинг оғир кўринишларида ҳафтасига уч-тўрт марта бўкиб овқат ейиш кузатилганида антидепрессантлар бериш тавсия қилинади.

Булимия инсон иродали бўлиши учун, ўзини яхши кўриб, ўзига ишонч туйғусини тўғри шакллантириши учун бир имкониятдир.
Сизда ва яқинларингизда булимия касаллиги бўлса, психотерапевт билан ишлаш маъқул йўлдир. Чунки булимия ортиқча вазндан семизликка, сўнгра қанд касаллиги, ошқозон ости бези касалликларига олиб келиши ва психосоматика соматик ўзгаришларга ўтиши мумкин.
Булимиядан қутулиш албатта сизни кучли қилади.

Зебунисо Аҳмедова, психолог

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enterтугмасини босинг.

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: