Банкда менинг маошим Дубай ўлчамида ҳисоблаганда унча катта эмас — 3000 доллар. Банкда ишлаб топиладиган пулнинг асосий қисми — фоизлар, ойлик бонус. 2018 йили бонусларим салмоқли бўлгани учун йилнинг энг яхши ходими унвонини беришди. Яқинда жуда яхши бонуслар олдим ва спорт машинаси сотиб олишга қарор қилдим.

Маошимнинг бир қисмини инвестицияга, бизнесга ажратаман, яна бир қисмига ўзим учун қимматли буюмлар сотиб оламан. Ахир ёшлик қисқа, агар бутун умр тежаб-тергайверсанг, кексаликда эслайдиган ҳеч бир хотиранг бўлмайди. Шунинг учун Дубайда мен фаол турмуш тарзининг барча томонларини, жумладан, янгиликларни синаб кўраман: яъни парашютдан сакраш, сноубординг, қувурда учиш, тунда краб овлаш ва ҳоказо. Ҳаётим ёрқин бўлиши учун нима лозим бўлса қиламан.

Албатта, бу ерда ҳамма нарса қиммат. Икки хонали уй учун йилига 20 минг доллар тўлайман. Бироқ бу ерда барча турар жой биноларида ўз ер ости паркинглари, бассейни, тренажёр зал, сауна, секюрити бор, подьезд ҳар куни тозаланади.

Интернетга ойига 150 доллар тўлайман, мобил алоқа ойига 100 долларга тушади.

Яхши ресторандаги ўртамиёна стейк 50 доллар туради. Такси камида 3 доллар.

Ўтган ой 5000 доллар сарфладим. 300 долларга ҳам яшаш мумкин, бироқ ўзингни камситилгандек ҳис қиласан. «Алгоритм»дан чиққан, жинсини Ипподром бозоридан сотиб олиб юрган оддий йигитман, ҳеч қачон олифта бўлмаганман, аммо яхши нарсаларни яхши кўраман. Дубайга энди келган пайтларимда, ҳатто Louis Vuitton ёки Gucci савдо дўконларига киришга ҳам тортинардим.

Иқтисод қилиш эмас, балки кўпроқ пул топиш лозим, деб ҳисоблайман. Жонимни бериб ишлайман ва шунга яраша дам ҳам оламан. Табиий, бошида жуда қийналдим, таъбир жоиз бўлса, «қум еб, денгиз сувини ичишга» тўғри келди. «Instagram»даги ҳар бир сурат ортида оғир меҳнат соатлари бор».